Шавкат Мирзиёев президент бўлса, нималар қилмоқчи?

Сурат манбаси, COURTESY
Ўзбекистоннинг амалдаги Бош вазири ҳам бўлган мамлакат президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури ўзининг қанчалик кенг қамровли экани билан аллақачон кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортиб улгурган.
Унда сиёсатдан тортиб иқтисод, ҳуқуқдан тортиб, соғлиқни сақлаш тизими ва ҳатто, фармацевтика соҳасини кўзда тутувчи режалар ҳақида сўз боради.
Шавкат Мирзиёев шу йил 4 декбар кунига режаланган Ўзбекистон президент сайловларида беллашажак тўртта номзоддан биттаси бўлади.
Агар, сайловолди дастури тафсилотларига кўз ташланса, жаноб Мирзиёев давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси ролини кучайтирмоқчи. Бундан ташқари, у давлат ва жамият ҳаётида партияларнинг фаоллигини ҳам ошириш ниятида.
Унинг дастурида, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда давлат хизматчилари томонидан сансалорлик ва масъулиятсизлик ҳолатларига бутунлай барҳам бериш учун қатъий кураш олиб боришга ваъда қилинади.
"Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари" концепциясини амалга ошириш устивор вазифа бўлиб қолиши таъкидланади.
Оммавий-ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш режалари тафсилотларига тўхталинади.
Жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсати, айрим жиноят турларини ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказиш, ярашув институтини қўллаш имкониятларини янада кенгайтириш сиёсати давом этдирилиши айтилади.
Сиёсатдан иқтисодга...
Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш масалаларига алоҳида диққат қаратилиши ҳам урғуланади.
Бунинг ортидан қатор ижтимоий-иқтисодий дастурларни ҳам амалга ошириш ваъда қилинади.
Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёдга кўпайтириш асосий ва муҳим вазифа экани айтилади.
Иқтисодиёт таркибида саноат улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурлар амалга оширилиши баён қилинади.
Бундан ташқари, яқин беш йил ичида умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ҳам ваъда қилинади.
Келаси уч йилни мўлжаллаб, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури қабул қилиниши, унга мувофиқ, экин майдонлари оптималлаштирилиши ва пахта экишни босқичма-босқич қисқартириш режаланаётгани ҳам маълум қилинади.
Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, хусусий мулкни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси борлиги ҳақида ҳам тўхтаб ўтилади.
Ва яна...
Буларнинг барчасига қўшимча, яна сайёҳлик соҳасини тараққий топтириш, янги уй-жойлар барпо этиш, ичимлик суви тармоқларини яхшилаш, минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўллар ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш каби қатор режалар хусусида ҳам сўз боради.
Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазирининг номзод ўлароқ кеча сешанба куни эълон қилган сайловолди дастури, бундан ташқари, мамлакат Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аёллар ва кексаларга эътибордан тортиб, ёшларни тарбиялаш масалалари қадар қамраб олади.
Жаноб Мирзиёевнинг дастуридан, ҳатто, фармацевтика саноатини жадаллик билан ривожлантириш масаласи ҳам бир четда қолмаган.
Энг сўнггида хулоса қилинганда эса, танишиб чиққан кишида сайловолди дастури Ўзбекистондаги ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олувчи муаммолар ечими бўйича таклифлар илгари сурилгандек таассурот уйғотмай қолдирмайди.
4 декабр кунги сайловларда Шавкат Мирзиёевдан ташқари "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов ва "Адолат" социал-демократик партиясидан Наримон Мажитович Умаровлар Ўзбекистон президентлиги учун беллашишади.
Қолган номзодлар-чи?..
Куни-кеча ўзининг сайловолди дастурини эълон қилган президентликка номзод Сарвар Отамуратов бошқа кўплари қаторида, "лотин ёзувига тўлиқ ўтиш, ўзбек курашини Олимпиада Ўйинлари рўйхатига киритиш"ни ҳам ваъда қилган.
Наримон Умаров эса, қолган аксарият номзодларники каби умумийлари қаторида, чет эл врачларини Ўзбекистонда жарроҳлик операциялари ўтказишга доимий асосда ишга таклиф қилмоқчи;
Халқаро ташкилотлар томонидан ҳар йили жаҳон бўйича энг илғор деб топилган университетларнинг дипломларини автоматик равишда нострификация қилмоқчи;
Ўзбекистонда ўқитувчилик касби нуфузини оширмоқчи;
Асосий мақсади эса, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш.
Ҳотамжон Кетмонов, ўз навбатида, энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш хусусида сўз юритган.
Ишчи кучи четга чиқиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун ҳар йили қабул қилинадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастури ижросида янгича ёндашувларга ўтишни ҳам ваъда қилганди.
Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурини эълон қилган кунда Ўзбекистон сайлов комиссиясида ишонч телефони ишга тушгани ҳам маълум бўлган.
Аён бўлишича, бу ишонч телефони кечаю кундуз ишлайди ва у Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш чоғида қонун бузилишларининг олдини олиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, улар юзасидан қонунда белгиланган чораларни кўриш ҳамда округ, участка сайлов комиссиялари билан доимий алоқа ўрнатишни таъминлаш мақсадида ишга туширилган.
Бунга қўшимча комиссия матбуот хизмати ўзларининг фуқароларга хизмат кўрсатишни мақсад қилган факс рақами ва электрон почта манзилиги ҳам эълон қилган.
Маҳаллий кузатувчиларнинг алоҳида урғулашларича, бунақаси Ўзбекистон сайловчилик тажрибасида кузатилмаган.
Сайловларнинг ўзи эса, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2 сентябр кунги кутилмаган вафоти ортидан, мамлакат конституциясига мувофиқ чақирилмоқда.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












