Ўзбекистон ва Россия матбуоти: Mигрантлар Москвани клоп - канага тўлдираяпти
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сўнгги ҳафта мобайнида Россия матбуоти ўзбекистонликларга алоқадор қандай мавзуларни ёритди?
Қисқа тафсилотлар Би-би-си ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаёт шарҳида.
- Муҳожирлар ўзлари билан Россияга клопа олиб келишаяптими?
- Ўзбекистон фуқароси Россияда қолиш учун юриб кетаётган поезддан сакради
- ЙТҲ, заҳарланиш, ёнғинлар ва яна қурбон муҳожирлар…
- Россияликлар ўзбекистонлик боксчига Россия фуқаролигини беришни сўрашмоқда
Мигрантлар кана ташияпти!
Клоп - бу кана. «Мир» телеканалидаги бу видеолавҳадан сўнг газетаю интернет-нашрларда бу каби мақолалар «болалаб» кетди.
Россиялик дезинфекторларнинг айтишича, кейинги пайтларда тўшак каналаридан шикоятлар ортган.
- Бу каналар авваллари Москвада учрамаган, уни Осиё мамлакатларидан келаётган туристлар ва мигрантлар ўзлари билан олиб келишаяпти , - фикр билдирган Россия Дезинфектиология илмий-тадқиқот институти олимлари.
Энтомологларга кўра, тропик кана деб номланаётган бу қон сўрувчи ҳашорот инсон ҳаёти учун хавфли.
Унинг чақиши аллергия, тошмалар ёки юқумли касалликларни юзага келтириши мумкин.
Ўзбекистон фуқароси Россияда қолиш учун поезддан сакради
Прокуратура тасдиқлаган хабарга кўра, 31 ёшли ўзбекистонликка бундан 2 йил олдин Россияда миграция қонунларини бузганлиги учун 5 йилга бу мамлакатга киришига тақиқ қўйилган. У Россияга киришнинг бошқа йўлини топган.
Собиқ мигрант Қозоғистонга Россия орқали борадиган поездга билет сотиб олиб йўлга чиққан.
Поезд Россия чегарасидан ўтиб, Оренбургга етганида, ўзбекистонлик юриб кетаётган поезддан сакраган.
Уни Чашкан посёлкаси йўлида чегарачилар қўлга олди ва эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Оренбург вилояти прокуратураси мазкур ишни судга оширганлигини маълум қилган.
Яна ЙТҲ, яна заҳарланиш, ёнғинлар ва яна қурбонлар…

Сурат манбаси, BBCuzbek
Новосибирскдаги йўл-транспорт ҳодисасида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланди. Бир киши ҳаётдан кўз юмди. Микроавтобусдаги жароҳатланганлар Карасук туман шифохонасига олиб борилган.
Рязандаги «Химволокно» заводи ҳудудида эса 4 нафар Ўзбекистон фуқаролари заҳарланган. Ишчилар нефт маҳсулотлари идишларини тозалаётган бўлишганлиги хабар қилинган. 26 ёшли ўзбекистонлик йигит воқеа жойида ҳалок бўлган.
Санкт-Петербургда эса 2 нафар ўзбекистонлик ёнғин оқибатида оғир жароҳатлар олгани хабар қилинмоқда. Ундан олдин эса бу шаҳарда оммавий муштлашувда 3 нафар ўзбекистонлик травматик қуролдан отилган ўқдан жабрлангани маълум қилинган эди.
Ёнғинда куйган ва ўқдан жароҳатланган ўзбекистонликлар айни пайтда Джанелидзе номли тез ёрдам касалхонасида эканлиги билдирилган.
Барча ҳодисалар юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида юқоридаги барча вазиятларни назоратга олганлигини маълум қилган.
Ўзбекистонлик боксчига Россия фуқаролиги беринг
20 ёшли Даниил Юлдашев сўнгги хафта матбуотининг қаҳрамонига айланди. «Даниилга Россия фуқаролиги берилсин, у бунга муносиб,» деб ёзишмоқда рус нашрлари.
Ўзбекистонлик боксчи спорт натижалари учун эмас, фавқулодда вазиятда кўрсатган қаҳрамонлиги билан маҳаллий аҳолининг эътирофига сазовор бўлди.
Пермда деворга бориб урилган автобусда 32 нафар йўловчи жабрланган, 1 нафари ҳалок бўлган. Шу пайтда машғулотга кетаётган Даниил Юлдашев ЙТҲ га гувоҳ бўлган ва автобус ичидагиларни қутқаришга муваффақ бўлган.
Агар, ҳозир Россияда бўлсангиз, ўтган ҳафта рус матбуотидаги қандай чиқишлар сизнинг эътиборингизни тортди ва нима учун?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












