Ҳақиқат текшируви: Туркиядаги қатағонлар рақамларда

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Крис Моррис
- Role, Би-би-си, Истанбул
Икки йил олдин мамлакат ҳарбийларининг бир қисми Туркияда давлат тўнтариши уюштиришга уринган, аммо президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳокимиятни қўлда сақлаб қолишга муваффақ бўлган эди.
Ўшандан бери Туркияда фавқулодда ҳолат ҳукм сурмоқда.
24 июнь куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Агар президентликка номзодларнинг бирортаси жами овозларнинг ярмидан кўпини тўплай олмаса, 8 июльда иккинчи тур ташкилланади.
Фавқулодда ҳолат рўйхатдан ўтган сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишига халал бермайди. Туркиядаги барча партиялар ўзининг сайловолди кампаниясини бошлаб, турли тарғибот ишларини ўтказиб келди.
Ҳукумат эса фавқулодда ҳолат режимидан турли мустақил ОАВни ёпиб ташлаш учун фойдаланди. Фаолият юритаётган телевидениелар эса ўз курсисида қолишни истаётган жорий президент Эрдўғон номзодини тарғиб қилиш билан машғул.
Нега Туркия ҳануз фавқулодда ҳолат режимида яшамоқда? Бу ҳол одамлар ҳаётига қандай таъсир қилди.
'Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдек тоталитар эмас': Ўзбекистон-Туркия алоқаларининг истиқболига назар
Тўнтариш қачон бўлган эди?
2016 йил 15 июлидан 16 июлига ўтар кечаси исёнчи турк ҳарбийлари бир неча соат давомида Анқара ва Истанбулни назоратда ушлаб турган эдилар. Исёнчилар авиацияси парламент ва бошқа ҳукумат биноларини ўққа тутади. Тинч фуқаролар ҳам зарар кўради. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳаракатлар давомида ҳалок бўлганлар сони 260 нафардан кам эмас. 2,200 киши эса тан жароҳати олади. Эрталабга бориб эса исён бостирилади.
Эртасига маълум бўлишича, исён муваффақиятсизликка учраган, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинади. Эрдўғон ва унинг тарафдорлари дунёдаги энг йирик давлат хизматчилари қатағонидан бирини амалга оширишга киришади.
Мақсад давлат тўнтаришига заррача алоқаси бўлган ҳар қандай шахсни йўқотиш эди.
Би-би-си фавқулодда ҳолат режими ва ҳукуматнинг аёвсиз чора-тадбирларига учраган шахслар юзасидан маълумот сўраб, Туркия Адлия вазирлигига мурожаат қилган эди, лекин ушбу мақола чоп этилаётган вақтда ҳеч қандай жавоб олинмади.
Ушбу мақолада келтирилган рақамлар очиқ ҳукумат ресурсларидан тортиб, нодавлат ташкилотларгача бўлган турли манбалардан олинган.
2016 йил июлидан бери 107 мингдан зиёд ходимлар фавқулодда ҳолат бўйича қарорга асосан давлат ишларидан бўшатилган. Яна ўн минглаб одамлар вақтинчалик ўз ишидан маҳрум қилинган. Бироқ текширувлар натижасида уларнинг аксарияти ишига қайтарилган.
Хусусий секторда ҳам кўплаб фуқаролар ишидан маҳрум қилинган. Аммо бундай кенг кўламли ишдан бўшатишлар тўғрисида аниқ рақамлар маълум эмас.
Аксарият ишдан бўшатилган фуқаролар сургундаги собиқ имом Фатхулло Гуленни қўллаб-қувватлашда гумонланмоқда. Ўтмишда Эрдўғонга яқин бўлган Гулен ҳозирда АҚШда яшайди. Туркия ҳукумати у ва унинг издошларини давлат тўнтаришини ташкиллашда айблайди.
Гулен эса ўзининг ушбу тўнтаришга алоқадорлигини қатъиян рад этади. Бироқ ўтган йиллар давомида унинг минглаган издошлари кўплаб давлат хизматларига ишга жойлашгани борасида деярли шубҳа йўқ.

Сурат манбаси, Getty Images
Тўнтаришга уринишдан сўнг ҳукумат раъйи билан ишдан бўшатилганлар орасида аскарлар ва полициячилар ҳам, судьялар ва прокурорлар ҳам, врачлар ва ўқитувчилар ҳам бор.
Мамлакатдаги судья ва прокурорларнинг тўртдан бири ишини тарк этган. Мухолифатдаги Республика халқ партиясининг қатағонлар борасидаги ҳисоботида айтилишича, камида беш минг профессор ва илмий ходим ҳамда 33 минг ўқитувчи ишидан айрилган.
Бошланғич мактаб ўқитувчиси Айнур Баркин қатағонлар давомида ишидан айрилганлардан. У Гуленчилик ҳаракатига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлайди. Баркин хоним таълим соҳасидаги касаба уюшмалари томонидан ташкилланган қатағонга учраганларнинг кичик норозилик намойишларида иштирок этиб, ишини қайтариб беришларини талаб қилмоқда.
«Ўқитувчи бўлиб ишлай бошлаганимга 15 йил бўлди,» дейди у. "Менинг жойим синфхонасида. Мени мактабга қайтаришлари, ишимга қайтишим шарт."

Сурат манбаси, Getty Images
Аввалига қатағонга учраганлар ишдан бўшатилганликлари юзасидан шикоят қилиш имконига эга эмасдилар. Бироқ инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатларини кузатиб борувчи Европа Кенгаши босими остида Туркия ҳукумати аниқ шикоятларни ўрганиб чиқиш бўйича комиссия тузишга мажбур бўлди.
Ҳозирга қадар ушбу комиссияга юз мингдан зиёд туркияликлар ишига қайтариш масаласи бўйича мурожаат қилган. Аммо комиссия юридик жараёндан кўра маъмурий иш олиб боришни афзал кўради. Ҳукуматга кўра, 19,600 та шикоят кўриб чиқилиб, 1,010 нафар шахс ишига тикланган.
Фавқулодда ҳолат билан боғлиқ равишда ишдан бўшатилганларга асл сабаблар ошкор қилинмайди. Ишдан бўшатишга асос бўлган сабаблар комиссия апелляцияни рад қилгандагина маълум қилинади.
Туркия ҳукумати танқидчилари барча қарорлар арзимас далилларга асосланиб қабул қилинишини таъкидлайдилар: шахс қайси банкда пулларини сақлагани, қандай мобил иловалардан фойдалангани ёки фарзандлари қайси мактабга боргани унинг ишдан бўшатилишига баҳона бўлиши мумкин. "Гуленники" ҳисобланувчи ташкилотлар мамлакатдаги банк ва мактаблар тармоғи билан боғланган. Шу сабабли улар билан қилинган ҳар қандай яқинлик исёнга эҳтимолий алоқадорликка тенглаштирилади.
Фақатгина ҳибсга олинганлар ва аниқ моддалар бўйича айбланганлар ўзларининг қатағонга учраши сабаблари ҳақида биладилар. Бундайлар сони ҳам кам эмас: 2016 йил июль ойидан бери 50 мингдан зиёд шахс изоляторларда ўз судини кутиб ётмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Уларнинг кўпчилиги Гуленга издошликда гумонланган. Бошқалари эса терроризмни қўллаб-қувватлашда айбланган курд фаолларидир. Қамоқдан туриб президентлик курсиси учун сайловларда қатнашаётган курд сиёсатчиси Салоҳиддин Демиртош ҳам айни айб билан қатағонга учраганлардан бири.
Ўтган якшанба куни сайловолди кампанияси давомида Демиртош илк бор телевизор экранларида пайдо бўлди - видео бевосита қамоқхонада тасвирга туширилган эди. Сайловолди намойишларида эса митингчилар тез-тез Демиртошнинг картондан ясалган шаклини кўтариб чиқадилар.
Туркиядаги ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва ҳуқуқшуносларнинг катта қисми ҳали ҳам панжара ортида қолмоқда.
Туркияда фаолият юритувчи «Мустақил журналистлар платформаси» ташкилоти ўз сайтида 2016 йил июлидан буён қамоққа ташланган 150 дан ортиқ матбуот ходимларининг рўйхатини эълон қилган. Шу вақтга қадар уларнинг ҳеч бири озод этилмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Буюк Британияга ташрифи давомида Эрдўғондан ушбу журналистлар тўғрисида сўрашган эди. Унинг жавоби жўн ва қўпол бўлди:
«Журналистлар ва террорчиларнинг фарқига бориш керак,» деди у. «Фақатгина гувоҳномаси бор бўлгани учун биз уларни журналист, деб аташга мажбурмизми?»
Фавқулодда ҳолатни бекор қилиш кимнидир шу заҳоти қамоқдан озод қилишни англатмайди. Бу қонун кучига эга бўлган фавқулодда фармонларни ҳам бекор қилмайди.
Бироқ бундай қадам Туркиядаги ноаниқликнинг асосий сабабига барҳам беради. Айнан қатағонлар туфайли Туркияга киритиладиган хорижий сармоялар миқдори кескин қисқариб кетган эди. Жорий сайловда кўтарилаётган муҳим масалалардан бири ҳам мамлакатда юзага келган иқтисодий муаммолардир.
Мухолифатдаги номзодлар, агар улар ғалаба қозонса, биринчи ўринда фавқулодда ҳолатни бекор қилишга ваъда бермоқда.
Президент Эрдўғон эса олдинроқ Гулен издошлари ёки бошқа бир томондан «террорчи таҳдид» эҳтимоли сақланиб қолар экан, фавқулодда ҳолат бекор қилинмаслигини таъкидлаган эди.
Бироқ сайлов куни яқинлашар экан, Эрдўғоннинг оҳанги ҳам бироз ўзгарди - сайловда ғалаба қозонса, у ҳам фавқулодда ҳолатни бекор қилиши мумкинлигига ишора қилмоқда. Шу билан бирга у зарур пайтда фавқулодда ҳолат қайта тикланиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.
Маълумки, сайловолди кампанияларида сиёсатчилар томонидан берилган ваъдалар сайловдан сўнг аксар ҳолларда бажарилмай қолади. Аммо президент Эрдўғон жамиятнинг босимини ҳис қилаётган кўринади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












