Ўзбекистон: Ўзбек палови Гиннес рекордлар китобига кирди

Сурат манбаси, chustiy
Тошкентда тайёрланган дунёдаги энг улкан -оғирлиги нақ 7360 кг келувчи палов Гиннес Рекордлар қўмитаси томонидан расман рўйхатга олинди.
Шу соатларда тайёрланган палов - Гиннес рекордлар китобига кирган биринчи ўзбек миллий таоми бўлди.
Ўзбекистон пойтахтидан олинган хабарларга кўра, уни тайёрлаш учун 50 нафар ошпаз 6 соат вақт сарфлашган.
Мега палов Ўзбекистон ошпаз аҳли шу пайтгача гувоҳ бўлмаган ва ишлаб кўрмаган улкан қозон ва ўчоқда ҳозирланган, капгирларнинг узунлиги ҳам мамлакат учун рекорд даражада бўлган - икки метрдан ортироқни ташкил этган.
Диаметри 4 метрдан ортувчи, ҳажми қарийб 8 минг литрни ташкил этувчи қозон, оғирлиги қарийб 3 тоннага етувчи ўчоқ ва бунга қўшимча энг узун капгирлар ҳам Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган, Олмалиқ кон-металлургия корхонасида қуйилган, ясалган.
Хабарларда айтилишича, паловга 1500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг қуйруқ ёғи, 1900 кг гуруч, 2700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз, 100 кг нўхат, 190 кг майиз, 5 кг зира, 2 кг майдаланмаган мурч, 1 кг зарчава ва 350 литр сув кетган.
Бу ҳақдаги расмий сертификат ташкилотчиларга "Guinness World Records" вице-президенти Ричард Стэн томонидан топширилган.
Маълум бўлишича, унда дунёдаги энг катта ош "Milliy TV" томонидан Ўзбекистонда тайёрлангани ҳақида ёзилган.
Гиннес Рекордлар қўмитаси Ўзбек палови учун махсус номинация ажратган.
Рекорд тоннадаги палов эса, "Milliy" телеканали томонидан ташкил этилаётган "O'zbegim" Миллий қадриятлар фестивали доирасида пойтахт Тошкентда тайёрланган.
Улкан палов эса, "Мурувват", "Саховат" қариялар ва ногиронлар уйларига, шунингдек, тадбир ҳудудида махсус ташкил этилган 14 жойда фестиваль меҳмонларига тарқатилади.
Ўзбекистон тарихидаги энг улкан палов 17 август куни тайёрланган ва унинг оғирлиги 6 тоннадан ортиқроқни ташкил этган.
Ташкилотчиларга кўра, бу - Ўзбек паловини ва ниҳоят Гиннес рекордлар китобига киритиш олдидан бир репетиция жараёни бўлган.
Тарихча ўрнида
Ўзбекистонлик ташаббускорлар бундан олти йилча бурун рекорд тоннада палов тайёрлаб, уни Гиннес рекордлар китобига киритиш ташаббуси билан чиқишган.
Ўша пайтда мазкур ғоя ташаббускорлари www.oshxona.uz сайти ва Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси бўлишган.
Ташаббускорлар бундан мақсад Ўзбекистон, Ўзбек миллий ошхонаси ва паловини дунёга танитиш эканини айтишган.
Ўзлари кўзда тутган янги жаҳон рекордини 2012 йилнинг баҳор ойларида ўрнатиш режасида эканликларини билдиришганди.
Аммо Гиннес халқаро қўмитаси уларнинг мурожаатларига "рекорд миқдорда тайёрланажак гуручли таомнинг 80 фоизи гуручдан иборат бўлиши кераклигини айтиб, жавоб берган".
"Қўмитага Ўзбек паловини тайёрлаш технологиясининг ўзига хосликлари тушунтирилганда ҳам, улардан "рекордлар китобига киритиш учун ўз қоидалари борлиги, ана шу қоидалардан четга чиқолмасликлари" мазмунидаги жавобни олишган.
Аммо Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, буларнинг барчасига қарамай, "бошлаган ишларини охирига етказишга ҳаракат қилишлари"ни билдирган.
"Ўзбек паловини халқаро Гиннес қўмитаси меъёрларига мувофиқ пишириш устида бош қотираётганликлари"ни айтганди.
Буларнинг барчасига бош ташаббускор сифатида эса, бу гал Ўзбекистон Milliy телеканали чиққан.
Ўзбекистон томонининг янги жаҳон рекордини ўрнатиши Ўзбек ва Тожик палови Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ЮНЕСКО жамғармаси томонидан "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" рўйхатига киритилишидан саккиз ой ўтиб тўғри келмоқда.
Энг оғир вазндаги палов эса, сўнгги бор 2007 йилда Урумчида тайёрлангани айтилади.
Айрим манбаларга кўра, унинг оғирлиги бир тоннадан ортган ва 10.000 кишига мўлжалланган бўлган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02












