АҚШнинг Исроилга янги элчиси Фаластинга қарши

Сурат манбаси, EPA
АҚШ Президенти этиб сайланган Доналд Трамп кескин қарашларга эга Дейвид Фридманни Американинг Исроилга элчиси лавозимига танлаб олди.
57 ёшли ҳуқуқшунос Фридман АҚШнинг Исроил-Фаластин муаммосини Фаластин давлатини барпо этиш йўли билан ҳал этиш сиёсатига қарши чиқиб келади.
Шунингдек, Фридман Исроил ишғол қилган Ғарбий соҳилда яҳудий мавзеларни қуришни қўллаб-қувватлайди. Обама бу лойиҳани "тинчликка тўсиқ" дея қоралаган.
Фридман "Исроилнинг абадий пойтахти бўлмиш Қуддусдаги АҚШ элчихонасида" ишлашни орзиқиб кутаётганини айтди. Унинг Қуддусни бу каби тасвирлаши фаластинликларни ғазаблантириши тайин.
БМТ Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олмаган, АҚШ элчихонаси эса кўп йиллардан бери Тел-Авивда жойлашган.
Аммо, сайловолди кампаниясида Исроилга ёқадиган кўплар ваъдаларни қилган Трамп элчихонани Қуддусга кўчиришини айтган.
Қадимий Қуддус шаҳрининг мақоми Исроил ва Фаластинликлар ўртасидаги энг зиддиятли масаладир.
Исроил Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусни 1967 йилги Яқин шарқ урушида ишғол қилган ва шаҳарни ўзининг яхлит пойтахти деб кўради. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус келгуси Фаластин давлати пойтахти бўлишини истайдилар.
Президент Барак Обама билан совуқ муносабатларга эга бўлган Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Трампнинг президент этиб сайланишини ҳуш қарши олган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












