Ўзбекистон ва Тожикистон ва ниҳоят энг муҳим битим ижросига киришишдими?

Сурат манбаси, president.uz
Минтақадан олинган хабарларга кўра, икки қўшни давлат ўрталаридаги узоқ кутилган ва энг муҳим келишувлардан бирининг ижросига киришишган.
Чегара минтақаларини миналардан тозалаш бўйича ҳар икки давлат мутахассисларидан иборат яқинда тузилган қўшма ишчи гуруҳи тайёргарлик ишларини бошлаган.
Тожикистондаги айрим манбаларга кўра, жараён май ойининг иккинчи ярмидан бошланиши мумкин.
Аммо Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги айнан қайси минтақалар ва қанча миқёсда миналаштирилганига оид расмий маълумотлар кенг жамоатчиликка имконли эмас.
Орада кечган вақт давомида бу хусусда матбуотда эълон қилинган хабарлар мазмуман бир-бирига зид экани кузатилган.
Ўзбекистон 90-йиллар охирларида қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирган.
Расмий Тошкентнинг бу каби амали ўзларини Исломий кучлар, деб атаган қуроллиларнинг Қирғизистоннинг Боткен вилояти орқали Фарғона вилоятига сизиб киришга уриниши воқеълиги ортидан кузатилган.
Ўзбекистон томонининг "террорчилар сизиб киришининг олдини олиш ва ноқонуний наркотик моддалар йўлини тўсишни мақсад қилган" мазкур чораси сабаб, орада кечган 20 йил вақт давомида юзлаб Тожикистон фуқароси жабр кўрган, ўлиб, яраланган. Ўнлаб кишилар эса, бир умрга мажруҳ бўлиб қолганлар.
Жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқароларининг ўзлари борликларига оид хабарлар ҳам олинган.
Лекин, маҳаллий кузатувчиларнинг наздларида, шу пайтгача бирор бир қуролли жангари ва ёки контрабандачи икки давлат ўртасидаги чегара минтақаларида ўрнатилган бу миналарга тўқнаш келишмаган.
"Иккита муаммодан биттаси"
Мавжуд муаммо яқин-яқингача сув, транспорт, энергия масалалари ва таҳлилчилар баҳосида раҳбарларининг "шахсий муносабатлари"га асосланган ташқи сиёсати сабаб, ниҳоятда дарз етган алоқаларида энг ҳассос нуқталардан бирига айланган.
Тожикистон томонига кўра, Ўзбекистон билан икки ўртадаги туташ ҳудудларнинг якуний мақоми ҳал этилмай туриб, ўзаро чегарадаги минтақаларни миналаштириш тўғри иш бўлмаган.
Ўзбекистон тарафи эса, миналаштириш ишлари фақат ўз ҳудудида амалга оширилганини таъкидлаб келган.
Орада минтақадан расмий Тошкент ўзбек-тожик ва ўзбек-қирғиз чегараларини миналардан тозалаш истагида эканига оид хабарлар олинган.
Бунинг учун катта маблағ зарурлиги айтилиб, хорижий давлатлардан кўмак сўралгани, натижада жараён яна бир неча йилга ортга сурилиб кетгани маълум бўлган.
Президент Ислом Каримов вафоти ортидан, Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев бошчилиги остидаги янги раҳбарияти янгича минтақавий сиёсат йўлини тутган, қўшнилари билан ҳар томонлама алоқаларни яхшилаш ҳаракатига тушган.
Тожикистон Ўзбекистоннинг янги президенти давлат ташрифи билан борган энг сўнгги Марказий Осиё давлати бўлганига қарамай, орада кечган қисқа вақтнинг ўзида томонлар бир неча ўн йиллик миналар масаласида ижобий ечимга эришишган.
Мазкур муаммо аввалига Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг шу йил январь ойида Душанбега қилган сафари чоғида кўтарилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг март ойида Тожикистонга қилган давлат ташрифи назарий жиҳатдан ушбу масалада якуний сўзни айтган, томонлар бу хусусда расман бир келишувга келишган.
"Тарихий", дея баҳо топган бу ташриф чоғида икки қўшни давлат ўртасида, йилларки, ёпиқ қолаётган ўндан ортиқ чегара ўтиш нуқталари ҳам очилган.
Муносабат ва фикр
Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Тожикистондан мустақил журналистнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ўзаро чегарадаги миналаштирилган ҳудудларни тозалаш жараёни яқин-яқингача ўта ёвқараш мавқеъда бўлиб келган бу икки давлат учун алоҳида рамзий маъно касб этади.
Узоқ йиллик ишончсизлик ортидан, ўзаро ишончни пайдо қилиш ва мустаҳкамлашда мислсиз аҳамиятга эга бўлади.
"Айнан ўша ишонч мустаҳкамланади. Масалан, эсингизда бўлса, қўни-қўшни ўртасида илгарилари деворлар устида сим чангак, деган нарсалар бўларди. Қўшнининг ити ва ё бошқаси ўтмасин, деган мақсадда. Ўша сим чангаклар олинганидан кейин, одамларнинг бир-бирларига бўлган ишончлари жудаям мустаҳкамланиб кетарди. Деворларида эшикчалар очиб олишгача боришарди. Агар, рамзий маънода айтадиган бўлсам, ўша "эшикчалар" - чегарадан ўтиш масканлари аллақачон очилди. Фақат миналар қолди. Миналарни мен ўша сим чангаклар - тиканли симларга ўхшатаман".
"Сим тиканлар йўқолганидан кейин, одамлар янаям бир-бирига ҳурмат билан, ишонч билан қарай бошлашади, "Мана, қаранг, қўшнимиз бизга қандай яхши муносабат қилаяпти. Қўшнимиз бизга ишонди, биз ҳам уларга ишонч билан қараймиз, деб", - дейди бу журналист суҳбатдошимиз.
Аммо энг сўнгги хабарлар манзарасида ҳам сўз айнан қай бир минтақалар хусусида кетаётгани, бу жараённинг томонларга аниқ қанчага тушиши ва қай тариқа молияланиши тафсилотлари маълум эмас.
Би-би-си Ўзбек Хизмати миналардан тозалаш ишларининг қанчалик мушкул ва серхарж иш эканига ойдинлик киритиш мақсадида дунёнинг энг миналаштирилган давлатларидан бири бўлган Афғонистондан собиқ масъул ва мутахассислардан бири билан боғланди.
"Агар, мина пиёдаларга қарши мўлжалланган ва ўрнатилган жойи аниқ бўлса, уни топиб, зарарсизлантириш унча қимматга тушмайди. Битта мина учун 5-10 АҚШ доллари кетиши мумкин. Аммо мина мураккаб ва хавфли бир тарзда ўрнатилган бўлса, уни топиш учун махсус ускуна ва малакали мутахассис лозим бўлади. Топиш қийин экани боис, харажати ҳам кўп бўлади. Минани узоқдан топишга қодир ўта замонавий жиҳозлар имконли бўлган ҳолатлар бундан мустасно, албатта".
"Демоқчи бўлганим, қаерда ва қандай ўрнатилганига қараб, миналарни топиш ва зарарсизлантириш жараёнига кетадиган сарф-харажат фарқланади. Шундай миналар бўладики, уни ўнта мутахассис бир кун ишлаб ҳам топа олмаслиги мумкин. Лекин, агар, жойи тайин бўлса, уни топиш учун бор-йўғи 10 дақиқа ҳам кифоя қилади. Қанча қисқа вақтда топса, харажати ҳам шунча кам бўлади", - дейди Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаси бўйича Қизил Ярим Ой жамиятининг минадан огоҳлик ишларига масъул собиқ вакили.
Аммо, суҳбатдошимизнинг якунида урғулашича, бу масалада мавжуд имкониятлари назарда тутилганда, Марказий Осиё давлатларини узоқ йиллик қуролли низолар ичида қолаётган, дунёнинг энг ночор давлатларидан бири бўлган ва халқаро ёрдамга қарам Афғонистон билан қиёслаш, барибир, анчайин ноўрин бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












