Тошкент-Чимкент: чегара орасидаги тирикчилик

Савдо шундай қизғинки, ҳатто ҳовлилар ҳам бозор расталари ва дўконларга тўлган.
Сурат тагсўзи, Савдо шундай қизғинки, ҳатто ҳовлилар ҳам бозор расталари ва дўконларга тўлган.
    • Author, Анора Содиқова
    • Role, Тошкент

Кимдир Тошкентнинг йирик гипермаркетларида, мусиқа оҳангига маст бўлиб "бозорлик" қилади. Яна кимдир рўзғордан тежаш мақсадида қўшни давлат Қозоғистоннинг Чимкентига ўтиб келишга эринмайди. Бугунги кунда Чимкент чегараси росмана "Чорсу", "Ўрикзор" бозорларига янги рақобатчи бўлди.

Тошкент ва Чимкент орасидаги "Ғишт-кўприк" чегараси доим одамлар билан гавжум. Одамлар чегаралар орасида тирикчилик қилиш билан овора.

Чегараларда паспорт текширувидан ўтиб, қўшни юртга қадам қўйишингиз билан сизни киракашлар ҳайқириғи кутиб олади.

"Чимкент евробозорга борадиганлар борми?", "Сайрамга борми?" "Туркистонга кетяпмиз, бир кишига жой бор...." Киракашлар қаторида шундоққина ернинг ўзида телевизор, чангютгич ва бошқа техникалар билан савдо ҳам қилинади.

Банан, мандарин ва хитой нокларини аёл-у эркак бирдек аравада ташиб ўтмоқда. Сотувчилар ва олувчилар орасида ҳам аёллар кўп. Қоп орқалаган, сўмка кўтарган, арава итарган аёллар тиним билмаяпти.

Чимкент бозори Тошкентдаги нархлардан 20 фоизга арзонроқ бўлгани сабабидан у ерга одамлар "оқиб бормоқда".

Чимкент чегарасидан шаҳар томон қанча узоқ борсангиз нархлар шунча арзонлашиб бораверади. Чунки, чимкентликлар шаҳар марказий бозорларидан махсулот олиб устига арзимаган танга қўшиб, чегара этагига келиб сотмоқдалар.

Бу ерда одамлар уйлари-ю, ҳовлилари ҳам бозорга айланиб улгирган. Кўримсизгина контейнерлар ичида савдолар авжига чиққан.

Лосина, колготки, гамаж бу ёқда экан.
Сурат тагсўзи, Лосина, колготки, гамаж бу ёқда экан.

Қозоғистонлик Айша шу ердаги бозорчиларга чой ва овқат сотади. Унинг айтишича, чегара очилиши билан унинг кўп қўшнилари савдога ўзини урган.

"Чегарадан 200 метр нарироқда яшайман. Бу ерда бозор кучайгач, овқат пишириб сотишни бошладим. Қўшни давлат билан чегара очилганидан ҳурсандман. Кўпчилик шу ерда ишлаб оиласини боқяпти, аммо охирги пайтларда ўғрилар ҳам кўпайган," - дейди Айша.

Ўзбекистонлик Нигора ўзининг тўй сарпосига келганини айтади. "Чимкентга келиб-кетиш осонакан. Худди "Чорсу" бозорига боргандек, келиб кетяпмиз. Нарсалар арзон, келинлик сарпамни шу ердан қиляпман."

Чимкентда махсулотларни икки давлат валюталарида ҳам бемалол сотиб олиш мумкин. Электр техника буюмлари, озиқ-овқатлар, кийим-кечакларни ҳам чегарадан Тошкентга олиб ўтиб сотишни кўпчилик тирикчилик қилиб олган.

Чегарага элтувчи жамоат транспортлари, "Исузу" ва "Дамас" автомобиллари қатнови ҳам йўлга қўйилган. Хусусий автомобилда борганларни чегарадан 300 метр узоқликда милиция ходимлари тўхтатиб қолдиради.

Қолган 300 метрга яна "Исузу" 600 сўмга элтиб қўяди.

Савдогарлар чегара назорати енгиллашганидан мамнунлар.
Сурат тагсўзи, Савдогарлар чегара назорати енгиллашганидан мамнунлар.

Мен билан суҳбатда бўлганлар чегаралар очилганидан ва паспорт текширувлари тезлик ва осонлик билан амалга оширилаётганидан мамнун.

Қозоғистонликлар Тошкентдан асосан миллий кўрпачалар, духоба тўнлар ва қандолатчилик махсулотларини сотиш учун олиб ўтмоқдалар.

Савдогарлар орасида чегарадан юк олиб ўтиб берувчи, яъни "ташувчилар" ҳам бор. Улар бир коробка молни 5 минг сўмга (камида 4та олиб ўтишади) Чимкентдан Тошкентга ўтказиб беради.

Тошкент тарафда махсулотни тўғри пойтахт бозорларига элтувчи такси ва автобуслар ҳам йўлга қўйилган. Ҳўл мевалар Қўйлиққа, кийим-кечак каби моллар "Ўрикзор"га йўл олади.

Ҳайдовчилар-у, олиб-сотар ва ўтказиб берувчиларнинг ҳам тиними йўқ.

Асосийси, одамлар ўтказилаётган махсулотларни сонига чегарада чеклов қўйилмаганидан мамнун.

Тонг саҳардан кеч киргунча чегаралар орасида бориб келаётган шақир-шуқир ғилдираган бу оғир аравалар кўпчилик турмушини енгиллатмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek