Ўзбекистон: Уйи бузилган хонанда Озода шифохонага тушди

Озода Саидзода (Нурсаидова) уйи билан боғлиқ можаро 2014 йилда ҳам бўлган эди

Сурат манбаси, instagram.com/ozodaofficial

Сурат тагсўзи, Озода Саидзода (Нурсаидова) уйи билан боғлиқ можаро 2014 йилда ҳам бўлган эди

Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан уйининг бир қисми бузилган Озода Саидзода (Нурсаидова) ҳушдан кетиб шифохонага тушди. Қаттиқ стрессга тушган қўшиқчининг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.

Sayyod.com сайти муаллифи Сардор Комиловнинг айтишича, 2014 йилда ҳам бу уйни бузишга ҳаракатлар бўлган. Бироқ бузилмай қолиб кетган.

Хонанданинг синглиси Нилуфар Нурсаидованинг Би-би-сига айтишича, 8 феврал куни тушдан кейин келган ўнлаб МИБ ходимлари бульдозер ёрдамида Озода Нурсаидовага тегишли бўлган уйнинг бир қисмини бузган.

Тушдан кейин бошланган бузиш ишлари кечки 22:30 гача давом этган.

"Бульдозер билан онамнинг ёзги маҳал чиқиб яшайдиган ёзги уйни бузиб ташлашди. МИБ ходимлари томонидан бизга бўлган қўпол муносабат ва ноқонуний ҳатти-ҳаракатлардан қаттиқ сиқилдик. МИБ ходимлари уй бизга тегишли эканлиги тўғрисида кадастр ҳужжатини инобатга олмади. Оам ҳушдан кетди. Бизларни тинчлантириб бўлган Озода опам ҳам кейин ўзини йўқотди", дейди Нилуфар Нурсаидова.

Би-би-сига маълум бўлишича, Нурсаидованинг номида бўлган уйнинг бир қисмига тадбиркор даъвогарлик қилган.

МИБ ходимлари уйни бузиш учун прокуратура буйруғини асос сифатида кўрсатишган. Прокуратура уй Озода Нурсаидовага қарашли эканлиги тўғрисидаги Яккасарой туман ҳокимининг қарорини бекор қилган.

Нурсаидованинг оиласи ҳовлининг бир бўлагини беришдан бўйин товламаган. Фақат бунинг ҳаммаси қонуний бўлиши кераклигини ва ҳужжат қилинганидан сўнг, ўзлари уйни бузиб беришларини билдирган.

Улар уйнинг бузилмаслига уй расман Озода Нурсаидовага тегишли эканлиги тўғрисида кадастр ҳужжати борлигини сабаб қилишган.

Би-би-сида 790 m² жой Озода Саидзода (Нурсаидова)га тегишли эканлиги тўғрисида 2018 йил ноябр ойида расмийлаштирилган кадастр паспорти нусхаси бор.

Тадбиркор шу ернинг 178 m² га даъвогар бўлмоқда.

Аслида Озода Нурсаидовага тегишли уйнинг бир қисмига оид можаро 2014 йили бошланган.

Ўша йили бу ерга давлат корхонаси бўлмиш кино фонди даъвогарлик қилган. 2014 йили суд ерни Кино жамғармасига ўтказиш ҳақида ажрим ҳам чиқарган.

"Қарорнинг бажариш муддати уч йилгача деб кўрсатилган. Бироқ ер Озода Нурсаидовага тегишли эканлиги тўғрисида кадастр ҳужжатини кўрсатганимиз сабаб суд ижрочилари бу ерни олишолмаган. Уч марта келиб қайтиб кетган", дейди қўшиқчининг синглиси.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek