"Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг йўловчилари Бангкокда қолиб кетмоқда

бангког

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатининг 216 йўловчиси учоқда техник муаммо келиб чиққани туфайли Тайланд пойтахти Бангкокда қолиб кетган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда йўловчиларнинг ҳаво йўллари ходимига норозилик билдираётганини кўриш мумкин.

Ширкат юзага келган ноқулайлик учун узр сўради ва чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" матбуот хизматидан Би-би-сига келган мактубда ширкат юзага келган ҳолат юзасидан узр сўраган. Мактубдан маълум бўлишича, учолмай қолган йўловчилар дарҳол меҳмонхона, уч маҳал овқат ва яқинлари билан боғланиш учун алоқа хизмати билан таъминланган.

"Йўловчилар билан келишган ҳолда уларни Куала-Лумпурдаги аэропорт орқали манзилига етказиш масаласи ишлаб чиқилди. Тел-Авив, Бишкек ва Россияга учувчи трансфер йўловчилар хориж ширкатлари рейслари билан манзилига етказилди", дейилади хабарда.

Расмий мактубдан маълум бўлишича, айни дамда 30 йўловчини Тошкентга етказиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бангкок-Тошкент йўналиши бўйича учоқ 5 сентябр куни учиши керак эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02