Эрта қиш: Таппи нархи 3 мингга чиқди

Печка

Риштонлик лицей ўқитувчисининг айтишича, Ўзбекистонда ноодатий равишда эрта тушган совуқ кунлари аҳоли "мўъжиза туфайли" кун кечирмоқда.

"Уйда газ бир неча йилдан бери йўқ, ҳозир мана шу онларда свет ҳам йўқ".

Риштонлик ўқитувчининг айтишича, кўп қаватли уйлар, намунали уйларда газ бор, лекин тахминан 70 фоиз шахсий уйларда табиий газ таъминоти тўхтатилган.

"Кимдир ўтин олаяпти, кимдир кўмир. Кўмирнинг бир килограмми 500-600 сўмга чиқди. Бир "Камаз" ўтиннинг нархи 1 ярим миллион сўмдан 2 миллион сўмга қадар. Бир ўқитувчининг маоши 1 миллион сўм атрофида. Хуллас бир қишдан бир амаллаб чиқиш учун ўтин сотиб олишга бу ўқитувчи 2 ойлик маошини емай, ичмай, киймай, бутунлай ишлатиши лозим".

Унга кўра, у ишлаётган лицейда ҳам аҳвол уйдагидек.

"Деярли ҳар куни лицейда чироқ ўчаяпти. Синфхоналарни иситиш учун ўқитувчи ва ўқувчилар пул йиғиб ўтин, кўмир олишга мажбур бўлмоқдалар".

Самарқанд вилоятининг газ етиб бормаган ҳудудларида сайлов арафасида чироқни одатдагидан 1,5 соат кўпроқ беришмоқда экан.

"Олдин эрталаб ва кечки маҳал бир ярим соатдан 3 соат свет берилган бўлса, энди тушлик маҳали ҳам бир ярим соат қўшишди. Сайловдан кейин яна олдингидек бўлса керак", - дейди самарқандлик суҳбатдош.

Бу йил қиш олдингиларидан эртароқ келгани учун Самарқанд туманларига ҳам қор декабр келмасидан тушган. Самарқандликларнинг айтишича, аччиқ совуқ бўлмоқда.

Музлаган сув

"Айни дамда уйни иситиш учун тараша, таппи, тезак ва қийни аралаштириб, навбати билан ёқаяпмиз. Бизда мол-ҳол бўлгани учун ўзимиз ёзи билан жамғарганларимизни ёқаяпмиз. Аммо ҳаммада ҳам мол-қўй йўқ. Улар бошқа ҳамқишлоқларидан сотиб олади", - дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қишлоқда таппи қилиб сотиш бизнеси йўлга қўйилган. Моли кўплар ўз эҳтиёжидан ортган таппи ва қўй қийларини бошқа ҳамқишлоқларига пуллайди.

Энг кичик таппиларнинг биттаси 500 сўмдан бошланади, кейин катталигига қараб нарх ўсиб бораверади. Энг катта таппининг нархи 3000 сўм ёки қора бозордаги курс бўйича 42 центни ташкил қилади.

Таппи

Сурат манбаси, матбуотдан

Бир қоп қўй қийининг қуритилгани 15 минг сўм (2.14 доллар)дан бошланади. Қишлоқларда кўмир ҳам сотилади, аммо унинг нархи таппи ва қийлардан қимматроқ бўлгани учун ҳар ким ҳам олавермайди.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, ишсизлик юқори бўлган қишлоқларда ҳар ким ҳам таппи ва қий сотиб ололмайди. Шундай ҳолатда айримлар дарахтларини кесиб, қишдан чиқади. Баъзи ҳолатларда қишлоқларда ўтин ўғрилари пайдо бўлади.

"Ўғри бўлиб фойда қилиш учун ўғирламайди, муҳтожлар ўғирлайди. Чунки уйни иситишга айримларнинг дарахти ҳам йўқ. Қишдан амаллаб чиқиб олиш учун бировнинг ўтинхонасига тушади. Шунинг учун ҳам ўтинхонага қулф-калит қилиб қўйганман", - дейди самарқандлик турғун.

Аммо ўзи тўқ одамларнинг айримлари газ баллонларни ишлатишга ҳаракат қилмоқда.

"Газ баллон билан иситишга ихтисослашган печкалар чиқди. Баллонни ташқарига қўйилади ва ичкарига шланг билан газ киритилади. Шлангни печкага улайсиз. Битта ёқсангиз уйни бир пасда иситиб ташлайди. Лекин уни ҳамма ҳам ололмайди. Ўзига тўқлар шундай қилаяпти".

Бир неча йилдан бери газ берилмаётган Жиззах вилоятининг айрим туманларида бу йил сайлов арафасида газ берила бошлаган.

"Бир ҳафта олдин неча йилдан бери йўқ газ беришди. Лекин бугун яна ўчириб қўйишибди. Бир жойларни созлашаётган экан. Бу қиш газ бўлади, дейишди",- дейди жиззахлик суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, одамлар қишдан ўз ҳолича чиқишга уринади. Айримлар уйига ўтин ва кўмир билан ёнадиган иситиш тизими ўрнатган, айримлар кўп қаватли хонадонларнинг ичига ўтин билан ёнадиган печка ўрнатган.

"Ҳар йили светни ҳам кўп ўчиришарди. Аммо бу йил нимагадир свет ҳам ўчмаяпти. Одамлар сайлов учун шундай бўлаяпти, деб ўтирибди. Свет бўлса уйни ток печкада иситишади. Лекин свет пули қиммат бўлиб кетмасин деб ўтин печкани ҳам ишлатишади."

Суҳбатдошимизга кўра, атроф пахтазор бўлгани учун бу ерларда ўтин топиш нисбатан осонроқ. Шунинг учун бир эшак арава ўтинни 50 минг сўмга топиш мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг