Тожикистонда Россия бошчилигида йирик ҳарбий машқлар бошланди

Сурат манбаси, Ria Novosti

Унда Россиядан ташқари, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо беш давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва Беларусдан минглаб ҳарбийлар иштирок этишмоқда.

Хабарларга кўра, ташкилот Тезкор кучларининг “Ҳарбмайдон” полигонида бўлиб ўтаётган ҳарбий-ўқув машғулотларига ўнлаб ҳарбий бронетехника ва қирувчи учоқлар ҳам сафарбар этилган.

Пайшанба куни бошланган ва яна бир неча кун давом этиши айтилаётган машқларнинг Тожикистоннинг Афғонистон билан ўзаро чегарасига яқин минтақасида ўтказилаётгани айтилади.

Россия бошчилигидаги йирик ҳарбий-ўқув машғулотлари Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий-шарқий минтақаларида вазият жиддий издан чиқиб бораётган, толиблар ва “Исломий Давлат” жангариларининг ҳужумлари кучайган бир пайтга тўғри келмоқда.

Исёнчиларнинг устма-уст ва давомий ҳужумлари эса, охирги пайтларда Афғонистоннинг, айниқса, Тожикистон билан бевосита чегарадош Бадахшон ва Қундуз вилоятларини ўз забтига олган.

Яқинда Афғонистоннинг айнан Қундуз вилоятида “Исломий Давлат” жангариларининг толиблар билан бир сафда жанг қилишаётгани, ҳамкорликда янада йирик ва замонавий жангларга ҳозирлик кўришаётгани ҳам маълум бўлганди.

Сурат манбаси, Getty

Ўзининг шундоққина биқинида сўнгги ойларда вужудга келган бу каби ҳолат аллақачон Тожикистон ҳукуматининг Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлашга қаратилган жиддий чораларга қўл уришига ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Тожикистон ўтган бир неча куннинг ўзида Афғонистонга бевосита чегарадош минтақаларида иккинчи ҳимоя чизиғини яратган, у ерга бутун мамлакат ҳудудидан катта сондаги мадад кучларини ташлаган.

Маҳаллий журналистларга кўра, Тожикистон ўз мустақиллигини қўлга киритган ўтган чорак аср вақт давомида мамлакат бу каби ҳолатга гувоҳ бўлмаган ва тожик ҳукуматининг Афғонистон билан чегарасидаги сўнгги вазиятдан жиддий хавотирда эканига ҳам далолат қилади.

Афғонистон билан ўзаро чегараларини мустаҳкамлашга қаратилган ғайриодатий чора-тадбирлари манзарасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон яқиндагина қўшимча зарурият пайдо бўлса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва ўз ҳудудларидаги 201-сонли Россия ҳарбий бўлинмасидан ҳам кўмак сўрашларини баён қилганди.

Ўтган ҳафта МДҲга аъзо давлатларнинг Москвада бўлиб ўтган норасмий саммити чоғида эса, тожик раҳбари барча иштирокчиларни Афғонистон билан жанубий чегараларини мустаҳкамлаш учун шошилинч чоралари кўришга ҳам даъват қилганди.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Тезкор кучларининг Россия бошчилигидаги йирик ҳарбий-ўқув машқлари эса, Тожикистон президентининг айни шу чиқишлари ортидан кузатилмоқда.

Хавотирлар

Сурат манбаси, AP

Тожикистон раҳбаридан сал аввал Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош шимолий-шарқий минтақаларидаги вазиятнинг издан чиқиб бораётганидан жиддий хавотир билдирган, афғон ҳукуматини лозим чоралар кўришга ҳам ундаганди.

Аммо афғон ҳукумати томонидан Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги қонли баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланган ва Тожикистон билан бевосита чегарадош Қундуз вилоятига минглаб мадад кучлари ташланганига қарамай, у ердаги вазият ҳануз ўнгланмаган.

Афғонистонлик масъулларнинг ўзлари ҳам жангариларни даф этишлари осон бўлмаётганини эътироф этишганди.

Афғонистоннинг Тожикистонга шундоққина қўшни яна бир вилояти бўлган Бадахшонда эса, ҳозир ўнга яқин туманда исёнчиларнинг фаол эканликлари ва афғон ҳукумати мавжуд вазиятга жадаллик билан эътибор қаратмаса, вилоят толибларнинг қўлига ўтиши мумкинлигига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Устига-устак, Марказий Осиёнинг шундоққина биқинида шаклланаётган бу каби ҳолат Афғонистонни катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан ҳам, афғон можаросига бирор бир ечим топмай тарк этган манзарада кузатилмоқда.

Уларнинг оммавий сафарбарликлари ортидан кечган бор-йўғи бир неча ойнинг ўзида эса, Афғонистонга Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи ҳам сизиб киришга муваффақ бўлган. Гуруҳ Афғонистонда ҳам фаолият олиб боришини кўзлаб, Покистонда минтақада ўзининг янги тармоғига асос солган.

Ҳам Марказий Осиё давлатлари ва ҳам Россия Афғонистондаги вазиятнинг Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан жиддий хавотирда.

Сурат манбаси, EPA

Ўз ўрнида, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг ҳам огоҳлантиришича, агар, халқаро ҳамжамият мамлакатида вужудга келаётган бу каби вазиятдан кўз юмса, бунинг оқибатлари ёмон бўлади.

Халқаро таҳлилчилар эса, “Исломий Давлат” гуруҳининг кириб келиши манзарасида минтақада янги глобал жангари тармоқлар пайдо бўлиши ва улар солажак хавф ҳозиргисидан ҳам жиддий бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси саналувчи “Исломий Давлат” эса, Яқин Шарқдан тортиб, қатор минтақа давлатларини ҳам ўз ичига олувчи ҳудудда глобал исломий халифат қуриш орзусида.

Шу йил бошида Тожикистоннинг ўзи Афғонистон билан чегарасида йирик ҳарбий машқлар уюштирган, унга ўн минглаб ҳарбийларини сафарбар қилганди.

11 май куни эса, Россия Хитой билан ҳам ҳамкорликда Ўрта Ер денгизида қўшма ҳарбий-ўқув машғулотларини бошлаган.

Бошқа томондан, ҳам Тожикистон ва ҳам Ўрта Ер денгизидаги ҳарбий машқлар расмий Кремлнинг Украина инқирози боис Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатларга жиддий путур етган, Нато Россия чегаралари яқинида фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир шароитда бўлиб ўтмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio