Янгиланди, видео, Ўзбекистон: Тошкент фожеасига Япониядан Мирзиёев эътибор қаратди

Сурат манбаси, BBCuzbek.com
Ўзбекистон, Тошкент: Туннел фожеасини ҳукумат комиссияси ўрганади - тупроқ ва темир-бетон конструкцияси кўчиши натижасида қурбон бўлганлар сони олти кишига чиққан.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига мувофиқ, ҳодисани ўрганиш ва оқибатларини бартараф қилиш учун ҳукумат комиссияси ташкил этилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берган.
Аммо комиссия таркибига айнан кимлар кириши ва иш бошлагани-йўқлиги борасида ҳозирча маълумот бермаган.
Ўзбекистондаги етакчи интернет нашри кун.уз нинг ёзишича, фожеага ҳозир Японияда бўлган Президент Шавкат Мирзиёев шахсан эътибор қаратган.
Лекин шу соатлар президент расмий веб саҳифасида бу ҳақдаги бирор бир хабар кўзга ташланмайди.
Фожеа кеча, 18 декарь куни Тошкент вақти билан эрталабки 10:00 ларда юз берган.
Пойтахт метросининг қурилиши якунланмаган Юнусобод йўлида тупроқ кўчкан.
Хабарларга кўра, камида 6 киши қурбон бўлган.
Бедарак кетганлар борлигига оид хабарлар ҳам келмоқда.
Сатҳда қидирув-қутқарув ишлари давом этаркан, талофатлар сони яна ортиши мумкин.
Кун.уз нинг ҳодиса шоҳидларига таяниб ёзишича, тупроқ кўчган пайтда кучли портлаш каби гумбурлаган садо эшитилган.
Ўша пайтда сатҳда қанча одам ва кимлар бўлгани маълум эмас.
Жароҳатланганларга оид хабарлар ҳам ҳозирча бўй кўрсатмаган.
Агар, мазкур интернет нашри хабарига таянилса, 250 метр куб тупроқ ўпирилиб тушган.
Тупроқ қанчалик катта сатҳни ва неча метр қалинликда босиб қолгани номаълум.
Сабаб ва оқибатлар

Сурат манбаси, kun.uz
Хабарларга кўра, бунга ёғингарчилик кучайиши натижасида туннел қазилаётган жойда тўпланиб қолган сув сабаб бўлган. Ер бўшаб қолган.
Туннелни қазиш жараёнида табиий офатлар эҳтимолини назарда тутиб, меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қанчалик амал қилингани ёки йўқлиги борасида масъуллар ҳозирча жим.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса сабабларини ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш устида иш олиб бораётганини билдирган.
Бироз аввал олинган хабарларга кўра, юз берган фожеа юзасидан расман жиноят иши очилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов Telegram даги каналида хабар берган.
"Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг янги қурилаётган қисмида юз берган ҳодиса юзасидан ЖКнинг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258 (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади мазкур хабарда.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирча қурбонларнинг фақат исм-шарифи ва туғилган йилларини эълон қилган.
Аммо қолган ҳеч бир тафсилотларга тўхталмаган.
Жасадларнинг ҳозир қаерда эканига оид маълумотлар ҳам шу соатларда имконли эмас.
Уларнинг қачон ва қаерда дафн этилиши борасида масъуллар ҳалича бир сўз айтишмаган.
Кун.уз нинг ёзишича, ҳукумат комиссияси зиммасига жабрланганлар ва улар оила аъзолари ёрдам кўрсатиш вазифаси ҳам юкланган.
"Ўзбекистон темир йўллари" компанияси матбуот хизматининг бироз аввал маълум қилишича, ушбу иш юзасидан тузилган ҳукумат комиссияси топшириғига мувофиқ, Юнусободдаги метро қурилиши вақтида ҳалок бўлган ишчиларнинг ҳар бири учун уларнинг оила аъзоларига 100 миллион сўмдан компенсация пули ажратилган ва берилган.
Шунингдек, марҳумларнинг дафн маросимларини ташкиллаштиришга ҳар томонлама кўмак бериш топширилган.
Хабарларга кўра, юзага келган ҳолатни бартараф этиш учун барча куч ва воситалар сафарбар этилган.
Маълум бўлишича, вазиятга Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ташқари, яна Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа махсус хизматлар эътибор қаратишган.
Фоежа юз берган пайтда сатҳга ўз вакилларини жўнатишган.
Тошкент метроси

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистон ҳали собиқ Шўролар Иттифоқи даврида ўзининг метро тизимини барпо этган.
Бу каби ерости нақлиёт йўлига эга биринчи Марказий Осиё давлатига айланган.
Расмий Тошкент мустақиллик йилларида мавжуд метро тармоғини кенгайтиришга киришган.
Аммо бу борада олиб борилаётган ишларнинг сифати мутахассислар қолиб, оддий пойтахтликларнинг ҳам хавотир ва шикоятларига сабаб бўлиб келаётгани бор гап.
Маълум бўлишича, президент Мирзиёев топшириғи билан ташкил этилган ҳукумат комиссияси келгyсида шу каби ҳолатлар рўй беришининг олдини олиш бўйича ҳам иш олиб боради.
Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан, 2016 йил сентябрида Юнусобод метросининг битмаган бекатларидан иккитасини қуриб тугатиш ҳақида топшириқ берган.
Ўшанда икки янги метро бекатини фойдаланишга топшириш учун икки йил муҳлат берилгани ҳақида ёзилган.
Тасдиқланмаган маълумотларда янги метролар бошқаруви "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатига топширилгани айтилганди.
Чоршанба кунги ҳодиса ўтган бир кеча-кундузда ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган хабарга айланган.
Ўзбекистонликлар қурбонлар яқинлари ва Ўзбекистонга ўз таъзияларини изҳор этишган.
Мамлакатда миллий мотам куни эълон қилиш кераклиги ҳақидаги фикрлар ҳам кўзга чалинган.
Худди шу ҳодиса манзарасида Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорликдаги АЭС - атом электр станциясини қуриш ҳаракатларини савол остига олганлар ҳам кўрилган.
Фожеа Ўзбекистонда 22 декабрь кунига режаланган ва тарихийси бўлиши кутилаётган парламент сайловига саноқли кунлар қолган бир пайтда юз берган.
Хабар тафсилотларини биз билан бирга кузатиб боринг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












