Ўзбекистон 27 давлатга визани бекор қилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзо чеккан фармон сайёҳликни ривожлантириш ва мамлакатга кўпроқ меҳмонларни жалб этишни кўзда тутади.
Келаси йил 1 апрелидан эътиборан 27 давлат фуқаролари Ўзбекистонга бир ой муддатга визасиз кела оладилар.
Бу давлатлар: Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония.
Шунингдек, Бельгия, Индонезия, Хитой, Малайзия, АҚШ, Франция, Въетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехия фуқаролари агар 55 ёшга тўлган бўлишса, виза олмасдан Ўзбекистонга сафар қила олишади.
Улар Ўзбекистонга кираётганда 50 АҚШ доллари ҳисобида давлат божи тўлайдилар холос.
Ўтган 2 декабрда имзо чекилган фармонга биноан, виза олиши керак бўлган бошқа давлат фуқаролари учун ҳам жараён анча осонлаштирилган.
Хусусан, барча учун ягона 30 кунлик виза жорий этилади.
Транзит виза бериш амалиётлари соддалаштирилади. Хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонда ишлаш рухсатномаси олиши ҳам енгиллаштирилади.
Айни дамда, нафақат Тошкент, балки Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларидаги халқаро аэропортларда ҳам йўловчиларнинг чегара ва божхонадан ўтиш ҳамда юкларни олиш жараёнлари осонлаштирилади.
Ўзбекистон тарихий шаҳарлар ва қадимий обидаларга бой мамлакат. Шунингдек, транпсорт тизими ҳам яхши шаклланган.
Лекин қоғозбозлик ва виза ҳамда транзит виза олиш қийинлиги, божхоналардаги ақл бовар қилмас шартлар боис Ўзбекистон катта сонда сайёҳларни тортишга анча қийналган.
Минтақада бошқа давлатларга чет эллик сайёҳларнинг кириб-чиқишлари анчадан бери осонлаштирилган.
Қатор Ғарб давлатлари фуқаролари Қирғизистонга 3 ойгача визасиз сафар қилишлари мумкин.
Қозоғистон ҳам аксар Ғарб ва ривожланган Осиё мамлакатлари учун сайёҳлик визаларини бекор қилганига бир йилдан ошмоқда.
Айни дамда, қўшни тожикистонликлар ҳам Ўзбекистон билан ўртадаги виза тизими бекор бўлишидан умидворлар. Ҳозирча Тожикистон учун виза тартиби фақат енгиллаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан, холос.
Туркия ҳам Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб қилмайди, бироқ Ўзбекистон Туркияликлар учун визани бекор қилмаган.
Сўнгги ўзгаришлар манзарасида эса Ўзбекистон балки Туркия ватандошлари учун виза талабини бекор қилиши мумкин, деган хабарлар чиққанди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












