"Наҳотки бутун шаҳарни электрсиз қолдириш инсофдан бўлса?"

Сурат манбаси, rtoshpulat.blogspot
Хабарларга кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳақида фармойиш имзолаган.
Мирзиёевнинг сайловолди кампанияси доирасида унга оддий халқ ўзини қийнаётган муаммолар билан мурожаат қилиши учун виртуал қабулхона иш бошлаганди.
Мазкур қабулхонага ўнг минглаб ўзбекистонликлар ёзма мурожаат қилишган. Улар орасида хусусий машина сотиб олишга ёрдам сўраган фуқародан тортиб Ўзбекистонга қайтишга рухсат берилишини илтимос қилган хориждаги мухолифатчилар бор.
Айни мурожаатлар тўлқини афтидан ўзбекистонликларни илҳомлантирган.
Эндиликда Тошкентда чоп этилувчи баъзи интернет нашрлари ҳам ўз муштарийларидан қоғозбозлик, газ ва электр танқислиги каби ижтимоий муаммолар ҳақидаги мурожаатномаларни ўз саҳифаларида босмоқдалар.
Жумладан, кун.уз сайти Сурхондарёдан олингани айтилган мактубни чоп қилар экан, унга иловада "раҳбарларнинг ўз мансабига совуққонлик билан ёндашишлари, сансоларлик, бюрократизм аломатлари сингари иллатлар"ни тилга олган.
"... аҳолини ҳолини тоза ичимлик суви, электр таъминоти ва табиий газ билан таъминлаш сингари вазифалар керак ва зарур вақтида амалга оширилмаяпти. Бунга кимнидир айбдор қилиш бизнинг юмушимиз эмас, зеро халқ вакилларининг ўзи бунга ўз баҳоларини беришмоқда", - дейилади сайтдаги мақолада.
16 декабрда Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Эркинжон Турдимовни Сурхондарё вилоятига янги ҳоким этиб тайинлади.
Турдимов Навоий вилоятини сув, газ ва электр билан нақадар яхши ё ёмон таъминлагани ва эндиликда унинг қўли остида Сурхондарёни қандай қисмат кутаётгани ҳозирча номаълум.
Ҳокимлар алмаштириляпти, аммо қиш мавсумида Ўзбекистон аҳолиси учун энг кескин саналган газ ва электр тақчиллиги муаммоси айнан қандай ечилиши борасида янги маъмурият аниқ дастур ишлаб чиққанича йўқ.
Кун.уз сурхондарёлик муштарийнинг қуйидаги мактубини ўз ўқувчиларига тақдим этди:
"Ассалому алайкум, ҳурматли kun.uz таҳририяти. Мен Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан бўлмиш Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани, Дўстлик маҳалласида яшайман. Бу хатни ёзишимдан мақсад Қумқўрғон тумани, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси электр таъминотисиз қанчалик қийналишаётганини айтиб ўтмоқчиман. Асос шуки, бирор юмуш билан банкка борсангиз, электр токи йўқлиги сабаб одамларнинг, тадбиркорларнинг иши орқага сурилади, соатлаб кутишга тўғри келади. Нафақат мен балки бутун Қумқўрғон халқи шу нарсадан азият чекади. Наҳотки бутун шаҳарни электр токисиз қолдириш инсофдан бўлса? Маҳалла оқсоқоллари ва бошқа мутасадди ташкилот вакилларининг бу ҳолат билан иши йўқ. Чунки бу манзарага ўрганиб қолишган. Шаҳримиз йўллари даҳшатли даражада зимистон. Тошкентдан бирор текшириш келса, фақат шаҳарнинг янги қисмига ёки шаҳар ҳокимяти томонга боради. Шаҳардаги аҳвол билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Маҳаллий аҳоли бу муаммоларни ҳал қилиш учун югуравериб чарчади. Электр таъминоти бўйича тегишли идорага қўнғироқ қилинса, "биз энергияни тежаяпмиз", дейишади. Халқни қоронғуда қолдириб, азоблаб тежашдан нима наф? Энди бир очиқ гапни айтсам, мени бу илтимосимни шаҳар ҳокими эшитмайди ҳам. Чунки у "улуғ инсон"нинг вақти йўқ. Халқнинг дардини эшитмайди. Ахир қаерда бўлса ҳам раҳбар зоти ўз халқи учун фаровон ҳаёт қуриши керак эмасми? Қачонгача бизнинг туманимиз, балки Сурхондарёнинг чекка туманлари нурсизликдан азият чекади? Сурхондарё халқи билан ҳеч кимнинг иши йўқми? Бу гаплар ўз кучини кўрсатмас, аммо Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида яшовчи одамлар ҳеч бўлмаса Қумқўрғондаги ҳолатни билиб оладилар. Ишонаманки, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да бу муаммоларнинг барчаси барҳам топади".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












