Ўзбекистон БМТнинг Қрим бўйича резолюциясига қарши

БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Бош Ассамблея мажлиси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Бош Ассамблея мажлиси

Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг Қримга бағишланган резолюциясига қарши овоз берди.

Бу резолюция лойиҳасида Россиянинг Қримдаги сиёсати қораланган.

"Қрим Мухтор Республикаси ва Севастополда инсон ҳуқуқларининг аҳволи" деб номланган ҳужжатни БМТ муҳокамасига олиб чиққан мамлакатларнинг сони 40 қа яқин бўлган.

Булар Украина, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Латвия, Литва, Польша, Финляндия, Франция, Эстония ва бошқалар бўлганлар.

Резолюция лойиҳасида Россияга қатор эътирозлар билдирилган ва тавсиялар берилган.

Унда хусусан, "вақтинча оккупация қилинган Қрим яшовчилари ҳуқуқлари поймол этилаётгани, бошқа таҳқирловчи чоралар қораланган".

Россия 2014 йилнинг баҳорида Украина назоратидаги Қримни ўз ҳудудига қўшиб олди.

Бу Қримда истиқомат қиладиган аҳоли ўртасида ўтказилган референдум натижаларига асосланган, деди Кремль.

Референдум ташкилотчилари эълон қилишича, 2014 йил 16 март куни ярим оролда ўтказилган референдумда аҳолининг 96 фоизи Қрим ярим оролини Россияга қўшиб олишни ёқлаб овоз берган.

Қрим аннексияси борасида БМТ Бош ассамблеяси 2014 йил 27 мартида резолюция қабул қилган.

Бу резолюция Қрим референдуми қонуний кучга эга эмас деб тан олинган.

БМТ резолюциясини жаҳоннинг 100 давлати қўллаб-қувватлаган.

Россияни 11 мамлакат дастаклаган.

58 мамлакат бетараф қолганлар.

Бетарафлар орасида Россиянинг БРИКС ташкилотидаги иттифоқчилари ҳам бўлган.

Охирги вақтларда Қримда истиқомат қиладиган Қрим Татарларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайган.

Сентябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги Россия бошқаруви остида Қримда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият салмоқли даражада ёмонлашган деган хулосага келинган ҳисобот эълон қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002