Хайрулла Ҳамидов шеърини ўқиш ҳали ҳам жиноятми?

Сурат манбаси, Abdugafur Iskandar
Ўзбекистонлик Абдуғафур Искандар ўзининг Фейсбук саҳифасида диний радио эшиттиришлари билан танилган Хайрулла Ҳамидовнинг шеъри туфайли судга тортилганини маълум қилди.
Хайрулла Ҳамидов 2010 йилда "Жиҳодчилар" гуруҳига аъзоликда айбланиб 6 йилга қамалган, 2015 йилда амнистия қарори бўйича озод этилганди.
У 5 август куни ўз Фейсбук саҳифасида "Анови рўйхатдан ўчиришди. Аллоҳга ҳамдлар!!!!" - деб ёзди. Аммо, бу уни айбдор деб топган суд қарорининг бекор қилинишини англатмайди.
Қуйида Абдуғафур Искандарнинг сўзларини сизга тақдим этамиз. Сиз қандай фикрдасиз?
"ОГОҲЛИК - ДАВР ТАЛАБИ"
... шаҳрига кираверишдаги постда тўхтатишди. Сержант йигит келиб, расмиятчилик юзасидан ўзини таништиргач, ҳужжатларимиз билан бирга тилпонларимизни ҳам сўради.
- Агар аёлларимиз ҳижобли бўлмаганида, тўхтатмас эдингиз, а? - дедим энсам қотганини яширмай.
Милиса йигит ҳам очиқчасига айтиб қўяқолди:
- Ҳа, ака, узр. Бизга кўрсатма келган.
Шундай деб ҳаммамиздан тилпонларни олиб, мени кичкина хонасига бошлади.
Тилпонлар "тоза"лигига, сиёсатга тегиб кетадиган бирор нарса йўқлигига ишончим комиллиги учун хотиржам эдим...
Аммо кутилмаганда иккинчи тилпонимдан Хайруллонинг бир даста шеъри чиқиб қолди. Ўзимнинг эсимдаям йўқ. Бир тирқишда ётган, ўзим ҳам унутиб юборган нарсани топиб олишди шоввозлар! Дарров ваҳима кўтаришди. Бошқа бир хонада терроризмга қарши кураш бўлимидан ходим бор экан - уни чақиришди. Хуллас, ёзув-чизув ишлари бошланди. Ярим соатча ўша постда савол-жавоб қилишди: қаердан олгансиз, кимдан кўчиргансиз, дунёқаришингиз қандай... Кейин вилоят ички ишлар бўлимига олиб боришди, у ердан яна бошқа бир бўлинмага. Ҳаммасида ўша савол-жавоб. Хайрулло билан танишлигимни эшитиб, баъзилари сесканиб ҳам қўйишди. Икки соатдан ошиқ давом этган оворагарчиликлардан сўнг тилпонни халтага солиб, елимлаб, муҳрлашди. Экспертга юборилиши, уларнинг хулосасига қараб, чора кўриш-кўрмасликларини айтиб, рухсат беришди. (Ваҳималарига қараганда, чора кўрилиши аниқ эди.)
Хуллас, бир ҳафтадан кейин судга чақиришди. Каллайи саҳарлаб йўлга чиқиб, уч юз чақирим наридаги шаҳарга айтилган вақтда етиб бордим. Суд бошланмасдан аввал тилпондаги шеър ва маърузаларга эксперт гуруҳининг хулосаси билан таништирилдим. Қизиқ, Хайрулла Ҳамидовнинг шеърлари орасида "Ўзбекистон ҳудудига ОЛИБ КИРИШ таъқиқланган аудио ёзувлар бор" экан!
- Бу четдан келган эмас, балки соф Ўзбекистоннинг маҳсулоти-ку! - дедим.
- Таъқиқланган маҳсулотларга шунақа таъриф берилади, - деб тушунтирган бўлишди... Бу гапнинг тўғрилигини улар менга, нотўғрилигини мен уларга тушунтиролмадим. Кейин жажжи маҳкама бошланди. Айбдор (балки жиноятчи!) сифатида турғизиб савол-жавоб қилишди. Яна ҳаммасини бошдан тушунтирдим. Хайруллонинг шеърлари тилпонимда қандай пайдо бўлиб қолгани ҳақидаги изоҳларимдан қаноатланган бўлса-да, судя жаноблари - ёшгина йигитча жиддий ва тунд қиёфада:
- Демак, айбингизга иқрорсиз... Уни олиб юришдан ҳеч қандай мақсад кўзламагансиз, яъни бошқаларга тарқатиш ниятингиз бўлмаган. Ва яна Хайрулло Ҳамидовнинг шеърлари ичида таъқиқланганлари борлигини билмайсиз. Лекин қонунни билмаслик айбдорни жазодан озод этмаслигини биласизми? - деди. Кейин жиноят кодексини очиб, менга тегишли бандини ўқиб берди.
- Сиз ўқиб берган нарсани биламан. Аммо Хайрулло Ҳамидов шеърларини таъқиқланганини қаердан биламан? Бирор жойда эълон қилинганми, газетада чиққанми, радиёда айтилганми, қаерда эълон қилинган? Агар чиққан бўлса, олдин у таъқиқни халққа билдириш керак, кейин бўйсунмаганларни жазолаш керак, шундай эмасми?
Тўғриси, шу гапларни айтиб бир оз қизишиб ҳам кетдим. Суддан олдин милиса йигит: "Нима деса, хўп, денг, ака, айбимга иқрорман, деб бош эгиб турсангиз, енгилгина жарима белгилаб беради, фақат тортишманг", деган эди. Бўлмади.

Сурат манбаси, Xayrulla Hamidov
- Хайрулло Ҳамидовнинг қамалганини биласизми? - деди судя жаҳлланиб.
- Биламан, уни авф этилганиниям биламан. Шеърлари китоб бўлиб чиқаётганиниям биламан. Тилпондаги шеърларга келсак, эски флешкада бор экан, тилпонга қўйган эдим, нима борлигига эътибор бермаган эканман. Бўлмаса, қайси ақли бор одам ўзини бунақа жазога ташлайди, - деб яна қайта тушунтирдим.
- Нима бўлган тақдирда ҳам сиз жазодан озод этилмайсиз. Сизга, майли, кодексда кўрсатилганидан анча енгил - энг кам иш ҳақининг ... баравари миқдорида жарима белгилаймиз. Агар эътирозингиз бўлса, юқори суд органларига шикоят қилишингиз мумкин.
Тўғриси, "анча енгил" деган жаримасини эшитиб, капалагим учиб кетди. Енгили шу бўлса... Билиб турибман, энг катта айбим - тортишганим.
- Давлатимиз раҳбари судлар, судялар ҳақида жиддий гапларни гапирди. Агар жазодан қутулишнинг иложи йўқ экан, ҳечқурса, енгиллаштириб беришингизни сўрайман.
Аммо сўров қабул қилинмади, ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ, дейилди. (Айтгандай, юз дўлларлик тилпон ҳам қулоғини ушлаб, давлат ҳисобига ўтиб кетди.)
Камина билан бирга андижонлик бир йигитни ҳам чақиришган экан. Аммо унинг тилпонидан "республика ҳудудига олиб кириш мумкин бўлмаган" аудио ёзувлар чиқмагани учун ҳеч қандай жазо қўлланилмади, матоҳи ҳам қайтиб берилди. (Аммо овора қилганлари учун бир оғиз узр сўраб қўйишмади.)
Энсани қотирадигани шуки, Хайрулло Ҳамидовнинг аудиё-дисклари бир пайтлар жуда машҳур эди, ҳар ҳафта "Наврўз" радиёсида бир соат гапирарди, ҳаммамиз тинглар эдик; ўша гаплар кейин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан, сохталаштирилмаслиги учун галаграммалар ёпиштирилган ҳолда дискага ёзилиб тарқатилар эди. Хўп, майли, бугун унинг баъзи бир (ҳаммаси эмас!) шеърлари таъқиқланибди, лекин биз бу маълумотни қаердан оламиз? Кимнинг қайси маърузасини эшитиб, қайсинисидан сақланишимиз кераклигини қаердан биламиз? Суд залиданми? Ахир, бу иш халқнинг устидан кулиш эмасми? Бу иш худди одамларнинг айб-жиноят қилишига хайрихоҳликдан бошқа нарса эмас-ку!
Демак, ҳали ҳам эскича қараш, эскича ёндашув, инсон ҳуқуқларининг бир тийинлик эскича қиймати...
Бир кун келиб бу камчиликлар ҳам тузатилар. Умид узмаймиз. Аммо бу умидлар ушалгунича дўстларимиз огоҳ бўлатурсинлар: Хайрулло Ҳамидовнинг шеърларини ва уникидан бошқа - рухсат берилганига юз фоиз ишонилмаган инсонларнинг маърузаларини тилпон, компутер каби нарсаларингизда олиб юрмангиз. Барибир ҳақлигингизни, давлат сиёсатига қарши эмаслигингизни исботлай олмайсиз. Ҳозирча!












