Ўзбекистон, Каримова иши: Британиядан Гулнора Каримова мулкларини қайтариш сўралди
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Буюк Британиянинг Йирик қаллобликларга қарши кураш Бошқармаси (Serious Fraud Office) Лондондаги Юқори Маҳкамага Гулнора Каримова хамда Рустам Мадумаровга тегишли учта кўчмас мулкни мусодара қилиш ҳақидаги даъво аризасини киритган.
Британия Бош прокурорига бўйсунувчи идоранинг даъво қилишича, Ўзбекистон биринчи президентининг қамоқдаги қизи ва унинг фуқаровий эри Лондондаги мол-мулкларини коррупция йўли билан қўлга киритишган.
Чоршанба куни расмий веб саҳифасида эълон қилинган баёнотда айтилишича, Йирик қаллобликларга қарши кураш Бошқармасининг даъво аризаси қондирилгани тақдирда, Британия ҳукумати мамлакат ҳудудидаги Каримова ҳамда Мадумаровга тегишли "бир қатор мол-мулклар"ни хатлаш ҳуқуқини қўлга киритади.
Президент Каримовнинг тўнғич қизи ва бир вақтлар унинг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ва ташқарисидаги коррупцион схемаларга алоқадорлиги билан боғлиқ текширувлар 2014 йилдан буён давом этади.
Швейцария, Франция ва Қўшма Штатлар аллақачон Каримовага тегишли мол-мулк ва ҳисобларни аллақачон хатлаган ёки ҳибс қилган.

Сурат манбаси, SFO
Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси Британиядаги Гулнора Каримова ҳамда Рустам Мадумаровларга тегишли мол-мулкни Ўзбекистонга қайтаришга умид қилмоқда.
Британияда бошланган текширувга муносабат билдирган Бош прокуратуранинг айтишича, ҳозирда британ ҳуқуқ-тартибот идоралари билан Ўзбекистонда кучга кирган суд қарори бўйича Гулнора Каримовага тегишли мол-мулкни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Ўтган йили Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг 2015 йилда солиқдан қочиш, камомад, давлат мулкини ўзлаштириш ва молиявий қаллоблик билан боғлиқ 6 та айб бўйича 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганини айтган.
Рустам Мадумаров эса, 2014 йилда давлат мулкини ўзлаштириш ва солиқдан қочиш айблари билан маҳкум этилган.
Ҳар иккаласининг ҳам қаерда жазо муддатини ўтаётгани номаълум.
Чоршанба куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг қамоқдан чиқарилгани ҳақидаги хабарларни рад этган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












