Ўзбекистон: Facebook даги ўзбекларни бирлаштирган Бахтинисо оламдан ўтди

Бахтинисо Маҳмудова 25 ёшида оламдан ўтди

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Бахтинисо Маҳмудова 25 ёшида оламдан ўтди

25 ёшли қашқадарёлик шоира Бахтинисо Маҳмудова оғир жарроҳлик амалиётидан 3 кун ўтиб Туркияда оламдан ўтди. Орқа миясида ўсимта сабаб фалажланган Бахтинисо Ўзбекистонда тўрт марта жарроҳлик амалиётидан ўтган эди.

Шифокорлар ёш шоиранинг бошидаги ўсимта зудлик билан олиб ташланмаса у қўлларни ҳам фалажлаши мумкинлигини айтишгач, Facebook ва интернет сайтларининг ўқувчилари уни қутқариб қолиш учун пул йиғишни бошлаганди.

Уни даволаш учун керак бўлган 33 минг долларнинг 23 мингги йиғилади.

Бахтинисонинг Туркияга учишига саноқли кунлар қолганида исми ошкор қилинмаган ўзбекистонлик автомобил харид қилиш учун йиғиб юрган 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағини Бахтинисонинг даволаниши учун ҳадя қилган.

"Бир акамиз зарур пул йиғилишига саноқли дақиқалар қолганда 10 минг АҚШ долларини бердилар. "Шунча пулни шундоқ бериб юборасизми? Балки мен қаллобдирман, сайтларга ҳам ўзим пул бериб, мақола тайёрлатиб олаётгандурман, десам. Йўқ, мен сиз ҳақингизда Kun.uz да берилган мақолалардан тортиб, видеолавҳаларгача кузатиб келяпман", деди. Машина оламан деб йиғиб юрган пулини менга берганида кўз ёшларимни тийиб тура олмадим. Хуллас, шу билан менга йиғилаётган маблағ бекаму-кўст бўлди", деганди у Туркияга учиб кетишидан олдин.

Таббасуми билан ҳаммани йиғлатган қиз...

Бахтинисо Маҳмудованинг бевақт оламдан ўтиши ижтимоий тармоқдагиларни ларзага солган.

Фикр қолдирганлар Бахтинисони оптимист, ҳаётга ташна қиз сифатида эслаган.

Уни ижтимоий тармоқлардаги ўзбек тилли фойдаланувчиларни бирлаштирган қиз сифатида таърифлашган.

"Бахтинисо оламдан ўтибди. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек тилли фойдаланувчиларини энг кўп жипслаштирган акциялардан бири - шу қизга мадад бўлиш акцияси эди. Кўпчиликнинг ундан умиди катта эди. Операция яхши ўтди, деган хабарлар ҳам чиққанди, лекин афсуски. Жойи жаннатда бўлсин, қолганларга сабр тилаймиз", дейди Ҳамидбек Юсупов.

"Бахтинисо, шоира синглим-а, шифо топиб кайтишингни умид билан кутган эдик... Борар манзилларинг жаннатларга ошиён булсин, сингилжоним!", деган Сайёра Жабборзода.

Бахтинисони ижтимоий тармоқлар ва матбуот орқали таниган фикр қолдирувчилар уни яхши сўзлар билан эслаган.

"Унинг умиди Аллоҳдан эди... Энг мухими сўнгги дамларга қадар умиди сўнмади... Аллоҳ рахматига олган бўлса унинг бахти бутун экан, у орзуларнинг орзусига етишибди, дуо қилайлик Аллоҳ рахматига олсин", - дейди Илёс Нарзиев.

Абдувоҳид Сувонов номли Facebook фойдаланувчиси унга атаб шеър ҳам ёзди:

Сен - яшашни «севаман» дединг,

Сен - севардинг гўзал ҳаётни.

Сен - борлиқни тарифлар эдинг -

Сен - бахш этдинг, мунгли баётни.

Юрак узра тўлдику нола,

Очилмайин сўлдими Лола ...

"Ҳаётга туймаган Бахтинисо. Табассуми ила ҳаммани йиғлатган Бахтинисо биздан рози бўл. Жойинг жаннатларда булсин. Биз сени унутмаймиз шоира қиз", дейди Мирзо Хумоюн.

Бахтинисонинг ўлими Ўзбекистон тиббиёт соҳаси ночорлигининг белгисими?

Маълум бўлишича, Анқара шаҳридаги "Мемориал" ва "Неорама" клиникаларининг ҳар иккиси ҳам Бахтинисони кўрикдан ўтказганида унинг миясидаги ўсимта хавфли эмаслигини айтишган.

Профессорлар орқа миядаги ўсимтани ўрганишиб, бу хавфсиз тури эканини, олиб ташланганидан кейин ортиқ безовта қилмаслигини, ўсмаслигини айтишган.

Бироқ Ўзбекистонда бундан олдин 2010-2011 йиллларда ўтказилган амалиётлар Бахтинисонинг аҳволини оғирлаштирган ва даво топишини мураккаблаштирган.

Туркияга даволанишга кетишдан олдин у Ўзбекистонда ўтган жарроҳлик амалиётларидан бири қўпол хато билан ўтганини ва нервларни қўшиб тикиб қўйиш натижасида оёқдан ҳам қолганини айтган эди.

"Оёқларим оғирлашиб, юришга қийналиб операцияга ўз оёғим билан кирганман. Тўрт марта операция бўлдим. Иккинчи операциядан кейин ҳам юрдим, учинчи операциядан кейин ўзим мустақил юролмадим, икки киши ушласа юрардим. Учинчидан кейин қўлим ҳам бўйним ҳам ишламай қолди. Бўйним тутиб туролмай қолди. Орқа миямда қисилиш бор ҳалиям. Нотўғри операция бўлган дейишяпти. Нервлар билан қўшиб тикиб ташлашган экан. "

Бахтинисонинг июнь ойида кун.узга берган интервьюсида айтишича, операциянинг нотўғри бўлганлигини таҳлиллар билан танишган Исроил, Германия ва Россиядаги мутахассислар ҳам айтишган.

Шифокорлар орқа мияда ўсимтанинг ўсиши унинг ҳаётига жиддий хавф туғдириши мумкинлигини айтган.

Ўзбекистондаги амалиёт нотўғри бўлган бўлсада Бахтинисонинг орқа миясидаги ўсимтани олиб ташлаш имконияти сақланиб қолган бўлган.

Бахтинисо Маҳмудова Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида 1993 йил 31 октябрда дунёга келган.

У ўзбек шеъриятида порлаётган иқтидорли шоира қиз сифатида таърифланган.

Бахтинисо Маҳмудова "Юрт келажаги", "Юксак маънавиятли авлод", "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" кўрик танловлари ғолиби бўлган.

***

Агарда қайтмасам...Кузги боғларга

Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.

Кўзимнинг олдида юксаласан сен,

Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга,

Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.

Менинг юрагимда чайқалар дунё,

Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам, қайтолмасам мен,

Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.

Бир ичкин нолада, эзгин нолада

Кўзларим қайтади намозшом бўлиб...

Бахтинисо Маҳмудова

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek