'Горбачевдан Нобел мукофоти олиб қўйилсин'

Сурат манбаси, BBC World Service
Озарбайжон парламенти депутати Эътибор Ҳусейнов собиқ СССРнинг илк ва сўнгги президенти Михаил Горбачевни Нобел Тинчлик мукофотидан маҳрум этишларини талаб қилган.
Хабарлардан аён бўлишича, озарбайжонлик депутат бу хусусда Норвегия Нобел қўмитаси, парламенти, Норвегия ва Швеция қиролларига мурожаат этган.
Айни ўринда илова ўрнида шуни айтиш жоизки, бу икки давлат қироллари Нобел мукофотини тақдим этиш маросими чоғида иштирок этишади.
Эътибор Ҳусейновнинг таъкидлашича, Михаил Горбачев СССРнинг ўша пайтдаги раҳбари сифатида Шўро қўшинлари 1990 йилнинг январ ойида Бакуда содир этган ишларга масъулдир.
Ўша пайтда Шўроларга қарши кузатилган исён Шўро қўшинлари томонидан шафқатсизларча бостирилганди.
Шикоят муаллифи, ўз ўрнида, собиқ президент бошқа Шўро Республикаларида юз берган шунга ўхшаш ҳолатларга ҳам жавобгар, деган даъвода.
Депутат Эътибор Ҳусейновнинг таъкидлашича, у "инсониятга қарши жиноятларда айбдор" ва шу туфайли ҳам, Нобел мукофоти соҳиби бўла олмайди.
Исён
Бакуга Шўро қўшинларининг киритилишига Озарбайжон Халқ жабҳасининг республика назоратини ўз қўлига олиш уриниши сабаб бўлгани айтилади.
1989 йилнинг охирларидан бошлаб, жабҳа фаоллари туман котибларини ағдариб, маҳаллий ҳокимиятларни эгаллай бошлашади.
Орадан қисқа вақт ўтмай, уларнинг исёни Бакуга етиб келади.
Мухолифат фаоллари шаҳардаги ҳарбий бўлинмаларни қуршаб олишади, Бакуга кираверишда баррикадалар қуришади.
Озарбайжон компартияси раҳбариятининг истеъфосини талаб қилиб, оммавий митинг ҳам уюштиришади.
Марказий Қўмита биносини забт этишга ҳам ҳаракат қилишади.
Жавоб амали
Бунга жавобан, Михаил Горбачев СССР Олий кенгаши президиуми номидан Бакуда фавқулодда ҳолат эълон қилади.
Қуролли кучларга шаҳарни қуршаб олиш буйруғи берилади.
Ҳарбийлар баррикадаларни бузиб, жабҳа фаолларига қарши боришади.
Айрим хабарларда "исёнчилар"нинг ўточар қуроллар ва "Молотов коктейл"лари билан қуролланган бўлганликлари ҳам айтилади.
Аммо Шўро қўшинларининг ўқларига уларнинг йўлларини тўсишга уринган қуролсиз мухолифат фаоллари ва тасодифан ўша ерда бўлиб қолган оддий одамлар ҳам учишади.
Тўқнашувларда оддий фуқаролар ва ҳарбийлар сонини қўшиб ҳисоблаганда, жаъми 100 дан ортиқ кишининг қурбон бўлгани айтилади.
Михаил Горбачев СССР қулашидан бир йил аввал - 1990 йил охирларида Нобел Тинчлик мукофоти билан мукофотланган.
Ундан кейин ҳали бирор бир собиқ Шўро Республикаси раҳбарига Нобел мукофотини олиш насиб этмаган.












