Ўзбекистон: Ҳижобли қизнинг отаси Ислом академиясини судга берди

Халқаро Ислом академияси қошидаги лицейда таҳсил олувчи қизнинг отаси рўмол ўраган қизларни ўқишга киритмасликни ғайриқонуний деб топишни сўраб бир неча идора устидан маҳкамага арз қилди. Дастлаб Шайҳонтохур туман суди ушбу ишни қабул қилмаган, бироқ прокуратура киритган протестга асосан иш кўриб чиқиладиган бўлди.
Фуқаро Абдувоҳид Яқубов Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси, Академия қошидаги академик лицей, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги мансабдор шахсларининг ўқув юртида рўмол ўраб юришга оид тақиқ ҳамда рўмол ўраган қизларни ўқишга киритмаслик ҳаракатларидан шикоят қилган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг Би-би-сига маълум қилишича, фуқаронинг аризаси бўйича Шайхонтоҳур туман маъмурий судида 5 феврал куни кўриб чиқилади.
Фуқаро Абдувоҳид Яқубовнинг аризаси 2018 йилнинг 28 ноябр куни Шайхонтоҳур туман суди томонидан қайтарилганди.
Бош прокуратура хабарида айтилишича, суд талаба ва ўқувчи қизларга рўмол ўраган ҳолда таълим олиш ҳуқуқларини тақиқловчи ҳужжатлар чиқарилиши аризачи А. Яқубовнинг ҳуқуқи бузилишига олиб келмайди, деган важни кўрсатган.
Бундан ташқари аризачининг қизи "таълим муассасасига рўмол билан ўқишга киритмаслик бўйича амалга оширилган ҳаракатлар аризачи А.Якубовнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бузилишига олиб келмаслиги асосида А.Якубов ушбу мазмундаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас, деган хулоса билан ариза қайтарилган", дейилади Бош прокуратура хабарида.
Бироқ прокуратура ушбу қарорни Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид эканлигини эътироф этган.
"Ўқувчи (Би-би-си таҳрири) Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси қошидаги академик лицей ўқувчиси бўлиб, айни вақтда 18 ёшга тўлмагани ва турмушга чиқмагани боис, вояга етмаган ҳисобланади, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари судда ота-онаси, яъни қонуний вакили томонидан ҳимоя қилиниши нуқтаи назаридан мазкур позиция прокуратура томонидан қўллаб-қувватланган", - дейилади хабарда.
Прокуратура Абдувоҳид Яқубов томонидан қизининг манфаатида берган аризаси биринчи инстанция суди томонидан асоссиз равишда қайтарилган, деб ҳисоблаган.
Бош прокуратуранинг Би-би-сига юборган маълумотида айтилишича, Мазкур иш аризачи Абдувоҳид Яқубовни шикояти ва прокуратура киритган протестга асосан 16 январ куни Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясида кўрилиб, биринчи инстанция ажрими бекор қилиниб, аризани қабул қилиш масаласини ҳал қилиш учун қайтадан шу инстанция судига юборилган.
Президент Мирзиёев фармони билан ташкил қилинган Тошкентдаги Халқаро Ислом академиясида талабалар ҳижобини ечишга мажбурлангани ҳақида Би-би-си хабар берган эди.
Ҳижоби ечтирилган муслималар ўқишга парик кийиб келишга мажбур бўлган.
Би-би-сига келиб тушган маълумотларга кўра, 100 дан ортиқ муслимага ҳижоб ёки ўқишни танлаш талаби қўйилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Халқаро Ислом академиясида камида тўрт талаба шу сабаб ўқишдан ҳайдалган.
"Ҳар томонлама босим ўтказишди. Рўмолини ечмаган ётоқхонадаги талабаларнинг юкларини ташқарига олиб чиқиб қўйишган, ичкарига қўймаймиз, деб. Қаршилик кўрсатган талабаларга ўқишдан ҳайдалиш кўриб чиқилсин, деган мазмунда рапорт тайёрлаб қўйилган. Қизлар йиғлаб-йиғлаб ҳижобини ечишди. Бошига парик ва бўйнига шарф боғлаб боришибди", деганди ўша вақти босимга учраган талаба қизлардан бирининг яқини.
Қизи ўқишдан ҳайдалган оналардан бирининг Би-би-сига айтишича, маъмурият қизининг ҳижоби билан иши йўқлигини, балки академия ички қоидаларига амал қилишни талаб қилишаётганини айтган.
"Бироқ академия ички тартиб-қоидаларида айнан рўмолсиз юриш талаб қилинган. Давлат бюджети асосида ўқишга кирган қизимни ундан ҳайдашди", дейди у.
Ҳижоб можароси
Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келиши билан диний эркинликлар берила бошланганди. Натижада Ўзбекистон Қуръон мусобақалари ташкил қилинди. Ислом академияси ташкил қилинди. Ҳадис илми мактабларига асос солиш ҳақида хабарлар берилди.
Бироқ ҳукуматга динга, хоссатан, мусулмонларга нисбатан сиёсати сўнгги вақтларда Каримов давридагидек ҳолатга келаётгани кузатилмоқда.
Болаларга Қуръон ва тажвиддан дарс берган анъанавий ҳужралар аниқланиб, уларни юритганлар ва таълим олган болалар марказий телеканаллар орқали халққа сазойи қилинди.
Ҳукумат ўрта мактабларда бош кийимни тақиқловчи 666 рақамли қарорни қабул қилди.
Бу қарор асосида мактаблардаги ҳижоб ҳам тақиқланди.
Қарорга ўз муносабатини билдирган 30 га яқин блогер 24 августдан бошлаб 10 ва 15 суткалик маъмурий қамоқларга ташланди.
Facebookка киришда тўсиқлар пайдо бўлди.
Ҳижоб ва соқолга бўлаётган тазйиқларни Мирзиёевга меҳробдан туриб мурожаат қилган имом Фазлиддин Парпиев ишдан олинди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












