Тожикистон: ‘Афғонистон билан чегарада қўшимча ҳимоя чизиғи яратилмоқда’

Сурат манбаси, Getty
Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маҳаллий журналистларга билдирган.
Вазирликнинг сўзлари Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош қатор вилоятлари толибларнинг қонли ҳужумларига саҳна бўлаётган бир вазиятда янграган.
Жумладан, Афғонистоннинг Тожикистон билан шундоққина қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилояти ўтган жума кунидан буён исёнчиларнинг қақшатқич ҳужумларига саҳна бўлиб келади.
Қатор Марказий Осиё давлатлари билан муҳим транзит йўлида жойлашган вилоят Афғонистон Толибон ҳаракати бу йилги баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланган
Минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, бутун Афғонистон бўйлаб ташланган минглаб мадад кучлари ва юздан ортиқ танк билан ҳам Қундуздаги жангариларни даф этиш осон бўлмаётир.
Қундуздаги жанглар манзарасида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон билан ўзаро чегарадаги вазият назорат остида экани, воқеалар ривожини яқиндан кузатиб туришгани ва ҳарбийлари ҳар қандай ҳолатга шай аҳволда туришганини билдирганди.
Иддао

Сурат манбаси, AFP
Аммо ўтган ҳафта охирида Афғонистон томони ўзининг ўзаро чегарадаги шимолий Тахор вилояти Тожикистон ҳудудидан ҳужумга тутилганини иддао қилди.
Агар, тахорлик расмийларнинг даъволарига таянилса, ҳужум - Афғонистон шимоли-шарқидаги нотинч вазиятдан фойдаланиб, чегарадош Хўжаи Ғор ва Имом-Соҳиб туманларидан Тожикистон ҳудудига ноқонуний кесиб ўтган жангариларнинг иши бўлган.
Улар бу жангарилар аксариятининг тожикистонлик эканлигини ҳам иддао этишган.
Афғонистонлик масъулларга кўра, сўнгги ҳужум чоғида Тахор вилоятининг Хўжаи Ғор туманидаги икки полиция назорат нуқтаси исёнчиларнинг ракета ҳужумлари нишонига айланган ва бунинг ортидан келиб чиққан отишмалар бир неча соатга давом этган.
Тахор вилояти ҳокими воизи Суннатилло Тимурнинг Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида айтишича, отишмалар чоғида Афғонистон томони оғир қуролларни ишга солишга мажбур бўлган ва алал-оқибат уларнинг ҳужумларини даф этган.
Аммо, вилоятдаги мухбиримиз Мубин Ғафурийнинг афғонистонлик масъулларнинг сўзларига таяниб хабар беришича, икки ўртадаги отишма бирор бир талофатга сабаб бўлмаган.
Тахор вилояти ҳокими воизининг иддао этишича, ораларида чет элликлари ҳам бўлган жангарилар Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарага яқин чангалзорларидан бошпана топишган ва вақти-вақти билан тунлари ўз ҳудудларини ўққа тутишга уринишмоқда.
Аммо, маҳаллий журналистларга кўра, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги вилоятнинг Хўжаи Ғор туманида юз берган ҳодисага оид хабарларни расман тасдиқламаган.
Тахор вилоятининг Тожикистонга бевосита чегарадош Хўжаи Ғор туманида шу кунларда толиблардан ташқари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг ҳам фаол эканликлари айтилади.
Афғонистонда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари томонидан Толибон тузуми қулатилган 2001 йилга қадар ҳам ушбу туман хорижий жангарилар фаол нуқталардан бири бўлиб келган.
Қўшимча ҳимоя чизиғи

Сурат манбаси, BBC World Service
Ўз ўрнида, таъкидлаш жоиз, вазирликнинг Тожикистон Афғонистон билан ўзаро чегарасида иккинчи ҳимоя чизиғини яратиш қарори Тахордан олинган хабарлардан бор-йўғи бир неча кун ўтиб ўртага чиқмоқда.
Тожикистоннинг қўшни Афғонистон билан давлат чегараси Қундуздан ташқари Тахор вилояти орқали ҳам ўтади.
Душанбедан журналист Искандар Фирузнинг Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига таяниб айтишича, Тожикистон томони Афғонистон билан ўзаро чегарасини янада мустаҳкамлаш учун мамлакатнинг бошқа минтақаларидан ҳам катта сондаги ҳарбийларни жалб этган.
Суҳбатдошимизга кўра, тожикистонлик масъуллар кўраётган бу каби чора-тадбирлар, ўз ўрнида, чегарадаги вазиятнинг ёмонлашаётганига ҳам далолат қилиши мумкин.
Журналист қўлга киритишга муваффақ бўлган баъзи бир маълумотлардан аён бўлишича, жорий пайтда Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош жанубий Хатлон вилоятидаги ҳарбийларнинг сони олти мингдан ортади.
Тожикистон ҳукумати яқиндагина айнан Хатлонда ўн минглаб ҳарбийлари иштирокида йирик ҳарбий машқларга ҳам қўл урганди.
Куни-кеча Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош шимолий-шарқий вилоятларидаги вазият Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам хос баёнот билан чиқишига сабаб бўлган.
Вазирлик мавжуд ҳолатдан жиддий ташвиш билдириб, афғон ҳукуматини мазкур минтақа хавфсизлигини яхшилаш учун лозим чоралар кўришга ҳам ундаганди.
Афғонистон шимолидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон томони ҳам Афғонистон билан ўзаро чегарасини янада мустаҳкамлаш ҳаракатида.
Эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Афғонистоннинг Ўзбекистонга шундоққина қўшни Мозори Шариф шаҳри ҳам толибларнинг қонли ҳужумларига саҳна бўлганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
Skype - bbcuzbekradio












