Ўзбекистон-Тожикистон: Раҳмон Каримов даврида урилган мулозимларни ҳам тақдирлади
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бунақаси ҳар икки қўшни давлат мустақиллиги тарихида кузатилмаган.
Президент Раҳмон Тожикистон Мустақиллиги куни арафасида бу каби қарорга келган.
Тожикистоннинг юксак мукофотларига лойиқ кўрилганлар рўйхатини Ўзбекистон Бош вазири бошлаб берган.
Абдулла Ариповдан кейин навбат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига келган.
Юксак мукофот Андижон қирғини ортидан истеъфога кетиб, ўтган йил яна ишга қайтарилган Зокиржон Алматовга ҳам берилган.
Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан ўзи яна номини оқлаган Исмоил Жўрабеков ҳам орден олган.
У Ислом Каримов бошқарув даврининг илк йилларида Ўзбекистон ҳукуматида энг қудратли шахслардан бири бўлган.
2004 йилгача Каримовнинг давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаган Жўрабеков Мирзиёев Бош вазир этиб тайинлангач, истеъфога чиқарилиб, нафақага жўнатилганди.

Сурат манбаси, President.tj
Марҳум президент Каримов даврида сув устидан деярли уруш ёқасига бориб қолган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳозир стратегик шериклардир.
Ҳар икки давлат президентлари эътирофича, Мирзиёев қудратга келган икки йилча вақт ичида ораларида ҳал этилмаган деярли бирор бир муаммо ҳам қолмаган.
Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Тожикистоннинг юксак мукофотига Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳам лойиқ, деб топилган.
Тожикистоннинг юксак мукофотлари II даражали "Исмоили Сомони", I даражали "Шараф" ва "Дўстлик" орденларини кўзда тутган.
Ўзбекистонлик таниқли хонандалар Шерали Жўраев ва Мавлуда Халилова эса, Тожикистон халқ артисти фахрий унвони билан тақдирланишган.
Юксак маросимни топшириш маросими акс этган суратлар Тожикистон Президенти Матбуот хизмати томонидан эълон қилинган.
Улардан тадбирнинг пойтахт Душанбеда бўлиб ўтгани, президент Раҳмон рўйхатидагиларнинг ўз мукофотларини олиш учун нақ Ўзбекистон Мустақиллиги куни арафасида Тожикистонга сафар қилганликлари англашилади.
Худди шу бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам тожикистонлик бир гуруҳ давлат ва жамоат арбобларини тақдирлашга қарор қилган.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг орденлари билан мукофотлашга қарор қилганлар рўйхатини ҳам Тожикистон Бош ва Ташқи ишлар вазирлари бошлаб берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












