Самарқанд: Иштихонда мудҳиш ҳалокат - қурбонлар бор...

Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Самарқанддан олинган хабарларга кўра, Иштихон туманидаги "мудҳиш" автоҳалокат жабрдийдариларининг барчаси ишсиз аёллар бўлишган.

"Бироз пул ишлаш мақсадида ўз хоҳишлари билан, кўнгилли равишда пахта теришга кетаётган пайтлари"да автоҳалокатга учрашган.

"Уларни ҳеч ким пахта теришга мажбурламаган, пахта-йиғим теримига сафарбар этмаган".

Бахтсиз ҳодиса шанба, 29 сентябрь куни маҳаллий вақт билан эрта тонг - соат 06:45 да юз берган.

М-37 магистрали бўйлаб Бухородан келаётган "Дамас" автомашинаси йўл четида пахта теримига кетаётган тўрт нафар аёлни уриб юборган.

Бу ҳақда Кун.уз интернет нашри ҳодисадан кун ўтиб, ўзининг Самарқанддаги мухбирига таяниб хабар берган.

Мазкур хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, "теримчи" аёллардан уч нафари воқеа сатҳининг ўзида ҳаётдан кўз юмишган.

Автоҳалокатда "жиддий жароҳат олган" яна бири воқеадан икки кун ўтиб ҳам, Иштихон туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

"Беморнинг аҳволи оғир, аммо стабил, врач назорати остида ва улар қўлларидан келган ҳамма ишни қилишмоқда".

"Қурбонлар ўша куннинг ўзида дафн этилишган. Улардан икки нафарининг уч, яна бирининг бир нафар фарзанди бўлган".

Шоҳидлар ва сабаблар...

Кун.уз нашрининг автоҳалокатга бевосита гувоҳ бўлганларнинг сўзларига иқтибосан ёзишича, "мудҳиш ҳодиса"га "Дамас" ҳайдовчисининг рулда ухлаб қолгани сабаб бўлган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг воқеа сабаблари, ҳайдовчининг тақдири, автоҳалокат юз берган пайтда "Дамас" ичида қанча йўловчи бўлгани, уларнинг шахслари ва Бухородан не мақсадда келишаётгани тафсилотларига ойдинлик киритиш уринишлари ҳозирча самара бергани йўқ.

1 октябрь - Ўқитувчилар куни муносабати билан Ўзбекистонда расман дам олиш куни экани боис, Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзини қизиқтирган бу каби саволларга жавоб топишга имконли бўлмади.

Бунинг ортидан, хизмат Кун-уз интернет нашрининг Самарқанддаги мухбири билан боғланди.

Унинг айтишича, "кеча, якшанба куни борганида, Иштихон тумани Ички Ишлар бўлимида назоратчидан бошқа ҳеч ким бўлмаган".

"Рақамларини олиб, қўнғироқ қилганида эса, улар билан боғлана олмаган".

"Жиноят ишига келсак, ўлим ҳолати бўлганидан кейин у , барибир, автоматик равишда очилади. Шунинг учун ҳам ўз хабаримда шундай деб ёздим", - дейди журналист.

"Ҳайдовчи ўша ернинг ўзида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ҳибсга олинган".

"Ҳайдовчининг қаерда ҳибсда тутиб турилгани тафсилотлари эса, шу соатларда маълум эмас".

"Излаб борганида, маҳалла фуқаролар йиғини раисини ҳам топа олмаган. Ўша ердаги фаоллари билан суҳбатлашган".

Аммо унинг воқеа шоҳидларига таяниб айтишича, "Дамас"га яшикларда нималардир ортилган ва у Тошкентга кетаётган бўлган.

Журналистга кўра, қолган тафсилотларга ойдинлик киритиш уринишлари ҳозирча натижасиз қолмоқда.

Айнан дам олиш кунларининг кетма-кет келиб қолгани бунга имкон бермаган.

Шу соатларда Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида ҳам бу хусусда расмий маълумотлар имконли эмас.

Туман ҳокимлиги ва масъул идораларининг юз берган автоҳалокатга муносабатларига оид хабарлар ҳам ҳозирча бўй кўрсатмаган.

Суҳбатдошга кўра, жабрдийда аёллар барчаси ишсиз ва пахта теримига ўз ихтиёри билан чиқаётган бўлгани товон пули масаласининг кун тартибига чиқишига ҳожат қолдирмаслиги мумкин.

Унинг айтишича, аҳолиси зич бўлгани боис, Иштихон туманида мажбурий меҳнат ёки оммавий сафарбарлик билан боғлиқ аҳвол ҳеч қачон долзарб бўлмаган.

Туман азалдан ўз кучи ва кўнгиллилар ҳисобига пахтасини йиғиб олишнинг уддасидан чиқиб келган.

Лекин "шанба кунги автоҳалокат кўпчиликнинг кўз ўнгида юз бергани боис, одамлар қўрқиб, икки кунча пахтага чиқмай қўйишган".

Самарқанддаги мухбир суҳбатдошимиз суҳбатимиз якунида, "Иштихондаги сўнгги ҳодисани пахта йиғим-теримига боғлашдан кўра, уни кўпроқ бахтсиз ҳодисага нисбат берган" бўлишини айтади.

Пахта йиғим-терими

Пахта йиғим-терими

Сурат манбаси, GETTY IMAGES/ULLSTEIN BILD

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда бу йилги пахта йигим-терими янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбек ҳукуматининг мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигига оид қатъий ваъдаси остида кечмоқда.

Аммо худди шу манзарада ҳам жойлардаги айрим ҳокимлар бу чекловларни айланиб ўтаётгани кузатилмоқда.

Пахта теришга мажбурлашлар янгича кўринишда бўлаётганига оид маълумотлар олинмоқда.

Дейлик, Андижондан олган хабарларимизга кўра, вилоят ҳокими мажлисларда одамларни ёппасига пахтага чиқариш ҳақида гапирмаяпти.

Лекин бюджет ишчилари пахтага "ўз ихтиёри" билан чиқмоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизмати яқинда суҳбатлашишга муваффақ бўлган фарғоналиклардан бирининг айтишича, "Боласи учун давлатдан нафақа оладиган аёллар мажбурий тарзда пахтага чиқмоқда".

"Уларни биров чиқ, деб мажбурламайди. Лекин етишмовчилик ва пахтага берилаётган яхши нарх уларни боласига қараш ўрнига далага чиқармоқда. Бу ҳам мажбурлашнинг бир кўриниши аслида", дейди у.

"Уч теримча аёл"нинг умрига зомин бўлган мазкур воқеа ўтган икки кун ичида турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб улгурган.

Акс-садо

Воқеага муносабат шаклида чоп этган постларида кибер фазода анчайин таниқли айрим ўзбекистонликлар ҳам Иштихондаги автоҳалокатга шу тариқа баҳо беришган.

Жумладан, таниқли блогер Шаҳноза Тўрахўжаева ўзининг "Facebook"даги аккаунтида, "Мен кўпчилик каби пахтани айбдор қилмайман. Бу аёллар бозорга кетаётган бўлиши ҳам мумкин эди. Мен йўллардаги автоҳалокатлар катта миллий фожиага айланиб бораётганига эътибор қаратмоқчиман", деркан, бунга яқинда қизи ва ўзи билан содир бўлган бир воқеани мисол тариқасида келтирган.

Бунинг ортидан, "хулосам шуки: ҳар қандай автоулов - потенциал хавф! Улардан имкон қадар узоқ юриш керак. Ҳатто йиллаб қимирламай бир жойда тургани, занглаб кетгани ҳам.

Мияси занглаб кетган ҳайдовчилару, талабга жавоб бермайдиган кўчаларни гапирмаса ҳам бўлади. Светофорсиз пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтиш ўз жонига қасд қилиш билан тенг бўлиб қолди бизнинг кунларда.

Эҳтиёт бўлинг, ўзингизни асранг", деган огоҳлик мазмунидаги сўзларни ёзиб қолдирган.

Бу пост остида ўз комментларини қолдирган аксарият ҳам ундаги изҳоротга қўшилишган.

Аммо "худди шу ерда" ўз фикрлари билан ўртоқлашган Rahimjon Rahmat нинг ёзишича, "Дамасчи айбдор. Ҳозир дамасчиларнинг мавсуми қизиган! Пахта теримга, мош юлишга, макка қайришга ишчиларни кўп обборишади. Нафси ёмонроғи ухламасдан ҳам мошина ҳайдовради!".

Ўтган ой ўрталарида Бухоронинг Когон туманида йўловчи автобусининг портлаши натижасида 5 киши қурбон бўлган, 20 дан ортиқроғи яраланганди.

"Айрим мустақил манбалар бу автобусда ҳам пахта теримчилари бўлган"и ҳақида ёзишган.

Лекин ўзбекистонлик масъуллар бунга зид баёнот билан чиқишган, "йўловчи"ларнинг маккажўхори сўтасини олиш учун кетаётган бўлишгани"ни билдиришган.

Бу ҳодисада қурбон бўлган ва жабрланганлар аксарияти ҳам хотин-қизлар бўлишганди.

Турли кўринишдаги автоҳалокатлар ва ёки бахтсиз ҳодисалар яқин-яқингача Ўзбекистондаги пахта йиғим-терими мавсуми учун анчайин хос воқеъликлардан бири бўлиб келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek