Ўзбекистон: Меҳнат муҳожирининг ўғли нимани орзу қилади? - ЮНИСЕФ

Беҳбуд бобоси ва бувиси билан

Сурат манбаси, UNICEF

Сурат тагсўзи, Беҳбуд бобоси ва бувиси билан

Меҳнат миграцияси давлатнинг иқтисодий ўсишига ўз ҳиссасини қўшса-да, бу жараённинг ота-оналар томонидан ташлаб кетилган болаларга таъсири тўғрисида маълумотлар жуда кам, дейилади ЮНИСЕФ Ўзбекистон томонидан тайёрланган ушбу мақолада.

Онаси Россияга жўнаб кетганида бола етти ёш эди.

Беҳбуд яшайдиган қишлоқда бу йилги баҳор серёмғир бўлди. Онаси билан бўлган суҳбатни эслаб бўш кўча бўйлаб бораркан, боланинг оёқ кийими ҳўл бўлиб кетди. "Онам тез орада келади", - деб шивирлайди у.

Беҳбуднинг қум тепаликалари билан ўралган қишлоғи Бухородан машинада бир соатча узоқликда жойлашган. Ўтган йили Беҳбуд онасини кутиб олгани аеропортга борганида бир соатлик йўл унинг ҳаётидаги энг узоқ вақтга ўхшаб туюлганди. Ҳаттоки онасини кўрмаган 11 ой вақт ҳам бунчалар узоқ эмасдек эди. Онасини кутар экан, бу сафар у соат ҳам, кун ҳам санамай қўйди. "Кун санасам вақт жуда секин ўтади", - дейди бола.

Беҳбуднинг онаси Феруза беш йилдан бери Россияда ишлайди ва йилда бир маротаба таътилга уйга келади. У ўғлининг кундалигини текширади, камдан-кам олган ёмон баҳолари учун дакки беради. Лекин онасини интиқиб кутган Беҳбуд ундан хафа бўлмайди.

Онаси Россияга жўнаб кетганида у етти ёш эди. Беш йилдан бери у бобоси ва бувиси билан яшаб келмоқда. Онасининг ёнида йўқлигига мослашиши Беҳбуд учун қийин кечди. "Кейинчалик ўрганиб кетдим", - дейди у.

Беҳбуд жуда камгап бола, лекин унинг кўзларида чуқур маъно бор. Улардан қийналганида онасини чақирмасликка ўрганган бола ҳикоясини англаш мумкин. Баъзида у ҳеч кимга кўрсатмай ҳисларига эрк беради. "Бувим ёки бобом кўз ёшларимни кўришини истамайман", - дейди у. Албатта, онасини соғинганида у йиғлаб олади. Баъзида онаси ҳам йиғлаётганини унинг овози қалтирашидан сезади. Лекин ҳеч қачон онасига уни қанчалар кучли соғинганини айтмайди. "Онам мен учун узоқларда юрибди", - дейди у.

Бир неча бор Беҳбуд онасидан уни ўзи билан Россияга олиб кетишини илтимос қилди. "Бунинг ҳеч ҳам иложи йўқ, сен мактабга боришинг керак, - деб жавоб берди онаси. - Ундан ташқари, мен узоқдалигимда бобонг билан бувингга ғамхўрлик қилишинг керак".

Бувиси ва бобоси Беҳбудга яхши қарашади. Бувиси у ёқтирган таомларни тайёрлайди, бобоси эса уй вазифаларини бажаришда ёрдам бериб, боғдорчилик сирларини ҳам ўргатади. Дарсдан кейин улар биргаликда картошка ва бошқа экинларни суғоришади, қуёнларга озуқа беришади.

Бобоси билан бувиси онаси кетганидан бери бирор марта ҳам болага қаттиқ гапиришмади. "Қизимиз узоқдалигида Беҳбуд бизнинг кўзимизнинг нури", дейди нафақага чиққунга қадар мактабда 42 йил математикадан дарс берган бобоси. Ўқитувчи сифатида бобоси сифатли билим олишнинг муҳимлигини тушунади ва ҳар доим Беҳбуд дарсларни қандай ўзлаштираётганини текшириб туради.

У қизи хорижга ишлашга кетганини қораламайди. Беҳбуд туғилгач, Феруза ота уйига қайтиб келганди. Бола катта бўлган сари, бир хоналик ота-уйи она ва болага кичиклик қилди. "Турмуши бўлмагани ҳамда улғайиб бораётган фарзанднинг эҳтиёжлари сабаб, қизим четга иш излаб кетишга мажбур бўлди", - дейди у.

33 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон сўнгги йилларда минтақада меҳнат мигрантларини экспорт қилувчи асосий давлатдир. Ҳар йили минглаб одамлар оилалари ва болаларини ташлаб, яхшироқ даромад келтирадиган иш излаб чет элга кетмоқдалар.

Меҳнат миграцияси давлатнинг иқтисодий ўсишига ўз ҳиссасини қўшса-да, бу жараённинг ота-оналар томонидан ташлаб кетилган болаларга таъсири тўғрисида маълумотлар жуда кам.

Болаларга миграциянинг таъсирини ўрганиш мақсадида ЮНИСЕФ Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда 2018 йилнинг июл ойидан бери бир лойиҳани амалга оширмоқда.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган лойиҳа доирасида Бухоро, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида тадқиқот ўтказилиб, мигрант ота-оналар болаларининг ҳолати ўрганилади. Тадқиқот натижалари асосида, бундай болаларни яхшироқ ҳимоялаш учун тавсиялар ишлаб чиқилади.

"Болаларнинг ота-оналари бағрида ўсиши - ота-оналар ва болалар орасидаги меҳр-муносабатларининг ривожланишида асосий омил ҳисобланади, - дейди ЮНИCEФнинг болалар ҳимояси бўйича эксперти Мазияр Талеши. - Ота-оналарнинг узоқ вақт давомида болаларидан узоқда бўлиши уйда қолган болаларга ҳиссий зарар этказиб, уларнинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкин."

Ферузанинг беш йил давомида жўнатган маблағига отаси унинг орзусидаги уйни қурди. Яқиндагина қуриб битказилган икки хонали уйда бўёқ ҳиди ҳалиям сезилади. Гаражда эса янги автомобил эгасини кутиб турибди. "Бу онамнинг машинаси", - деб тушунтиради Беҳбуд. Кейин у ўзининг хонасига бошлайди. Кўк парда тутилган деразадан ўтган қуёш нурида хонанинг оқ деворлари кулранг тус олган. Шкаф ва ўйинчоқлар турган жавон хонанинг бир деворини эгаллаган. Бу хонани онаси ўтган йилги таътили пайтида безатиб кетганини эслаб, бола жилмайиб қўяди.

Беҳбуд математика ва тарих фанларини қизиқиб ўрганади. Яна ҳафтада уч марта спорт тўгаракларига қатнайди. Бобоси уни кураш элементлари бўлган қадимги жанг санъати муайтайга ҳам ёздириб қўйди. Бола келажакда армияда хизмат қилишни орзу қилади.

Лекин унинг юрагида ҳеч кимга айтмай авайлаб асраган яна бир орзуси бор: "Онам қайтиб келиб, мени ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини истайман".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek