Ўзбекистон, Тошкент: “Бу - бош оғриғи деб, бошдан воз кечишга ўхшайди”

Сурат манбаси, Thinkstock
Ўзбекистонда спиртли ичимликлар савдоси қонунан чекланмоқчи.
Маҳаллий вақт билан кечки соат 21:00 дан кейин уларни сотиш расман ман этилмоқчи.
Маълум бўлишича, янги ҳужжат Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Унда кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканларининг ишлашга имконли бўлган соатлари ҳақида ҳам сўз борган.
Бу каби масканларнинг тунги соат 23:00 дан кейин фаолият юритишларини тақиқлаш режаланаётгани айтилган.
Аммо, ҳужжат тафсилотларидан аён бўлишича, бу каби тақиқ ва чекловлар меҳмонхоналар, турли сайёҳлик ҳудудлари, савдо-кўнгилочар масканлари ва "Tourist friendly" сертификатига эга иншоотларни кўзда тутмайди.
Ўзбекистонда шундоқ ҳам 20 ёшга тўлмаган шахсларга спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган.
Бундан ташқари, жамоат жойларида алкоголь истеъмол қилиш ҳам ман қилинган.
Тақиқ ва чекловларни кўзда тутган янги ҳужжат эса, ўзбекистонлик таниқли курашчи Жамшид Кенжаевнинг ўлимидан саноқли ҳафталар ўтиб кузатилмоқда.

Сурат манбаси, Screenshot
25 ёшли спорт устаси Жамшид Кенжаев шу ой бошида пойтахт Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Aurum 898" тунги клуби ташқарисида ўлдирилган.
Унинг ўлимига клуб қўриқчилари билан муштлашув ва пичоқбозлик сабаб бўлгани айтилган.
Бунинг ортидан, Тошкентдаги тунги клубларга рейдлар бошланиб кетганига оид хабарлар олинган.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов эса, 11 август куни вилоят ва шаҳар ҳокимлари билан махсус селектор мажлиси ўтказган.
Унда маҳаллий вақт билан кечки соат 21:00 дан кейин спиртли ичимликлар сотилмаслигини буюрган.
Бош вазирнинг оғзаки буйруғи ресторан, дўкон ва тўйхоналарни кўзда тутиши маълум бўлган.
Ҳокимларга мазкур буйруқ алкогол истеъмоли туфайли келиб чиқаётган қотилликларнинг кўпайгани билан изоҳланган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг янги ҳужжати эса, воқеаларнинг ана шу ривожидаги сўнгги босқич сифатида намоён бўлади.
Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги янгиликка муносабтини билиш учун сиёсий таҳлилчи, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби (SOAS)нинг илмий ходими Алишер Илҳомовга мурожаат қилди.

Сурат манбаси, facebook
Алишер Илҳомов: Бу - латифанома бир ҳолатни ёдга солади: "Бемор бош оғриғидан шикоят қилса, шифокор унга бошидан буткул воз кечиб қўя қолишни тавсия қилади". Яъни, гўёки, шу билан бош оғриғи муаммоси буткул ҳал бўлади, қолади. Бош билан бирга ортиқ бошоғриғи ҳам бўлмайди. Агар, масалага жиддий ёндашадиган бўлсак, бунга ўхшаш тақиқлар Ўзбекистонда марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳам бўлган. Ресторанларнинг фаолияти, тўйларни ўтказиш соатига турли чекловлар киритилган. Тунги клублар ҳатто буткул ёпиб қўйилган пайтлар ҳам бўлган. Маълум вақтдан сўнг улар яна қаердандир қайта пайдо бўлиб қолган. Вақт, барибир, ўз сўзини айтади. Чунки эҳтиёж буткул йўқолиб кетмайди. Бу - ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи сифатида кўрилувчи масала бўлади. У ерларга бориш учун вақтни қаердан топади, нега бунча кеч қолиб кетади, қачон уйқудан туради бу - ҳар бир инсоннинг шахсий иши. Агар, ҳукумат бу соҳани ҳам одамларнинг шахсий ҳаётларига дахл қилиб, қандайдир тўй маросимлари каби кескин назорат қилишга уринса, бу - тоталитар маданиятнинг қандайдир унсурлари пайдо бўлаётганини англатади. Собиқ Шўролар даври бунга мисол.
Би-би-си Ўзбек Хизмати: У ҳолда нега яна чекловларни кўзда тутувчи бу каби янги қонунчилик лойиҳасига қўл урилаётган бўлиши мумкин?
Алишер Илҳомов: Биринчи навбатда бунга ўхшаш тақиқлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таҳлил қилиниши керак. Чунки буни ўзига эп билишга қодир эҳтиёж, талаб жамиятда сақланиб қолаверади. Шундай экан, бу яширинча фаолият юритувчи қандайдир масканларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Уларни назорат қилиш умуман имконсиз бўлади. Бунинг натижасида вазият ҳозиргисидан кўра ёмонроқ бўлади. Демоқчи бўлганим, бу каби масканлар барибир пайдо бўлаверади, яширин, ярим яширин фаолият олиб бораверади. Бунинг учун ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳам тил топишишнинг уддасидан чиқишади. Масъуллар уларни ёпиш ёки одамларнинг кўзи ўнгида "юзларини очиш" учун вақти-вақти билан турли текширувлар ҳам ўтказиб туради. Аммо бу каби амалиёт барибир давом этаверади. Натижада, жамиятдаги ахлоқ билан боғлиқ вазият ҳам ёмонлашиб борверади. Чунки тунги масканлар қонуний фаолият юритишса, у ерларда таомнинг сифати, кимлар, неча ёшдагиларнинг келиб-кетишларини назорат қилиш мумкин бўлади. Бу мазкур жараённи бошқариш ва шаффофлигини таъминлаш имконини беради. Улар яширинча фаолият олиб боришганида эса, бунинг буткул тескариси. Демоқчи бўлганим, бу каби чеклов ва тақиқлар, алал-оқибат, худди мана шунга олиб келади. Вақт ўтиб, ҳукумат ҳам бу масалага кўз юмади. Бу каби масканлар ҳам ярим қонуний тарзда фаолият юритадиган бўлиб, қайта бўй кўрсатишади. Сўзсиз, ҳозир бу Ўзбекистонга зиён келтирмоқда. Хорижий туристлар оқимига салбий таъсир қилиши мумкинлигига оид гаплар айтилмоқда. Бошқа томондан, нима учун биз фақат хорижлик сайёҳлар ҳақида ўйлаймиз, ўз фуқароларимиз ҳақида эмас. Чунки бунинг барчага бирдек салбий таъсири бўлади.
Би-би-си Ўзбек Хизмати: Сўз айнан бу каби масканлар фаолиятини назорат қилиш, тартибга солиш, очиқ, қонуний тарзда фаолият юритиши ҳақида кетаркан, Ўзбекистон шароитида бу ишни қандай амалга оширса бўлади? Нима қилмоқ керак?
Алишер Илҳомов: Бунинг учун бошқа давлатлар тажрибасини кўриш, ўрганиш тақозо этилади. Балким, тунги масканлар учун қандайдир янги солиқлар жорий этилиши керак бўлар...Агар, Ғарбий Европа ва анчайин тараққий топган давлатларни кўзда тутсак, уларда тунги клубларнинг фаолиятлари рисоладагидек назорат қилинади. Борадиган доимий мижозлари ҳам бор. Бирор бир муаммо йўқ. Тақиқ йўқ жойда қизиқиш ҳам сўниб бораверади. Қанча кўп тақиқ қўйсангиз, қизиқиш ҳам шунча кучаяди. Бу каби масканлар қонунийлаштирилиши, аммо фаолиятлари тартибга солиниши керак. Агар тартибни сақлаш учун ҳозиргисидан кўра кўпроқ қўриқчи ёки ҳуқуқ-тартибот ходимларига эҳтиёж бўлса ва бу давлат учун қўшимча сарф-харажатни англатса, бу каби масканларга қўшимча солиқлар солиниши мумкин. Ёки ишлаш учун рухсатнома берилаётганида, уларнинг маълум меъёрларга риоя қилишлари кафолатланиши керак. Қўриқчиларнинг ким экани, таржимаи ҳоли, қўриқчи бўлиб ишлашга расман қанчалик ҳақли ёки йўқликлари синчиклаб текширилиши керак. Мисол учун, Британияда худди шундай қилинади. Шу жумладан, бу каби тунги масканларда ишловчи қолган барча ходимлар ҳам ҳар томонлама текширилиши лозим. Кейин, марҳамат, бемалол ишлайверишсин. Масъуллар эса, уларнинг фаолиятларини вақти-вақти билан текшириб туришлари мумкин. Уларнинг фаолиятларини чеклаш ёки тақиқлаш, яна бир бор такрорлайман, фақат салбий оқибатларга олиб келади, холос.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002












