Самарқандни ким зулматга ботирди?

Самарқанд

Сурат манбаси, Ozodlik

Мустақил журналист Тошпўлат Раҳматуллаев она шаҳри Самарқандда чироқ муаммосини ёзганидан сўнг шаҳар прокуратурасидан қўнғироқ бўлган.

Бу ҳақда журналист ўзининг шахсий блоги - rtoshpulat.blogspot.co.uk да ёзган.

Самарқанд шаҳар прокуратурасидан қўнғироқ қилган ёш ходим журналист муаммони кўтаргани учун идорага келиши ва суҳбатдан ўтиши кераклигини айтган.

Журналистнинг уйига чақирув қоғози юборилмаган.

"Суҳбатлашиш учун келасиз. Ахир сиз чироқ йўқ, дея шикоят қилган экансиз-ку. Масалани ўрганиш бўйича Тошкентдан топшириқ бўлди", - дея прокуратура ходимининг сўзларини келтиради Тошпўлат Раҳматуллаев.

Журналист ҳеч кимга шикоят қилмагани, аксинча, шаҳарда юз минглаб одамни ташвишга солаётган электр таъминоти билан боғлиқ муаммони кўтарганини айтган.

"Агар раҳбарият ушбу муаммони ўрганишни сўраган бўлса, унда мен билан эмас, вилоят ва шаҳар электр тармоғи раҳбарлари билан гаплашинг. Чунки мен масалани мақоламда аниқ қилиб ёзиб қўйибман. Ахир уларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда", - деган блогер Тошпўлат Раҳматуллаев прокуратура ходими билан телефон орқали суҳбатда.

Журналист шахсига бўлган қизиқиш бу билан битмаган.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Сурат манбаси, Farg'ona

Сурат тагсўзи, "Прокуратуранинг ҳақиқатни ёзган журналистни текширишдан бошқа иши йўқми?"

Кейинги сафар шаҳар прокуратураси ходими Тошпўлат Раҳматуллааев яшайдиган маҳалла марказига телефон қилган ва журналист ҳақида маълумот сўраган.

Тошпўлат Раҳматуллаев бирор муаммони кўтариб чиққанидан сўнг ҳуқуқ тартибот органи ходимлари муаммо қолиб унинг шахсига қизиқиши биринчи марта бўлмаётганини ёзган.

Журналист "ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳақиқатни ёзган журналистни текширишдан бошқа иши йўқми?", дея савол беради.

Тошпўлат Раҳматуллаевнинг ёзишича, журналист томонидан чироқ муаммоси кўтариб чиқилгач, Самарқандда халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида қатнашган Бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев Самарқандда электр таъминоти билан нималар рўй бераётганини билиш учун махсус келганини гапирган.

Ушбу сессиядан сўнг, шаҳарда электр таъминоти қайта йўлга қўйилган.

Бош вазир ўринбосарининг гапларидан бир кун ўтиб, журналистга Самарқанд электр тармоқлари ҳудудий корхонаси раҳбари Ғулом Примов қўнғироқ қилган ва "Ўзбекэнерго" АЖ Самарқандга қўйилган электр таъминотидаги чекловларни олиб ташлаганини ва шаҳарни чироқ билан таъминлашда ҳеч қандай лимит бўлмаслигини билдирган.

Ғулом Примовнинг сўзларидан англашиладики, Самарқандни зулматга ботирган ташкилот Тошкентдаги "ЎзбекЭнерго" акциядорлик жамиятидир.

Эркинлик шабадаси эсаяптими?

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда ҳукумат позициясидан бошқача фикрда бўлган журналистлар ва нашрлар қаттиқ сиқувга олинарди.

Бир неча халқаро ташкилотлар айнан эркин сўзга қўйилган тақиқ ва босимлар туфайли Ўзбекистонда ўз фаолиятитини тўхтатишга мажбур бўлган.

Ўзбек қамоқхоналарида мустақил журналистларнинг маҳкум этилиши халқаро жамоатчилик томонидан танқид қилинади.

Бироқ 2017 йилни "Халқ билан мулоқот йили" дея номлаган ва мулозимларни камералар қаршисида очиқ ва кескин танқид қилиши билан танилаётган Шавкат Мирзиёев даврида ўзбек журналистикасида уйғониш аломатлари кўзга ташланмоқда.

Шу вақтгача асосан рус сайтларидан таржима қилиш билан шуғулланган kun.uz, daryo.uz сайтларида Каримов даврида учратиш амримаҳол бўлган танқидий материалларни кўриш мумкин.

Айниқса, бу борада kun.uz сайти ўқувчиларни ҳайратга солаяпти, дейиш мумкин.

Журналистларга бўлаётган таъқиблардан тортиб, чироқ ва газ муаммолари ушбу сайтда очиқдан очиқ ёзилмоқда.

Ушбу сайтлардаги журналистлар журналистик тадқиқот олиб боришга ўта бошлагани сабаб бир қатор вазирлик ва ташкилотларга хат билан мурожаат қила бошлашди.

Мактабларда металлалом ва бошқа мажбурий йиғди-йиғдилар борасида Меҳнат вазиридан расман жавоб олишга эришишди.

Каримов даврида бу каби ҳолатларни тасаввур қилиш қийин эди.

Кузатувчиларга кўра, ҳозирча, ушбу журналистик сўровлар муаммони тубдан ечишга камлик қилмоқда. Меҳнат вазири ҳам жавоб мактубида, муаммо борлигини тан олмаган ва бу каби "асоссиз" мақолаларни чоп қилишдан огоҳлантирди.

Лекин бу каби огоҳлантиришларга қарамасдан веб сайтлар муаммоларни ёзишдан тўхтаб қолмаяпти.

Nuz.uz, sof.uz ва gazeta.uz сайтлари ҳам анча эркин ва танқидий руҳда ёзишга ўтдики, ўқувчилар олдида танлов пайдо бўла бошлади.

'Баландпарвоз гаплар замони ўтди'

Ҳукуматнинг йил якунларига бағишланган йиғилишида, номаълум шахслар томонидан Шавкат Мирзиёевнинг телевидениеда кўрсатилмаган гаплари Telegram орқали тарқатилди.

Унда амалдорларни аёвсиз танқид қилган Шавкат Мирзиеёев "ҳамма нарсани ўз номи билан аташ вақти келгани"ни айтади.

"Баландпарвоз гаплар, якунда битта вазир чиқиши ва қарсак чалиш замони ўтди. Энди замон кўтармайди, халқимиз ишонмайди", - деган Шавкат Мирзиёев.

Бу каби чиқишлардан сўнг, ҳукумат чизиғидан бир қадам ҳам чиқмайдиган "Ишонч" газетасида Янгийўлнинг 20 йилдан бери таъмирланмай ётган йўллари ҳақида мақола чиқди.

Эътиборга молик жиҳати 20 йилдан бери таъмирланмай ётган йўлга марказий нашрдан илк бора эътибор бўлаётганидир.

Мустақил сайтларда эсаётган эркинлик шабодаси марказий нашрлар, жумладан мамлакатнинг бош ахборот агентлиги ЎзА ёки марказий телевидениеларда ҳозирча кузатилгани йўқ.

Баландпарвоз сарлавҳалар ва мустақиллик берган неъматлар, имкониятларидан сўзловчи мақола ва кўрсатувлар ўрнини ҳаётга яқин материаллар ҳануз эгаллагани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг