Президент Мирзиёев Путинга қанчалик яқин бўлиши керак?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон Россия билан қандай масофа сақлаши лозим деган баҳслар кучайган. Айримларнинг фикрича Тошкент Москва билан жипс муносабатларни ўрнатиши шарт.
Лекин Кремлга жуда ҳам яқинлашиш Ўзбекистоннинг мустақиллигини хавф остига қўяди, деган фикрлар ҳам бор.
17 октябр куни BBC Uzbekнинг YouTube каналидаги жонли дастуримизда ана шулар муҳокама қилинди.
Дастур меҳмонлари Швецияда истиқомат қилаётган журналист Тўлқин Қораев ва Москвадан иқтисодий таҳлилчи Жамшид Муслимов.
Бошловчи Рустам Қобил.
Дастур давомида Лондонда истиқомат қилаётган жамиятшунос Алишер Илҳомовнинг ҳам фикрлари янгради. У Путиннинг ташрифидан хавотирга тушаётганини маълум қилди. Қуйида Алишер Илҳомов фикрларини келтирамиз.
"Владимир Путиннинг Ўзбекистонга бўлаётган ташрифи менда жиддий хавотир уйғотяпти. Биринчиси, ҳарбий соҳада яқин алоқалар. Россия ҳарбий авиациясининг Ўзбекистон ҳаво ҳудудида учишига изн берилишига оид битим. Иккинчидан атом электр станцияси қурилишига оид келишув. Биринчи масала бўйича шундай савол пайдо бўлади. Бизга бундай шартнома нимага керак?
Россия қўшни давлатларда ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаяпти. Россия ҳарбий авиациясининг Ўзбекистон осмонига тўғридан тўғри эҳтиёжи йўқ. Менимча, амалий нуқтаи назардан бу нарса Россиянинг Афғонистон ички ишларига аралашуви билан тугаса керак. Суриядаги мувафаққиятларидан илҳомланган Россия жанубда ҳам бир нарсаларни режалаштираётган бўлиши мумкин. Натижада бу ҳаракатлар Афғонистонда тинчлик ўрнатишда асосий роллардан бирини ўйновчи Америка манфаатлари билан тўқнашиши мумкин. Иккинчидан, унинг ортида Ўзбекистонни бу каби шубҳали ўйинларга жалб қилиш ётади. Бу Ўзбекистон хавфсизлигини таҳдид остига қўяди.
Атом электростанциясини қуриш тўғрисидаги келишув ҳам хавотир уйғотади. Мамлакатда энергия таъминоти ва хавфсизлиги стратегияси муҳокама қилинмади. Атом энергетикасида бу каби лойиҳаларнинг қурилиши истиқболлари ҳам муҳокама қилинмади. Бу келишув жуда тезлик билан амалга оширилди. Бунинг ортида нима тургани борасида жамоатчиликка етарли маълумот берилмади. Яхши танловни амалга ошириш учун тендер ҳам ўтказилмади. Буларнинг бирортаси амалга оширилмади. Бу раҳбариятнинг узоқни кўзлаб эмас, балки қисқа муддатли мақсадлар билан иш қилаётганидан дарак беради.
Умуман олганда мени хавотирга солаётган нарса, давлат мустақиллигини таъминлашда қандайдир чекинишлар бўлаётгани.
Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислом Каримов режимини халққа бўлган муносабати ва дикторлигини танқид қилган бўлсам ҳам бир масалада у ҳақли эди. У империялистик амбицияларга тўла ОДКБ ёки Евросиё иқтисодий иттифоқи каби ташкилотлардан масофа сақларди.
Юқоридаги уч масала ҳозирги Ўзбекистонга қайси томонга қараб ҳаракат қилаётгани устида ўйлаб кўришга ундайди. Менда ҳозирча Ўзбекистон тўғри йўналишда кетаяпти деган ишонч йўқ. Албатта, Россия билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш керак. Айниқса, иқтисодий ва маданий соҳаларни алоқаларни ушлаш борасида шубҳа ҳам қилмаслик керак.
Лекин ҳарбий томонлама яқинлашув ва атом электро станцияси қуриш келишуви жуда ҳам кўплаб саволлар пайдо қилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумати томонидан танланган йўлнинг тўғрилигини шубҳа остига олади".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












