Тошкент аэропортида асли ўзбек Франция фуқароси қўлга олинди

Раҳмат Турон ҳибсга олинишидан олдин тушган охирги сурат

Сурат манбаси, Rahmat Turon

Сурат тагсўзи, Раҳмат Турон ҳибсга олинишидан олдин тушган охирги сурат

Тошкент халқаро аэропортида 4 январ куни Францияга учиб кетаётган асли ўзбекистонлик Раҳмат Турон қўлга олинди. Унга чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ушланиб қолинганини айтишган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Раҳмат Турон сўнгги бор ўзининг ноқонуний ушлангани ва номаълум томонга олиб кетилаётганини ўз яқинларига айтишга улгурган. Шундан сўнг у билан алоқа узилган.

Ижтимоий тармоқларда Тўрабек Сано номи билан таниқли бўлган Раҳмат Турон бундан чамаси 10 кун олдин Ўзбекистонга яқинларини кўришга келган бўлган.

Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси берган виза

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси берган виза

Асли қашқадарёлик 31 ёшли Раҳмат Турон 2015 йил Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилган. У Франция фуқаролигини олган.

Ўзбекистоннинг Париждаги консуллиги унга 23 декабрдан бошлаб, 2019 йилнинг 23 январигача амал қиладиган бир ойлик виза берган.

У Тўра Бек номи билан ижтимоий тармоқларда фаол бўлган.

Би-би-си Франция фуқаросининг нима мақсадда ушланганини аниқлаштириш учун Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари билан боғланишга ҳаракат қилмоқда.

Раҳмат Турон охирги бир йил ичида Париждаги банклардан бирида фаолият юритиб келаётганди.

Унинг яқинларининг айтишларича, Раҳмат Турон Қашқадарёда маҳаллий ҳукуматдан жабр кўрганлар ҳимояси билан шуғуллангани учун тазйиқларга учраб, аввало Қирғизистонга, сўнгра БМТ ёрдамида Францияга чиқиб кетган.

Раҳмат Туроннинг аэропортдан яқинларига йўллаган аудиосида уни ДХХ "чегарани ноқонуний кесиш" гумони билан қўлга олгани ва Ички ишлар вазирлиги ходимларига топширганини айтган.

Франциядаги дўстларининг Би-би-сига айтишларича, у 2007 йилда Қирғизистонга чиқиб кетгани ноқонуний дея баҳоланган бўлиши мумкин.

Уларга кўра, Раҳмат Турон Ўзбекистонга боришдан аввал ўзига қарши жиноий иш йўқлиги ва қидирувда эмаслиги ҳақида ҳужжатларни олган, аммо барибир юрагида хавотир билан ватанган кетган.

Раҳмат Турон Франция фуқароси бўлгани учун Франция ҳукуматининг ҳимояси остида. Аммо, Би-би-си Тошкентдаги Франция элчихонасидан муносабат олишга муваффақ бўлмади. Фавқулодда вазиятлар учун берилган телефон рақамига жавоб берилмади.

Унинг яқинлари эса Франция элчихонаси вазиятни ўрганаётганини билдирганини айтишди.

Париждаги Ўзбекистон элчихонаси унинг Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилганини тасдиқлаган.

Сурат манбаси, Rahmat Turon

Сурат тагсўзи, Париждаги Ўзбекистон элчихонаси унинг Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилганини тасдиқлаган.

Хабар тўлдирилмоқда

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek