Умида Узоқова ишидаги терговчи четлатилди

қийноқлар

Сурат манбаси, Surat ikramov

Сурат тагсўзи, Умида Узоқова қийноқ ва таҳқирлашларга дуч келганини айтган

Дастлабки тергов давомида қийноқ ва таҳқирлашларга учраганини даъво қилган Умида Узоқова ишини олиб борган терговчи Солиҳ Раҳмонов ундан четлатилди. Янги тайинланган терговчи Сарвар Юсупов ишнинг тез орада судга оширилишини айтган.

Солиҳ Раҳмоновнинг нима сабабдан ишдан четлатилгани борасида маълумот йўқ.

BBCUZBEK.COM бу борада Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси билан боғланди, аммо маълумот ололмади.

ЎзА томонидан масжидда варақа тарқатганликда айбланган Умида Узоқовага нисбатан Тошкент милицияси томонидан тахқирлаш ва қийноқ ҳоллари бўлганлиги айтилганди. Унинг кийимларини ечишган ва суратга олиб интернетга қўйиб юбориш ҳамда дубинка билан зўрлашларини айтиб қўрқитишган.

Бу ҳақда тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов хабар берганди.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи чиқарган хабарда айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Умида Узоқовага нисбатан "Ҳизбут таҳрир" ташкилотига аъзо бўлиш ва ташкилотнинг варақаларини тарқатиш айбини қўйишга уринганди.

Ушбу айбловларни рад этган Умида Узоқовани ечинтиришган ва резина таёқ билан зўрлаймиз деб таҳдид қилишган.

Солиҳ Раҳмонов Гўзал Тўхтахўжаеванинг ишини ҳам олиб борган

Сурат манбаси, Guvd.uz

Сурат тагсўзи, Солиҳ Раҳмонов Гўзал Тўхтахўжаеванинг ишини ҳам олиб борган

Оилавий шароити туфайли уй қамоғига ўтказилган Умида Узоқова соғлиги ёмонлиги айтилмоқда.

Солиҳ Раҳмонов Умидадан ташқари унинг онаси Насиба Узоқова, укаси Муҳаммадамин Абдураҳмонов, Муҳаммад Рашидов ҳамда Гўзал Тўхтахўжаева ишларини ҳам олиб борган

Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) аломатлари билан жиноят ишида айбланмоқда.

2009 йилдан бери қидирувда бўлган ва шу йилнинг 15 январ куни ушланган Гўзал Тўхтахўжаевага Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми «б» банди (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш айби ҳам қўйилган.

Гўзал Тўхтахўжаевадан бошқа барча ушланганлар ўзларига нисбатан дастлабки тергов давомида қийноқ қўлланилганини айтган.

Қўйилаётган айбларга қийноқ ва қўрқитишлар остида қўл қўйиб беришганини айтишган.

Сурат Икромов ноқонуний ушланганларга нисбатан қийноқ қўллаган масъулларни жиноий жавобгарликка тортишга чақирган.

"Чора кўрилмаган ёки қоғозбозлик бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг фармони инкор қилинган ва саботаж қилинган деб ҳисоблаймиз", дейилади мурожаатда.

Насиба Узоқованинг уй олиш учун йиғиб қўйган 19800 доллари 2017 йилнинг 6 декабр куни ўзларини Солиҳ Раҳмоновнинг ёрдамчиларимиз, деб ордер кўрсатган икки номаълум шахс томонидан олиб кетилганидан бери йўқ.

Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан суриштирув-текширув ишларини олиб бормоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek