"71 яшар момо ИШИД сафига қўшилмоқчи бўлган"

Сурат манбаси, AFP
Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти суди 71 ёшли Мавлуда Насриддиновани 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Унинг қизлари - Мушоҳирахон, Фарзона ва невараси Шоҳина ҳам 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганлар. Ҳимоячиларнинг айтишларича, қизлардан бири - Фарзонанинг 7 ойлик ҳомиласи бӯлган.
Аёллар Туркия орқали Сурияга ӯтиб, ӯзини «Исломий давлат» деб атаётган гуруҳга қӯшилишга уринишда айбланишмоқда.
Бу уринишнинг ташкилотчиси сифатида Мавлуданинг ӯғли - 47 ёшли Баҳодир Насриддинов айбланди. У Тожикистон Жиноий Кодексининг жиноий гуруҳ тузиш, экстремистик ташкилот фаолиятини уюштириш, Тожикистон фуқароларини ва Тожикистонда доимий яшаётган фуқаролиги бӯлмаган кишиларни бошқа мамлакатлар ҳудудларида бораётган жанговар низолар ва урушга қатнашиш учун ноқонуний равишда жалб қилиш моддалари билан айбланди. Баҳодир Насриддинов 17 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг укаси - 25 ёшли Ҳайдархон ва синглисининг эри - 23 ёшли Насруллохон Абдувалиев 12 ярим йиллик муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилдилар.
Суд жараёнида маълум бӯлишича, Исфара шаҳри яқинидаги Навгилем қишлоғида яшаган бу оила аъзолари Сурияга бориб, жанговар ҳаракатларга қӯшилиш мақсадида йӯлга чиқишган. Ӯтган йилнинг март ойида 27 кишилик оилавий катта гуруҳ Олмаотага жӯнаб кетган. У ерда икки ойча яшашгандан сӯнг Туркияга йӯл олишган. Туркияда тӯрт ой туришган. 2017-йилнинг охирида Суриянинг Идлиб шаҳрига ӯтмоқчи бӯлишган. Оилавий гуруҳнинг 18 нафар аъзоси чегарадан ӯтиб кетган. 9 киши эса, Туркия махсус хизматлари томонидан қӯлга олиниб, Тожикистонга топширилган. Уларнинг икки нафари - балоғатга етмаган қизалоқ ва бемор аёлга нисбатан жиноий иш қӯзғатилмаган.
Тақдири номаълум аёллар ва болалар
Тожикистон расмийлари радикал Ислом ҳақида гап кетганда Исфарани тез-тез тилга олишади. Суриядаги урушнинг дастлабки йилларида Башар ал-Асад ҳукуматига қарши курашиш учун отланганлар орасида исфаралик 17 кишининг борлиги таъкидланганди. Уларнинг ҳаммаси битта - Чорқишлоқ қишлоғидан эканлиги айтилиб, бу ӯта ташвишли ҳодиса эканлиги урғуланганди.
Лекин Тожикистонда маҳаллий ва халқаро таҳлилчилар томонидан ӯтказилган тадқиқотларга кӯра, Суриядаги урушга отланганлар орасида Тоғли Бадахшон мухтор вилояти истисно қилинганда, мамлакатнинг барча минтақаларида яшаган одамлар бор.
Тожикистонда энг шов-шувга сабаб бӯлган воқеа эса, Гулмурод Ҳалимовнинг изсиз йӯқолиб, Сурияда пайдо бӯлиши ва жиҳодга қӯшилгани ҳақида маълум этиши бӯлди. Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг ОМОН махсус бӯлинмасига бошчилик қилган таниқли командир Гулмурод Ҳалимов вақтида АҚШда ҳарбий тайёргарликдан ӯтган. Суриядан олинган маълумотларга кӯра, Гулмурод Ҳалимов ўзини "Исломий давлат"- ИШИД деб атаган гуруҳнинг уруш вазири деб эълон этилган. Унинг ӯлими ҳақида бир неча марта хабарлар тарқалган. Лекин ҳар гал унинг ӯзи ижтимоий тармоқларда тириклигини маълум этган. АҚШ Ҳалимовнинг турган жойини маълум этган кишига 3 миллион доллар мукофот берилишини хабар қилган. Ӯтган йил сентябрида Гулмурод Ҳалимовнинг ӯлдирилгани ҳақида янги хабар тарқалган. У Суриядаги юқори мартабали жангарилар тӯпланган ерости иншоотига авиаҳужум қилинганда ҳалок бӯлган. У билан бирга ИШИД гуруҳининг яна 40 нафар аъзоси ӯлдирилгани айтилганди.
Бу воқеадан икки ой олдин Тожикистонда Гулмурод Ҳалимовнинг тӯрт нафар яқин қариндоши ӯлдирилган. Яна уч нафари ҳибсга олинган. Тожикистон расмийларининг билдиришларича, улар Афғонистонга ӯтиб кетмоқчи бӯлишган.
Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, айнан Гулмурод Ҳалимовнинг "Исломий давлат" гуруҳига қӯшилиши Тожикистонда Сурияга бориш учун интилаётган кишилар сонини кӯпайтирган. Ҳалимовнинг ӯлимидан кейин эса, бу ҳаракат кескин сусайган.
Айни бир вақтда исфаралик Насриддиновлар оиласи Ҳалимов ӯлимидан анча вақт ӯтиб, Туркия-Сурия чегарасини кесиб ӯтишга уринган. Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, Насриддиновлар Сурияга отланган энг катта оилавий гуруҳ бӯлган. Лекин уларгача ҳам Сурияга жӯнаб кетган тожикистонлик оилалар оз бӯлмаган.
Зафаробод туманида яшаган Тӯрабековларнинг ана шундай оилалардан бири эканлиги айтилган. Радикал исломий оқимга қӯшилган оиланинг бир фарзанди бошқа яқинларини Сурияга жӯнаб кетишга, мусулмон биродарларга ёрдам беришга чорлайверган. Бу йигит онаси, икки ака-укаси ва синглисини кӯндира олган. Лекин отаси кӯнмаган. Қайтага у ӯғлига нотӯғри фикрда эканлиги ва ундан қайтишни таъкидлаган. Лекин ӯғил отасини айблаб, бир куни яширин равишда онаси, ака-ука ва синглиси билан йӯлга чиққан. Тӯрабековнинг Сурияга етиб борган хотини унга қӯнғироқ қилиб, талоғини беришни талаб қилган. Ӯғилларнинг иккитаси бирин-кетин ҳалок бӯлган. Тожикистонда қолган ота тақдирга тан бериб, бошқа оила қурган.
Расмий маълумотларга кӯра, Суриядаги урушга Тожикистондан камида 160 оила жӯнаб кетган. Бу оилалар ӯзлари билан 170 нафарга яқин болаларини олиб кетишган.
"Исломий давлат" фақат Сурияда эмас, балки Ироқда ҳам мағлубиятга учраган бӯлса-да, тожикистонлик кӯплаб аёллар ва болаларнинг тақдири номаълум қолмоқда.
Эрини "жиҳод"га олиб кетмоқчи бӯлган аёл
Сурияга отланган аёллар фақат исфаралик Насриддиновлар ва зафарободлик Тӯрабековлар оилалари аъзолари бӯлган аёлларгина эмас. Тожикистон расмийлари тахминларича, Сурияга кетган тожикистонлик аёллар сони 200 нафарга яқин бӯлиши мумкин. Бу аёлларнинг кӯпчилиги эрларининг гапларини икки қила олмасдан бегона юртга кетишган. Лекин айрим аёллар эрларининг алдовига учган. Эрлар хотинларидан Сурияга боришларини яшириб, Туркияга бориб, ишлаб, яхши пул топиб келамиз, деб ёлғон айтишган.
Айни пайтда расмийлар камида беш нафар тожикистонлик ёш аёлнинг ӯз ихтиёри билан Сурияга кетганини айтишади. Улар ҳали турмуш қурмаган талаба ё янги иш бошлаган қизлар бӯлишган. Улар ижтимоий тармоқлар орқали танишган чет эллик эркакларнинг маънавий бойлик, турли миллат ва ирққа мансуб одамларнинг тенглиги ҳақидаги ширин сӯзларига учишган. Душанбелик ӯттиз ёшдан ӯтган бир аёл Суриядан бошқа аёлларни урушга ёллаш мақсадида Тожикистонга қайтиб келган. У Сурияга эрини ҳам олиб кетмоқчи бӯлган.
Ӯтган йили Бирлашган Миллатлар ташкилоти аёлларнинг зӯравон экстремизмда қатнашишлари ва бунинг олдини олиш тадқиқотларини эълон қилар экан, эрининг хатти-ҳаракатлари ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган аёл ҳақида маълумотлар келтирган. У аёл эрининг телефонда тез-тез гаплашаётганини кӯриб, уни ӯзига хиёнат қилаётганликда айблаган.
"Исломий давлат" мағлуб этилди, лекин шубҳа тугаган эмас
Тожикистон ҳукумати томонидан Суриядан ӯз ихтиёри билан қайтиб келган кишиларга нисбатан жазо қӯлланмаслиги эълон қилинган. Айни бир пайтда бу кишилар Сурияда бирон-бир жанговар ҳаракатда қатнашмаган бӯлишлари, бошқача айтганда, қӯллари қонга бӯялмаган бӯлишлари шарт. Ӯзига хос бу авфдан сӯнг Суриядан қайтган, ёки уруш бораётган мамлакатга ӯтиш учун йӯлга чиқиб, орқага қайтган кишилар тегишли текширув ва суҳбатлардан сӯнг, "тозалик"лари аниқлангач, жазога тортилмаган.
Лекин бу имконият берилишига қарамай, бӯйин эгиб келишни истамаётган кишилар оз эмас. Сурия ва Ироқда "Исломий давлат" гуруҳи мағлубиятидан сӯнг урушга кетган кӯплаб тожикистонликларнинг тақдири номаълум қолмоқда. Расмийлар уларнинг қуршовдан чиқиб кетган ва турли йӯллар билан Тожикистонга қӯшни Афғонистонга етиб олган бӯлишларидан хавфсирашади. Айни бир пайтда "Туркистон Исломий ҳаракати" аъзоларидан кӯплари "Исломий давлат"нинг Афғонистондаги гуруҳларига қӯшилишлари бу хавфсирашни кучайтирмоқда. Тожикистон расмийлари олган маълумотларга кӯра, айни тожикистонлик жангарилардан бири Афғонистондаги "Исломий давлат" гуруҳларидан бирига бошчилик қилмоқда. Тожикистонлик бир аёлнинг эса, "Исломий давлат"нинг урушаётган аёллар қанотига раҳбарлик қилаётганлиги ҳақида хабарлар олинган.
Устига Россиядан қайтиб келаётган меҳнат муҳожирлари орасида радикал оқимларга қӯшилиб кетган, Сурияда жанг қилган кишилар бӯлиши мумкинлиги ҳам хавотир туғдирмоқда. Чунки расмийлар томонидан ӯтказилган таҳлилларга кӯра тожикистонликлар Сурия урушига асосан Россияда ёлланганлар. Тожикистондаги масжидларда Сурияга кетган ёшларнинг асосий кӯпчилиги чин Исломдан бехабарликлари ва фикри бузуқлар қутқуларига учганликлари борасида маъвизалар қилиб турилади.
Гарчи Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Сурияга жӯнаб кетган ва қидирувда бӯлган тожикистонликларнинг исми-шарифлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бӯлса-да, лекин таҳлилчилар амалда уларнинг сони кӯпроқ бӯлиши мумкинлигини айтишади. Айни шу боис уйма-уй текширишлар, хонадонларга кириб, меҳнат муҳожирлигига жӯнаб кетган яқинлари телефон рақамларини олиб, қӯнғироқ қилиб, сӯрашлар, чет элдан қайтаётган кишилар ҳақида маълумот тӯплашлар давом этмоқда. Илгари асосан эркаклар текширилган бӯлса, энди аёллар ҳам шубҳа остига олинмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















