Бобомурод Абдуллаев ишида қийноқлар бўйича суд-тиббий экспертизаси ўтказилади

Сурат манбаси, Facebook/Bobomurod Abdulla
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаевнинг биринчи маҳкама йиғилиши бўлиб ўтди. Судья Зафар Нурматов адвокат Сергей Майоровнинг қийноқлар бўйича суд-тиббий экспертиза тайинлаш сўровини қондирди.
Маҳкамада иштирок этган журналист Малоҳат Эшонқулованинг маълум қилишича, суд жараёни "рисоладагидек" ўтган.
"Адвокат Сергей Майоров ҳимоясидаги шахсга нисбатан қийноқ қўлланилгани ва буни тасдиқлатиш учун суд-тиббий экспертиза тайинлашни сўради. Кейин судья Бобомурод Абдуллаевга юзланиб, экспертиза тайинланишини истайсизми, деди. У Бобомурод Абдуллаевдан қийноқ излари сақланиб қолган бўлса кўрсатишни сўради. Зал тўла одамга Бобомурод қийноқ аломатларини кўрсатди", дейди Малоҳат Эшонқулова.
Маҳкамадан Малоҳат Эшонқулова юборган лавҳани BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида томоша қилинг.
Шундан сўнг ҳакам Зафар Нурматов суд-тиббий экспертиза тайинлаш бўйича қарор қабул қилган.
Суд жараёнининг кейинги куни судья томонидан маълум қилиниши айтилган.
Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, суд бошланишидан олдин залга металл детекторлар орқали текширилиб судланувчиларнинг яқинлари киритилган.
Кейин назоратчилар бошқа ҳеч ким кирмаслигини маълум қилган.
"Биз бориб бироз ғавғо кўтардик. Майли бизларни киритмасаларинг ҳам, ўрганиб қолганмиз бундай муомалага, лекин элчиликдан келганларни киритинглар. Шавкат Мирзиёев судларни мустақил ва шаффоф, деб гапиряпти, Президентни бутун дунёга шарманда қиласизлар-ку, дедик. Кейин 15 дақиқалардан кейин судьянинг котиби келиб АҚШ элчихонаси ва Европа Иттифоқи ваколатхонасидан келган вакилларни киришини айтди. Орқасидан ҳуқуқ-ҳимоячилари ва журналистлар кирди", дейди у.
Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, суд залида 50-60 одам кирган.
Би-би-си маълум бўлишича, суд залига сиғмай қолган яна 10 киши ташқарида қолиб кетган.
Суд залига бирорта видео, овоз ёзиб олувчи мосламани олиб киришга рухсат берилмаган.
Маҳкама очиқ бўлса-да, уни тасвирга олишга изн берилмаган.
"Судья Зафар Нурматовдан ОАВ учун ҳеч бўлмаса бир кишининг тасвирга олишига рухсат беришини сўраб оғиз жуфтлаган эдим, Нурматов яна бир оғиз гапирсам суд залидан чиқариб юборишини айтди", дейди Малоҳат Эшонқулова.
Суд жараёнида журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаёт Насреддинов ва икки тадбиркор Равшан Салаев ҳамда Шавкатжон Оллоёровлар ҳозир бўлган.
Адвокат Майоровнинг суд-тиббий экспертизасини ўтказиш талаби янграгандан сўнг, ҳакам Зафар Нурматов ярим соатлик танаффус эълон қилган ва қайтиб келгач суд-тиббий экспертизаси тайинланганини билдирган.
Кузатувчилар судья томонидан маҳкама жараёнида қийноқларни эътироф этиш ва суд-тиббий экспертизасини тайинлаш мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи бор учраётганини эътироф этишмоқда.
Шу вақтгача судлар қийноқ бўйича айтилган гапларни эътиборсиз қолдирган.
6 март куни МХХ ҳибсхонасидаги журналист Бобомурод Абдуллаев билан адвокати Сергей Майоров бир соат учрашган.
Адвокатнинг маълум қилишича, Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олишдан асосий мақсад ўша вақтдаги Бош Прокурор айни дамда МХХни бошқараётган Ихтиёр Абдуллаев ва 2017 йил 7 сентябрда Ички ишлар вазири этиб тайинланган Пўлат Бобожоновларга қарши компромат йиғиш учун қўлга олишган.
Адвокатнинг айтишича, 3 март куни Сергей Майоров билан учрашиб барча қийноқлар ва тергов жараёни ҳақида гапириб берганидан сўнг Бобомурод Абдуллаев ўзига нисбатан қийноқлар қайта бошланишидан хавотирланган.
Бироқ унинг адвокатига айтишича, МХХ томонидан ҳеч қандай босим бўлмаган.
Адвокатнинг Бобомурод Абдуллаевга таяниб маълум қилишича, уни аввало ўша вақти Бош прокурор бўлган Ихтиёр Абдуллаев Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга қарши компромат йиғиш учун қўлга олишган.

Интернетдаги барча мақолалар эса МХХ учун иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлган.
"Аввалига МХХ ходимлари Бош прокурор ва вазир бўйича маълумот талаб қилишган. Натижада Бобомуродни, Бош прокурор Абдуллаев маълумотларни Равшан Салаевга, Равшан эса Бобомуродга берган деб ёзишга мажбурлашган. Ҳудди шундай, вазир Бобожонов маълумотларни Оллаёровга берган, у эса ўз навбатида Бобомуродга берган, деб ёздиришган. Бош прокурор ва вазирга қарши компроматлар шунга асосланган", деб ёзади адвокат Сергей Майоров.
Майоровнинг таъкидлашича, журналистга нисбатан қийноқ қўлланилаётганда ундан нима учун янги Президент Мирзиёевни қўллаб қувватлаётгани ҳақида сўрашган.
"Хўш, сенинг президентинг нима ҳам қила оларди? Янги президент қўл остида ҳамма ўғирлик қилади. Фақатгина МХХнинг шарофати билан ҳокимлар ўғирлик қилолмайди. Ҳақиқий ҳокимият МХХда ва Президент ҳеч нарса қилолмайди", дея Бобомурод Абдуллаев сўзларидан иқтибос келтирган адвокат.
Адвокатнинг ёзганларидан маълум бўлишича, МХХ Бобомурод Абдуллаевдан Бош прокурор ва ички ишлар вазири ҳақида "айбни тан олиш" ҳақида ёздириб олганидан сўнг, улар интернетдаги мақолалар ва "Йиғим-терим"га ўтишган.
Терговнинг даъво қилишича, "Йиғим-терим" ("Жатва") номи берилган "лойиҳа"га мувофиқ, уч босқичда Ўзбекистоннинг амалдаги конституциявий тузумини ағдариш режаланган.
Бироқ адвокатнинг айтишича, журналистнинг ишида Бош прокурор ва вазирга нисбатан ёзган тушунтириш хатлари йўқ.
МХХ ходимлари Ўлмас ва Володя исмли шахслар журналистга руҳий босим ўтказгани айтилмоқда.
Улар уни дўппослашмаган фақат руҳий суҳбатлар билан босим ўтказиб, таҳдид қилишган.
Адвокатнинг Бобомурод Абдуллаевга иқтибос қилиб ёзишича, айнан ўша шахслар Бобомурод Абдуллаев ўз мақолаларида янги Президентни ёмонлаш ўрнига қўллаб-қувватлагани учун койишган.
"Яна бу шахслар, Бобомуродни МХХ деворлари ичида ўлдирмасликларини, бу МХХ обрўсига доғ туширишини, уни "Тоштурма" ёки зонада ўлдириб юборишларини айтишган. Уни оғир меҳнатга қўйишларини, ўша ерларда ишлаб турган агрегатларга итариб юборишларини, натижада унинг танаси қийма-қийма бўлиб кетишини ва шуни онасига беришларини таъкидлашган", деб ёзади Сергей Майоров.
5 март куни, суддан қайтгандан сўнг, унинг олдига врач кирган.
У Бобомуроднинг асосан чап қўлини кўздан кечирган. Адвокат 3 март куни Бобомурод Абдуллаев билан учрашганда унинг чап елкаси ва қўлига бир метрлик пластик труба билан урушганини билган эди.
Адвокатнинг маълум қилишича, 5 март куни Бобомурод билан учрашган врач қўлга шикаст етганини тасдиқлаган.
"Суҳбат давомида Бобомурод қандай қилиб қийноқ пайтида чап қўли шикастлангани ҳақда батафсил тушунтирган. У шунингдек умуртқасидаги оғриқ борасида ҳам арз қилган. Врач бу борада ҳам уни кўрикдан ўтказган. Айтганча, врач Бобомурод билан суҳбати давомида, уни 6 сутка давомида ухлашга қўймаганлари, кейин эса яна уч сутка "юмшоқ хона"да сақлаганликларидан хабардор эканлигини айтган. Эҳтимол, инсонларни бундай қийноққа солишганида, буни врач назорати остида қилишса керак", дейди Сергей Майоров.
Бобомурод Абдуллаевни хонадан хонага бошига қоп кийдирган ҳолда олиб ўтишган.
Бобомурод Абдуллаев МХХ терговчилари унинг компютери ва магнитли хотира ташувчиларига уни айблашаётган давлат тўнтариши ва "йиғим-терим"га оид маълумотларни ўзлари киритиб қўйганига ишончи комиллигини айтган.
Чунки журналистни маълумотларни тиклаш бўйича экспертизада қатнаштиришмаган ва ундан ўзи бош тортгани ҳақида қоғозга имзо чектириб олишган.
Бобомурод Абдуллаев мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма беришга ҳам мажбур бўлганини айтган.
Терговчилар ҳамда уни руҳий қийноққа тутганлар интернетдаги мақолаларни ёзишга Муҳаммад Солиҳ уни мажбурлагани тўғрисида ёзиб беришни талаб қилган. Журналист аслида бундай бўлмаганини ва 2003 йилнинг январ ойидан бери "Усмон Ҳақназаров" номи остида ёзганини таъкидлаган.
Адвокатнинг ёзишича, терговчилар Нодир Тўрақулов ва Александр Веселовлар журналистдан Муҳаммад Солиҳнинг талаби билан 2013 йилдан бошлаб "Усмон Ҳақназаров" номи остида ёзишни бошладим, деб кўрсатма беришга мажбурлашган.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












