БМТ: Москва босқини остида Қримдаги аҳвол ёмонлашган

Қрим харитаси фонидаги Россия ҳарбий хизматчиси. 2014 йил 4 мартида олинган фотосурат.

Сурат манбаси, Reuters

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги эълон қилган янги ҳисоботда айтилишича, Россия Қримни аннексия қилганидан кейин ўлкадаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият салмоқли даражада ёмонлашган.

Ҳисоботда айтилишича, Россиянинг Қримдаги "давлат агентлари инсон ҳуқуқларини жуда қўпол поймол этмоқдалар".

БМТ ўзининг янги ҳисоботида ярим орол ҳудудида ўзбошимча ҳибс ва тутқунликда ушлаб туриш, ғойиб бўлишга мажбур этиш, қийноқ ва камида бир судсиз-терговсиз қатл этиш ҳодисасини қайд этганини айтади.

Ҳисобот ортидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Москвани оккупация қилиб олган ҳудудида инсон ҳуқуқлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни адо этишга чақирган, Россия хавфсизлик хизматлари ва Қримнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш кучлари томонидан инсонларни қийноққа тутиш, ўғирлаб кетиш ва ўлдириш билан боғлиқ ҳолатларни тергов қилишга чақирган.

Ҳисоботда айтилишича, Қримдан Россия ҳудудига юзлаб тутқунлар ўтказилган. Талаб қилинган тиббий кўмак кўрсатилмагани боис камида уч маҳбус оламдан ўтган.

БМТ Қрим ҳудудида Украина қонунлари бекор қилиниб Россия қонунчилиги куч билан жорий этилаётганини қоралайди.

Инсонлар ўз ихтиёрларига қарши равишда Россия ватандошлигини қабул қилинаётгани ҳам танқид қилинади.

Ҳисоботда давлат идоралари ходимлари Украина фуқаролигидан воз кечишга мажбурланаётганлари, буни хоҳламаган инсон эса ишидан ҳайдалаётгани айтилади.

Россия фуқаролигини олмаган Қрим яшовчиси ўзининг ҳудудида хорижликка айлантирилмоқда, дейилади ҳисоботда.

Бундай одам эса ерга эгалик қилиш, овоз бериш ва сайланиш, диний ташкилотда рўйхатдан ўтиш, жамоат учрашувида қатнашишга ариза бериш, жамоат маъмуриятида бирор бир лавозимга эга бўлиш ҳуқуқларидан маҳрум этилмоқда, дейди БМТ Инсон ҳақлари комиссарлиги.

"Қримда Украин тилидаги таълим деярли йўқ қилинди", дейилади ҳисоботда.

Россия 2014 йил баҳорида Украина назоратидаги Қримни ўз ҳудудига қўшиб олди.

Бу Қримда истиқомат қиладиган аҳоли ўртасида ўтказилган референдум натижаларига асосланган, деди Кремль.

Референдум ташкилотчилари эълон қилишича, 2014 йил 16 март куни ярим оролда ўтказилган референдумда аҳолининг 96 фоизи Қрим ярим оролини Россияга қўшиб олишни ёқлаб овоз берган.

Қрим аннексияси борасида БМТ Бош ассамблеяси 2014 йил 27 мартида резолюция қабул қилган.

Бу резолюция Қрим референдуми қонуний кучга эга эмас деб тан олинган.

БМТ резолюциясини жаҳоннинг 100 давлати қўллаб-қувватлаган.

Россияни 11 мамлакат дастаклаган.

58 мамлакат бетараф қолганлар.

Бетарафлар орасида Россиянинг БРИКС ташкилотидаги иттифоқчилари ҳам бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02