Автобус ҳайдовчиси: рулда ухлаб қолганим рост

Сурат манбаси, EAP.KZ
Шу йилнинг 22 июнь куни Қозоғистондаги автоҳалокатда 9 Ўзбекистон фуқароси ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи Леонид Еремеев автобусни бошқариб бораётганида ухлаб қолганини тан олди.
У бу иқрорни Қозоғистоннинг Оқтўбе вилояти Айтекебий туман судидаги маҳкамада қилган.
Суд Леонид Еремеевни 5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарган.
Шунингдек, Леонид Еремеев моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун давлатга 699 минг тенге тўлайди, унинг автомобиль бошқариши 7 йилга тақиқланади.
Ҳодиса шу йил 22 июнда Ақтўбе вилоятининг Айтекебий туманидаги Қорабутоқ посёлкасидан 20 километр узоқликдаги жойда рўй берган.
Маҳаллий вақт билан соат 10:20 да Леонид Еремеев рулда ухлаб қолгани боис икки қаватли Mercedes-Benz автобуси йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.
Автобус ичида 52 инсон бўлган.
50 йўловчининг Ўзбекистон фуқароси бўлгани хабар қилинган.
Автоҳалокат оқибатида 9 Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмди.
Яна 17 ўзбекистонлик жароҳат олган.
Ўзбекистон ҳукумати илк бор ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг жасадларини ва ярадор ўзбекистонликларни ватанига олиб келиш учун самолёт юборди.
Ҳукумат қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Расмийлар жабрланганларнинг аҳволи ва ушбу ҳодисага оид кенгроқ маълумот олиш учун махсус телефон линияси ташкил этилди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02














