Озода Нурсаидова ўзбек ҳукумати аъзоларини экстремистик фаолиятда айблади

Озода Нурсаидова давлат расмийларини аксил-Каримов фаолиятда айбламоқда

Сурат манбаси, ozoda.net

Сурат тагсўзи, Озода Нурсаидова давлат расмийларини аксил-Каримов фаолиятда айбламоқда

Ўзбекистонда фаолият юритиши норасман ман қилинган таниқли қўшиқчи Озода Нурсаидова ўз интернет саҳифасида ўзининг Ўзбекистон ҳукуматидаги аксил-Каримов мулозимлар томонидан босим остига олинаётгани, ҳамда наркобизнес ва диний экстремистик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга мажбурланаётганини даъво қилган видеофильмини чоп қилди.

"Озода нихоят дахшатли, дунёни шокка туширувчи сирларни очди" дея номланган рус тилидаги видеолавҳада қўшиқчи "ўзбек шоу бизнеси, деярли бутун мафкурамиз наркомафия ва катта жиноятчи гуруҳ босими остида қолмоқда, бу гуруҳ бутун МДҲ, ва ҳатто Овроосиё миқёсида одам савдоси билан шуғулланмоқда", дейди.

Озода Нурсаидова Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва ҳориждаги қатор мухолифатчилар, хусусан, Эрк партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ суратлари намойиш қилинган видеосида Ўзбекистонда маълум нуфузга етган қўшиқчилар яширин Исломий ҳаракатга маблағ етказиб беришга "расмийлар томонидан" мажбурланишини даъво қилади.

"Масалан, Афғонистондаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери билан учрашиш, унга ўз хўжайинининг кўрсатмаларини етказиш керак бўлса, артислар ишга солинади. Масалан, бу қўшиқчи Туркманистонда концерт беради, Туркманистон эса Афғонистонга яқин. Музокаралар шундай ўтади. Қофқоз, Туркияда ҳам" дейди у.

Озода Нурсаидова Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг баъзи ходимларини ҳам бу ҳаракатларга алоқадорликда айблайди.

"Ўзбек давлат телевидениесида кўпдан бери яширин экстремистик ташкилот фаолият юритаяпти. Ўтган йили у ерда кимларнидир "Нур" ташкилотига алоқадорликда айблаб, ҳибсга олишди. Лекин қандайдир мулозим бу ишни ёптирди" дейди қўшиқчи.

Озода Нурсаидовага кўра, телевидениедаги баъзи мулозимлар қўшиқчилар олдига тўсиқлар қўйиш билан халқни инқилобга тайёрлашмоқда.

"Улар ҳудди Эрондагидек. Мунтазам равишда замонавий мусиқани, клип ва кўрсатувларни сиқувга олиш билан улар одамларни ахлоқан Исломий инқилобга тайёрлашмоқда", дейди у.

Қўшиқчининг видеофильмида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг марҳум раҳбари Тоҳир Йўлдош ва қатор мухолифат раҳбарлари суратлари ҳам ўрин олган
Сурат тагсўзи, Қўшиқчининг видеофильмида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг марҳум раҳбари Тоҳир Йўлдош ва қатор мухолифат раҳбарлари суратлари ҳам ўрин олган

"Ўзбекистондаги ижрочи ҳукумат ўз қўли билан коррупция ва жиноятларни келтириб чиқармоқда. Мақсад - мамлакатни ич-ичидан барбод қилиш. Интернетда улар Каримовга қарши туҳмат ва ғийбатни тарқатишмоқда, одамлар президентдан ғазабланишлари учун шундай муаммоларни яратишмоқда" дейди қўшиқчи.

Видеофильмда Ўзбекистонни 2004 йилдан бери Ислом Каримов эмас, бош вазир Шавкат Мирзиёев бошқараётгани айтилади.

Таниқли қўшиқчи ўз фильмида, шунингдек, жорий йилда ўз карьерасини қайта жонлантиришга урингани, аммо расмийлар ундан 10 миллион сўм қабул қилиб олиб, уни қаттиқ таҳқирлашганини айтади.

Етти ярим дақиқалик фильм охирида Озода Нурсаидова бу айбловлар билан чиқишига ўз халқи ва яқинлари тақдири учун қайғурганини сабаб бўлганини билдиради.

Фильм ҳозирда қўшиқчининг ўз сайти ва YOUTUBE саҳифасидан олиб ташланган. Аммо, қўшиқчининг Би-би-сига билдиришича, бу фильм атиги қисқа эълон эди, ва келгуси икки ҳафта ичида "Паутина власти" ("Ҳокимият тўри") номли тўлиқ видеофильм интернетда чоп қилинади.

Би-би-си билан суҳбати

Биз билан суҳбатида Озода Нурсаидова фильмда янграган овоз ҳақиқатан ҳам ўзиники экани ва фильмни ўз ташаббуси билан тақдим қилганини тан олди.

"Мен ҳатто БМТ бош котиби Пан Ги Мунга ҳам хат тайёрлаб қўйганман. Бу яширин жиноий гуруҳлар ҳақида. Ўша жиноий гуруҳлар давлат органларида ишлаётгани ҳақида. Чунки улар томонидан менга катта босим бўлганига исботим бор... Шунча йиллардан кейин сабр деган нарсанинг чегараси бўлади", дейди қўшиқчи.

"Менга сени запрет қилган Ислом Каримов дейишади. Аслини олганда ундай эмас. Мени оппозицион гуруҳга (киришга) мажбурлашган баъзи бир чиновниклар ҳозир Каримовни ёнида ўтирибди" деди у Би-би-сига.

Озода Нурсаидова Ўзбекистон ҳукуматидаги айнан қайси расмийларни айблаётганини айтишдан бош тортди, бироқ улар президентнинг "давлат маслаҳатчилари" эканини даъво қилди. "Сиз эшитганларингиз ҳали хамир учидан патир. Ўзбекистонда давлат ичида давлат бор", дейди у.

Озода Нурсаидовага бир неча йилдан бери Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси орқали чиқишига рухсат берилмайди

Сурат манбаси, ozoda.net

Сурат тагсўзи, Озода Нурсаидовага бир неча йилдан бери Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси орқали чиқишига рухсат берилмайди

Қўшиқчи мухолифат фаолиятига қўшилмагани учун ўз жонига суиқасд ҳаракатлари уюштирилганини ҳам даъво қилади.

"Мен неча марта ўлимдан қолдим. Фактки, мен Каримовга қарши сиёсат олиб бормаганим учун ҳалигача тинчлик бермаяпти, нечта ўлимдан қолдим" дейди у.

Би-би-сининг айнан қандай тарзда босимлар ўтказилгани борасидаги саволига Озода Нурсаидова ўзига вакиллар жўнатилганини айтади.

"2007 йилда бошланган бу нарса. Булар ўзлари одам жўнатган", дейди у.

Қўшиқчи, шунингдек, санъаткорларнинг гиёҳванд моддалар савдосига қўшилишга мажбурланаётганини даъво қилди.

"Алам қилаётгани, санъаткорларни кўпроқ наркобизнесга тиқишаяпти. Шу нарсага рози бўлмасангиз, босим давлат раҳбарлари томонидан бўлаяпти", дейди у.

Би-би-си қўшиқчининг Ўзбекистонни 2004 йилдан бери Каримов эмас, бош вазир бошқараётгани борасидаги даъволарини сўроқ остига олганида, Нурсаидова хоним видеофильмда нотўғри тушунча берилган бўлиши мумкинлигини айтди.

Озода Нурсаидовага кўра, унинг фильм орқали Каримов куч-қувватини йўқотди ва назоратни Бош Вазир Мирзиёев ўз қўлига олди деган ишорани бериш мақсади бўлмаган.

Таниқли қўшиқчи баъзи интернет саҳифаларида ўзи баъзи доираларнинг буйруғи билан бу каби фильмни чоп қилгани борасидаги фикрларини рад этди.

"Ўз ташаббусим билан, мажбурлигимдан қилдим", дейди у.

<link type="page"><caption> Озода Нурсаидова Би-би-сига берган интервьюсининг тўлиқ версиясини тинлаш учун мана бу ерга босинг</caption><url href="http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/06/110601_ozoda_interview.shtml" platform="highweb"/></link>