Қуддус: Туркия Трампни "ҳаддидан ошмасликка" чақирди

Сурат манбаси, RRODRICKBEILER
Туркия президенти агар АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан оладиган бўлса, унда унинг мамлакати Исроил билан алоқаларни узиши ҳақида огоҳлантирган.
Ражаб Тойиб Эрдўғон бу қадам мусулмонлар учун "ҳаддидан ошиш" бўлишини урғулаган.
Доналд Трампни Қуддуснинг Исроил пойтахти деб эълон қилишдан тийилишга чақираётган мамлакатлар сони ортиб бормоқда.
Хабарларга кўра, АҚШ президенти шу ҳафта ўз мамлакатининг Қуддус мавқеига нисбатан муносабатида кескин ўзгариш қилиши кутилмоқда.
"Жаноб Трамп! Қуддус мусулмонлар учун қизил чизиқдир, бу масалада биз Исроил билан алоқаларни узишга қадар боришимиз мумкин", деб айтган Туркия президенти.

Сурат манбаси, AFP
Исроил 1948 йил ташкил топганидан бери ҳеч бир мамлакат Қуддусни бу мамлакат пойтахти деб тан олмаган.
Трамп бу қадамни қўйса АҚШ биринчи давлат бўлади.
Исроил эса Қуддусни ўз пойтахти деб билади.
Фаластин ҳам Шарқий Қуддусни ўзининг келажакдаги пойтахти ўлароқ танийди.
Бундан олти йил аввал қамал остида бўлган Ғазога ёрдам етказишга уринган Туркия кемасига Исроил ҳарбийлари ҳужум қилишган ва натижада 9 киши қурбон бўлганди.
Икки мамлакат фақат бир йил аввал алоқаларни тиклашга муваффақ бўлишганди.
Ким қандай муносабатда?

Сурат манбаси, Getty Images
Франция президенти Эмануэл Макрон Трампга ўзининг хавотирларини билдирган.
Унинг айтишича, Қуддусни Исроил пойтахти этиб эълон қилиш масаласи икки томон ўртасидаги музокаралар доирасида бўлиши керак.
Европа Иттифоқи ҳам Трампнинг бу қадами "жаҳон ҳамжамиятининг катта қисмида жамоатчилик фикрига жиддий" таъсир қилиши билан огоҳлантирган.
Араб Лигаси раҳбари Аҳмад Абул Ғайт ҳам "бу қадам хатарнок оқибатларга етакловчи омил" бўлишини айтган.
Саудия Арабистони Исроил-Фаластин зиддияти ечилмасдан туриб бу каби қарор бериш "тинчлик жараёнига жиддий зарба бўлади".
Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос жаҳон раҳбарларини айни масалага аралишишга чақирган.
Унинг айтишича, "АҚШнинг бу қарори тинчлик жараёнини барбод қилади".
Иордания ҳам бу каби қадам "жиддий оқибатларга олиб келиши" билан огоҳлантирган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002












