Халқ таълими вазири ўринбосари популистми ёки тизимни ўзгартирувчи?

Сурат манбаси, Facebook/Alisher Sadullaev
Ўзбекистондаги бир неча интернет нашрларининг хабар беришича, Халқ таълими вазирининг энг ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаев кўча тозалашга мажбурланаётган ўқитувчиларнинг ҳимоясига чиққан. У Facebook да парламент аъзоларини шу йўлда бирлашиб меъёрий ҳужжат ишлаб чиқаришга чақирган.
Кун.узнинг ёзишича, Facebook даги Sadullaev Alisher профили орқали ёзган вазир ўринбосари, "Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин. Парламент аъзолари, депутатлар ва бошқа давлат органлари келинглар бирлашайлик. Миллат тақдири-ку ахир?!", деган.

Сурат манбаси, Facebook
Би-би-си ушбу профил эгаси ростдан ҳам Халқ таълим вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаевга тегишли эканлигини сўради.
Вазир ўринбосарининг Facebook да Alisher Sadullaev номи остида саҳифаси ҳам бор. У саҳифада бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган.
Бироқ икки профилдан ҳам жавоб келмади.
Facebook да ўзини Халқ таълими вазирининг ўринбосари сифатида кўрсатаётган 23 ёшли Sadullaev Alisher нинг ёзишича, у бу ишларни қилади ёки ишдан кетади.
"Баъзи бир қонунларни амалда исботини топиши учун курашишимиз керак. Мен мурожаатларга бошқа чидаб тура олмайман. Ё ишлайман, ё кетаман. Ўзбекистон учун миллионлаб доллар экспорт олиб келганим яхши ва юртбошимиз ҳам бундан рози бўладилар, Худо хоҳласа", - деб ёзган у.

Сурат манбаси, xabar.uz
Sadullaev Alisher ўз пости остига Facebook даги депутатлар ва ўқитувчиларни жалб қилган.
"Ҳар бир раҳбар мактабда ўқиган ҳамда устоз кўрган ва ишончимиз комил улар ҳам ўз устозларини ардоқлашади. Ҳали бу каби юмушларни инновация орқали енгиллаштириш ва катта ютуқларга эришиш мумкин. Бунинг учун фақат ўқитувчиларга бор имкониятни яратиб беришимиз зарур шунда ўқитувчи эмас инновация бизга ечим бўлади", деган у.
Вазир ўринбосарининг ушбу чақириғи ижтимоий тармоқларда кенг акс-садо берган.
Аксарият фикр қолдирувчилар уни қўллаб қувватлаганини кўриш мумкин.
Коллежда ўқитувчилик қилувчи Дилором Абдураҳмонова вазир ўринбосаридан, "барча ўқитувчилар иш ташлаш қилайликми", деб сўраган.
Алишер Саъдуллаев "аввал бир ҳаракат қилиб кўрайлик", деб жавоб берган.
Twitterда фикр қолдирганлардан бири вазир ўринбосарини популистликда айблаган.
"Меъёрий ҳужжат ишлаб чиқайлик дея қичқираётган популист вазир ўринбосари, амалдаги қонунчилик мажбурий меҳнатга мажбурлаш жиноят эканини биладими? Ўқитувчининг ўлими учун ҳоким жазоланиши керак, вазир истеъфо бериши керак, агар орияти бўлса. Меъёрий ҳужжатмуш", дейди у.
Shohidaxon Qodirova ўқитувчилар Алишер Саъдуллаегв умид билан қараётганини, бироқ тизимни Facebookда айюҳаннос солиб ўзгартириб бўлмаслигини айтган.
"Ҳамма гапни гапириш осон тизимни тезда айюҳаннос солиб ўзгартириб бўлмайди. Бунга хамма бирдек тайёр бўлиши керак. Кимдир ишдан кетса ёки Алишер масалани кўтариб йиғилиш қилса ўзгариш бўладими? Ўқитувчи улуғ халк, хақини танийди, лекин бегубор бола билан ишлагани сабаб улар самимий, сабрли яхши кунларни кутишяпти Алишерга умид билан қарашяпти", деб ёзган у.
Komil Djalilov Диана Еникееванинг ўлимида айбдорлар орасида Алишер Саъдуллав ҳам борлигини ёзган.
"Диананинг ўлимида айбдорлардан бирисиз! Вазир ўринбосари сифатида қўлингизда ваколат борми ёки фақат ПР, селфибозлик учун қўйилганмисиз?! Ўқитувчилар мардикорга айланганидан хабарим йўқ эди, энди кўзим очилди, деманг. Бевосита раҳбарингиз Иноятов эса мард бўлса аллақачон ўқитувчиларни ҳимоя қила олмаслигини тан олиб истеъфога кетиши керак еди. Қани, қўлингиздан келса, вазирликда мажлис чақиринг, ўқитувчиларни ҳимоя қилиш масаласини қатъий қўйинг, керак бўлса Президентга чиқинг. Ишни биринчи навбатда Каттақўрғонда ўқитувчиларни трассага ҳайдаганларни қонуний жавобгарликка тортишдан бошланг", дейди у.
Вазир ўринбосари ушбу айбловларга рози эканлигини, бироқ раҳбарларига айб юкламасликни сўраган.
"Мени ёмонласангиз розиман селфибоздирман, амалпарастдирман, қилаётган вазифам фақат таълимни ривожлантириш бу йўлда ҳамма нарсага тайёрман. Афсус, янги келганлар ҳали ички муҳитга тўлиқ мослашмасдан, ташқи муҳитдан ҳам бизда зарба берилади. Бу йўсинда яқин орада ёшлар давлат ишига келмайди, келса ҳам бекиниб юраверади. Лекин ҳеч қачон менинг устимдаги раҳбарларга айблов юкламанг, улар ўзидан ўтганини ўзи билади ва керак бўлса тунлари қолиб ишлаб чиқишади ҳам", дея раҳбарларини оқлаган Алишер Саъдуллаев.
Вазир ўринбосари ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга чиқаришни тўхтатиш тўғрисида баҳ олиб бораётган бир вақтда унинг қўл остида бўлган Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ. Саидов имзоси остида мурожаат чоп қилинди.
Каттақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари ҳам имзо чеккан ушбу мактубда Диана Еникееванинг кўча тозалаётганда Камаз остида қолиб ҳалок бўлгани рад этилади.
Унда айтилишича, Диана Еникеева ва бошқа ўқитувчилар Президент келиши арафасида кўчаларни тозалаш ва супуришга жалб қилинмаган

Сурат манбаси, xabar.uz
Баёнотда Диана Еникееванинг дарс вақти мактабдан қарийб 10 чақирим узоқдаги трассада нима қилиб юргани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Хабар.уз махсус мухбири Каримберди Тўрамуроднинг гувоҳлар билан гаплашган гаплари эътиборга олинмаган.
Каримберди Тўрамурод Халқ таълим бошқармаси ва ҳоким ўринбосари баёнатига қарши яна бир мақола чоп қилди.
Унда Диана Еникеева ўлими муносабати билан ўзи гаплашган ва кўрган ўқитувчиларнинг кўча тозалаётган суратлари акс этган.
Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи арафасида 2018 йил 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалаш ишларига жалб этилган ўқитувчи Диана Еникеева юк машинаси уриб кетиши натижасида шифохонада жони узилган эди.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












