Футбол, ЖЧ-2017: Ўзбекистон 0:0 Жанубий Корея, кураш шу ерда тугади

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон ўзига 2018 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини бериши мумкин бўлган ҳал қилувчи якуний ўйинида дуранг натижа қайд этди.
Ҳар икки томонда ҳам бир эмас, қатор имкониятлар бўлгани ҳолда, Тошкентдаги ўйинда ҳисоб очилмади.
Отабек Шукуров, Азиз Ҳайдаров, Сардор Рашидов, Одил Аҳмедов ва Александр Гейнрихларнинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетди.
"Бунёдкор" стадионида қайд этилган бу каби натижа ортидан, "А" гуруҳига ажратилган иккинчи нақд йўлланма Жанубий Кореяга насиб этди.
Биринчи йўлланмани эса, гуруҳ пешқадами Эрон муддатидан илгари қўлга киритишга муваффақ бўлганди.
Қолган 1.5 йўлланма учун курашга фақат 9-тур учрашувлари ортидан келиб қўшилган Сурияга эса, яна омад кулиб боқди.
Параллел учрашувда Эрон билан дуранг (2:2) ўйнаган бу терма жамоа тўплар нисбати ҳисобига Ўзбекистонга яримга йўлланма учун курашиш имкониятини ҳам қолдирмади.
Ўзбекистон шу ерда ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги навбатдаги курашига ҳам якун ясади.
Миллий терма жамоа бешинчи гал ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмади.
Тошкентдаги дуранг натижа ортидан, Ўзбекистон ўз гуруҳида бор-йўғи 4-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди.
Кеча душанба куни бўлиб ўтган расмий матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси Самвел Бабаян майдонга "фақат ғалаба учун тушишлари, ортга йўл йўқ" эканлигини айтган.
Ўзининг истеъфосига оид саволга эса, "бунинг футбол раҳбариятига боғлиқ" эканини айтиб жавоб берганди.
Ўзбекистонга ҳозирча бирор марта бўлсин, жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмаган.
Миллий терма жамоа ўз тарихида икки бор Осиё қитъаси саралаш босқич беллашувларининг плей-офф босқичига қадар кўтарилишга муваффақ бўлган.
Аммо ҳар икки гал ҳам уларни бой берган.
Осиё қитъасига бу йил ҳам ФИФА томонидан бор-йўғи 4.5 йўлланма ажратилган.
"В" гуруҳига берилган иккита нақд йўлланмадан биттаси аллақачон Япония миллий терма жамоасига насиб этган.
Бу гуруҳдан иккинчи нақд йўлланма соҳиби ва яримта йўлланма учун даъвогарнинг номи эса, бугун Саудия Арабистони ва Япония ўртасида бўлиб ўтажак якуний учрашув ортидан маълум бўлади.
2018 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига Россия мезбонлик қилади.
Бу каби шараф ва ё-да имконият шу пайтгача бирор бир собиқ Шўро Республикасига насиб этмаган.
Ўйин олдидан умидлар...
'Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиққанини биринчи бўлиб айтмоқчиман'...
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореяга қарши ҳал қилувчи якуний учрашуви арафасида бу истакни Тошкентдан етакчи футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов изҳор этганди.
Осиё қитъаси сўнгги босқич саралаш беллашувларининг энг охиргиси бўлган бу ўйиндаги йирик ҳисобдаги ғалаба эса, Ўзбекистоннинг ўз тарихида биринчи бор тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига чиқишига йўл очарди.
Пойтахт Тошкент мезбонлик қилажак учрашув маҳаллий вақт билан кечки соат 20:00 да бошланган ва "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтганди.
Сўнгги босқич саралаш беллашувлари 9-тур учрашувлари ортидан, Ўзбекистон тўп сураётган "А" гуруҳида мураккаб вазият юзага келган.
Гуруҳга ажратилган 2.5 та йўлланмадан биттасини пешқадам Эрон аллақачон қўлга киритган бир манзарада қолган 1.5 таси учун курашувчиларнинг сони бирданига ортиб кетган.
Курашга Жанубий Корея ва Ўзбекистондан ташқари, энди Сурия ва Хитой ҳам қўшилган.
Гуруҳ ихтиёрида бўлган сўнгги нақд йўлланмани қўлга киритиш учун эса, ҳам Ўзбекистон ва ҳам Жанубий Корея Тошкентдаги ҳал қилувчи ўйинда албатта ғалаба қозонишлари шарт бўларди.
"А" гуруҳидаги ҳозирги вазиятдан келиб чиққанда эса, ҳатто, шунда ҳам, бу йўлланма соҳибини Эрон-Сурия учрашуви натижаси аниқлаб берарди.
Бунга эса, 9-тур учрашувида Суриянинг Қатарни йирик(3:1) ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳда Ўзбекистоннинг ўрнига учинчи ўринга кўтарилиб олиши сабаб бўлган.
Ўзбекистон сўнгги босқич саралаш беллашувларидаги 9 учрашуви ортидан жаъми 12 очко тўплаб, 4-ўринда бораётган бир манзарада бугунги рақиби бўлмиш Жанубий Корея 14 очко билан гуруҳда Эрондан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турганди.
"Параллел равишда ўтаётган ўйинга боғлиқ бўлгани учун ҳам, иккита миллий терма жамоа ҳам ғалаба учун баҳс олиб боришга мажбур. Агар, биттаси дурангга қониқиш ҳосил қилганида, ўйин бошқача бўлиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам, иккита ғалаба қозонишга мажбурият ҳис қилган жамоалар ўртасидаги ўйин бўладиган бўлса, менимча, бу ҳаёт-мамот беллашувига айланади", - деганди Тошкентдан етакчи футбол шарҳловчиси бўлган суҳбатдошимиз Хайрулла Ҳамидов.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












