Ўзбекистон ва пахта: Болалар меҳнати тугашига болаларнинг ўзи қаршими?

Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун пахта терими қўшимча даромад олиш имкониятини беради

Сурат манбаси, Getty Images/ullstein bild

Сурат тагсўзи, Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун пахта терими қўшимча даромад олиш имкониятини беради

Ўзбекистонда пахта терими мавсуми бошланар экан, мактаб ва коллеж ўқувчиларини теримга жалб этмаслик борасидаги ҳукумат қарори мамлакат бўйлаб назорат қилинмоқда.

Хоразмлик ўқитувчининг билдиришича, вилоят прокуратураси вакиллари мактаблар билан мажлислар ўтказиб, давоматни қаттиқ текширишларини айтганлар.

Ўқитувчига кўра, давоматни текшириш учун прокуратура ходими мактабга ҳам келган.

Аммо, ҳукумат қарори мактаб ўқувчиларини барибир пахта далаларидан йироқлаштира олмаяпти.

Юқори синф ўқувчилари пул ишлаб олиш илинжида мактабга бормай, пахтага бораётганлари аниқланган.

"Килосига 1 минг сўмдан бераётган экан, шунга чиқиб кетишяпти", - дейди ўқитувчи.

Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирида ишлаётган ўқитувчи ҳам ўхшаш вазиятни тасдиқлади.

У бу йил бу ҳолатга ҳали юз келмагани, аммо ўтган йили бу кенг кузатилганини айтади.

"Асосан қишлоқлардаги, даромади паст оилаларнинг ўсмир ўғил ва қизлари чиқишади, чунки қийналиб қолишган. Пахта териб анча пул йиғиб олса бўлади, уйларидаги озиқ-овқатга, қишки кийимларига пул ишлаб олишади. Лекин, ўқиш қолиб кетади", - дейди у.

Унинг айтишича, ўтган йил ҳам давомат кескин назорат қилинган ва ҳатто Халқаро меҳнат ташкилотидан кузатувчилар туманга келиб, ўқувчиларнинг пахтага жалб этиш ё этмаслик масаласини ўрганган.

Мазкур ҳолат болалар меҳнати туфайли халқаро танқид ва бойкотлар остида қолган, ҳамда унга қарши курашишга бел боғлаган Ўзбекистон ҳукумати учун янги муаммони туғдиради.

Агар болалар ўз хоҳиши билан пахта теришни истаса, ва бу билан ўз қашшоқ оилаларига ёрдам берса, ҳукумат буни қандай тўхтата олади?

Кун бўйи пахта терган ўсмир ва болаларнинг таълим олиш даражаси қандай бўлади?

Уларнинг пахта далаларига чиқмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўриши керак?

Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

"Фақатгина ихтиёрий"

Айни дамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати тарқатган хабарда пахта теришга ҳеч ким мажбурланмаслиги билдирилди.

" ...бу йилги пахта терими фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "terimuzbot" телеграм тармоғи, www.terim.uz сайти, шунингдек, (0371) 200-06-02 телефон рақами ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали ташкиллаштирилади. Кўнгилли сифатида мурожаат қилган фуқаролар давлат томонидан транспорт хизмати, ётоқ жой ҳамда бепул тушлик овқат билан таъминланади," дейилади хабарда.

Вазирликнинг билдиришича, бу йилги пахта мавсумида аҳоли кам бўлган ҳудудлар учун алоҳида тартиб белгиланиб, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда - 950 сўм, иккинчи теримда - 1150 сўм ва учинчи теримда - 1300 сўм, бошқа ҳудудларда эса 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 650 сўм, иккинчи теримда 850 сўм ва учинчи теримда 1000 сўм тўланиши белгиланган.

Вазирлик хабарида болаларнинг пахта теримига жалб этилиши ё этилмаслиги борасида маълумот йўқ.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилотининг "Мажбурий меҳнат тўғрисида" 29-сон, "Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида" 105-сон, "Энг кичик ёш тўғрисида" 138-сон ва "Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида" 182-сон конвенцияларини ратификация қилинган. Мазкур конвенциялар нормаларига мувофиқ, миллий қонунчиликда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан мазкур тоифа ходимларининг соғлиғига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, шунингдек меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш тақиқланган.

Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 29 июлда 1990-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатида пахтани қўлда теришда ҳамда қўлда суғоришда банд бўлган ишларда ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган.