Ўзбекистон: Якшанба куни мажлис ўтказган Меҳнат вазирлиги хатосини тан олдими?

Сурат манбаси, https://t.me/mehnatvazirligi
Якшанба, дам олиш куни Наманганда йиғилиш ўтказган Ўзбекистон меҳнат вазирлиги унда иштирок этганларга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши ёки бошқа дам олиш куни берилишини маълум қилди. Вазирликнинг бундай баёнот билан чиқишига Telegram даги Davletovuz каналида чиққан хабар сабаб бўлган.
Канал ўқувчиларидан бири юборган хабарномада Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев 7 апрель, яъни якшанба куни соат 12.00 да Наманган вилоятида йиғилиш ўтказиши ёзилган.
"Ўзбекистонда ишлаб, ишламаётган меҳнат қонунчилигига озгина бўлса-да, риоя этилиши устидан назорат қилиши керак бўлган бу идора раҳбари шундай иш тутиб турса, дардингни ким айтасан? Канал ўқувчисининг айтишича, йиғилишга фақатгина вазирлик тасарруфидаги қуйи идоралар эмас, тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам чақирилган. Инсоф қилиш керак", деган Daletovuz канали.
Ушбу хабар жойланишидан кўп ўтмасдан вазирликнинг телеграмдаги канали унга жавоб берди.
"Аввало, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш масалаларига эътибор қаратгани учун @davletovuz каналига миннатдорчилик билдирамиз", деб бошланади хабар матни.

Сурат манбаси, @davletovuz
Хабарда дам олиш куни Наманганда "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилгани тасдиқланган. Аммо унда вазир Шерзод Кудбиевнинг иштирок этгани ёки этмагани борасида ҳеч нарса дейилмаган.
Вазирлик Меҳнат кодексида дам олиш кунидаги иш учун камида икки ҳисса ҳақ тўланиши ёки бошқа куни дам олиш берилишини эслатган.
"Ўтказилган йиғилиш баённомасига кўра, йиғилишда иштирок этган ташкилот ва идора раҳбарларига дам олиш кунидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш ёки бошқа дам олиш куни бериш қисми бўйича меҳнат қонунчилигига риоя қилиш тўғрисида топшириқ берилди", дейилади хабарда.
Ўзбекистон Меҳнат кодексида дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади, деб ёзилган.
Бироқ айнан шу кодексда ишлатиш тақиқланиши ёзилган модданинг давомида иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина йўл қўйилиши ёзилган.
Меҳнат кодексида ушбу алоҳида ҳоллар нималардан иборат эканлиги, вазир ёки раҳбарларнинг йиғилишлар ўтказиши бундай истисноларга кириши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Ўзбекистонда ходимларни дам олиш кунлари ишлатиш ва бунинг эвазига ортиқча ҳақ бермаслик кенг ёйилгани айтилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил баҳорида республика даражасидаги раҳбарлар учун «фавқулодда ҳолат» эълон қилиб, кучайтирилган тартибда иш олиб борилишини айтган эди.
Бироқ амалда ушбу "фавқулодда ҳолат" тартиби барча давлат хизматчилари ва аксар бюджет ишчиларига нисбатан ҳам қўлланилгани айтилади.
Бундай ишлаш тартиби қонунчиликка қанчалик мос келиши борасида расмийлар бирор изоҳ бермаган.
2018 йилнинг 27 август куни Президент ўзи жорий қилган кучайтирилган тартибни бекор қилди.
Gazeta.uz нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар беришича, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда Президент давлат органлари ходимлари якшанба кунлари оилалари билан вақт ўтказишлари кераклигини айтган.
Шавкат Мирзиёев давлат органларида мажлислар сони ва давомийлигини қисқартириш, кераксиз ҳисобот ва маълумотларни йиғишга барҳам беришни топширган. Аввалроқ бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов ҳам буйруқ берган эди.
Бироқ шунга қарамасдан якшанба дам олиш кунлари ҳукумат миқёсидаги йиғилишлар буткул тўхтамагани айтилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












