"Халқ пулига Исломни қораловчи фильм олманг"

"Муқаддас истак" фильмидан

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, "Муқаддас истак" фильмидан

Диндорларни салбий образда тасвирловчи баҳсли кинолари билан шов- шув бўлган режисёр Ҳилол Насимовнинг "Муқаддас истак" фильми трейлери чиқиши билан танқидларга учраган.

Давлат буюртмаси асосида "Ўзбекфильм" киностудияси суратга олган фильм трейлерида ҳижобли аёл, қамоқхона манзаралари, оилавий-маиший келишмовчиликлар, жангарилар жамлоғидаги тайёргарлик ва уларнинг аҳоли яшаш жойларидаги отишмалари акс этган.

Ижтимоий тармоқларда аксарият ўқувчилар Ҳилол Насимовнинг "террористларни баҳона қилиб Ислом динига тош отувчи фильмларидан безор" бўлганини билдиришган.

Фикр билдирувчиларга кўра, ушбу фильм трейлерида очиқдан очиқ ирқчилик ва миллатчилик акс этган. Трейлердаги бир саҳнада она ролини ўйнаган аёл ўғлига қарата қизини "қора арабга" бермаслигини айтади.

Ҳилол Насимов

Сурат манбаси, Internet

Сурат тагсўзи, Ҳилол Насимов

"Шундоқ синглингни қаердаги қора арабга берасанми", -дея хитоб қилади она.

Facebook фойдаланувчилари режиссёр ушбу жумла билан исломофобликни янги чўққига олиб чиққанини ёзишди.

"Трейлерни кўрдим, биргина жумласи етарли бўлди - қора араб. Очиғи жуда ҳайрон бўлдим. Очиқдан очиқ ирқчилик бу", - дейди Аброр Машарипов.

Зиёли Сардор Салим "Ўзбекфильм" томонидан давлат буюртмаси асосида олинаётган фильмларни Шўролар даврида босмачилар ҳақида буюртма фильмлар ишлаган "Ўзбекфильм"га ўхшатади.

У "Ўзбекфильм" томонидан ҳозир чиқарилаётган фильмларнинг аксар сюжети бир хил эканлигини айтади.

"Оташин камолотчи дўппи/ҳижоб кийган маҳаллий наркоман, сексманяк ва "просто" ифлос "мусулмон" га қарши нотенг жанг олиб бориб, албатта, ютиб чиқади", - дейди Сардор Салим.

"Шўролар даврида "Ўзбекфильм"ни "босмачифильм" дейишган..."

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, "Шўролар даврида "Ўзбекфильм"ни "босмачифильм" дейишган..."

Зиёли Ҳилол Насимов халқ пулини олгандан сўнг бироз фантазиясини ҳам ишлатиши кераклигини айтади.

"Ҳилол Насимов давлат, тўғрироғи, халқ пулига озгина фантазиясини ишлатса ҳам бўлар эди, филмларни бир турда, зерикарли ва примитив ясайвермасдан".

Сардор Салимнинг таъкидлашича, давлат буюртмасини шакллантиришда мутасаддилар Ўзбекистон аҳолисининг 90%дан ортиқроғи ўзини мусулмон деб билишини инобатга олган ҳолда, медиада мусулмонлар имиджини яхшилашга қаратилган, Ислом ҳақида ижобий мужда берадиган филмлар ҳақида ўйласа яхши бўлар эди.

Фильм трейлерини кўриб фикр билдирганларнинг айримлари, унда очиқдан очиқ ирқчилик ва Исломни қоралаш акс этганини ва бунинг учун режиссёр Ҳилол Насимовга ҳуқуқий чора кўриш кераклигини айтган.

"Фильмда қўлланилаётган очиқдан очиқ ирқчилик, Исломни қоралаш каби ифлос ишларини ҳуқуқий йўл биланми ҳал қилиш мумкинми? Биладиганлар борми? Биз бу ерда ёзаверганимиз билан фойдаси бўлмайди менимча", - дейди Жаҳонгир Сиддиқов

"Ҳилол Насимов жамият учун ўта хавфли одам, у намоз ўқийдиганларни халққа ва яқинларига қарши қилиб қўйилишида катта роль ўйнаяпти! Аллоҳ уларга кифоя қилсин, ҳар бир фиръавннинг ўз Мусоси бор, бизнинг Мусо ҳам тезроқ юзага чиқсин", - дейди блоггер Санжар Саид.

Айримлар бу каби фильмлар одамлар орасида адоват қўзғаётганини айтишган.

"Унинг кинолари одамлар онгини заҳарлаяпти. Намозхон ва ҳижобли кишилар ўта хавфли шахсдек гавдалантирилиши оқибатида ҳижоб ўрайдиган, намоз ўқийдиган ва хатто ароқ ичмайдиганларга ёмон назар билан қарайдиганлар кўпайиб кетди".

"Ўзбекистон ҳуқуқий давлат бўлганида Насимовни маҳкамага берардим"

Би-би-си билан суҳбатда ўзбекистонлик диндор аёл Ҳилол Насимовнинг фильмлари жамиятда адоват уруғини сочаётганини ва ушбу тоқатсизликни ўз бошидан кечираётганини айтади.

"Ўзбекфильм"ни ким назорат қилади?

Сурат манбаси, Internet

Сурат тагсўзи, "Ўзбекфильм"ни ким назорат қилади?

"Кўча-кўйда юрганимда ҳижобим сабаб одамлар томонидан ёв қараш ва гоҳида очиқдан очиқ захарханда гапларни эшитишимга тўғри келади. Айрим қариндошларим юзимга Ҳилол Насимов фильмлари сабаб ҳижоблиларга нисбатан қўрқув ва нафрат пайдо бўлганини бир неча маротаба айтишган", - дейди у.

Суҳбатдошимиз агар Ўзбекистон ҳуқуқий давлат бўлганида халқ пулига диндорларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатаётган ва одамлар орасида адоват пайдо бўлишига олиб келаётган "Ўзбекфильм" ва Ҳилол Насимовни маҳкама беришини айтди.

"Агар Ўзбекистонда судлар мустақил бўлиб, мазлумнинг ёнини олганида Насимов ва "Ўзбекфильм"ни судга берардим. Афсус бундай даъвом ўзимга қарши ишлаши мумкинлиги учун ҳам жим бўлишга мажбурман", дейди у.

"Ўзбекфильм" киностудияси директори, режиссёр Ҳилол Насимовнинг "Муқаддас истак" фильми 2016 йилнинг ёз мавсумида суратга олиш жараёнида халқ оғзига тушган эди.

Фильм ижодкорлари уни тасвирга олиш жараёнини Наманган шаҳрида олиб борган ва эски автобусни портлатиш билан ижтимоий тармоқларда айтилишича, "одамлар орасида ваҳима кўтарганди".

Ўшанда фильмда иштирок этган актёрлар бири фильм асосида диндорлиги учун Совет даврида таъқибга олинган, аммо мустақиллик туфайли озодликка эришган оддий инсон ҳикояси ётганини айтган.

Унда 90 йиллар бошида Ўзбекистондан қочиб Афғонистон ва Покистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракатига асос солган Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний образлари ҳам ўрин олгани билдирилган.

Ҳилол Насимов "Одноклассники", "Гумроҳлар", "Тубанлик" каби бадиий фильмлар билан халқ оғзига тушган.

Би-би-си "Ўзбекфильм" студияси билан боғланишга ва Ҳилол Насимов билан айни фильм ҳақида суҳбатлашишга қилган ҳаракатлари ҳозирча натижа бермади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.