Афғонистон: Бир амалиётда ўнлаб марказий осиёлик жангари ўлдирилди

Бу ҳақда Афғонистоннинг Тожикистон билан туташ шимолий-шарқий Бадахшон вилояти масъуллари билдиришган.
Маҳаллий мулозимларнинг айтишларича, вилоятнинг биргина Тагоб туманида олиб борилган ҳарбий амалиётлар натижасида йигирмадан ортиқ жангари ҳалок бўлган.
Бу исёнчиларнинг деярли барчаси Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлишган.
Вилоят масъулларига кўра, улар ўзлари олиб бораётган ҳарбий амалиётларга дош бера олишмаган.
Жанг майдонини ташлаб қочишга мажбур бўлишган ва чорасизликдан совуқда қотиб, ҳаётдан кўз юмишган.
Минтақадаги мухбиримиз Мўбин Ғафурийнинг айтишича, бу – Бадахшон вилоятида ўтган яқин йиллар бадалида илк бор бир ҳарбий амалиёт натижасида шунча катта сондаги хорижий жангарининг ҳалок этилиши бўлади.
Маҳаллий масъулларга кўра, бундан ташқари, ҳарбий амалиётлар жараёнида ўндан ортиқ хорижлик исёнчи ҳибсга олинган.
Бадахшон полиция идораси воизининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, қўлга олинганлар орасида ҳам марказий осиёлик аёллар ва болалар бор.
Полиция воизига кўра, улар ўз вилоятларида фаол бўлган чет эллик жангариларнинг оила аъзолари бўлишган.

Эрлари Толибон билан бир сафда жанг қилишса, улар портловчи моддалар ясаш дохил турли исёнчилик амаллари билан шуғулланиб келишган.
Расмийларга кўра, қўлга олинганлар ҳозир Бадахшон вилояти маркази Файзобод шаҳрида сақланмоқда ва бундан кейинги тақдирлари, ҳозирча, маълум эмас.
Сўнгги ҳарбий амалиётнинг икки ҳафта бурун йўлга қўйилгани ва Тагоб туманининг Толибон дохил бошқа исёнчи гуруҳлар фаол бўлган энг нотинч қишлоқларида олиб борилгани айтилади.
Масъуллар амалиётлар чоғида ўнлаб қуролли толибларнинг полиция кучларига таслим бўлишганини ҳам билдиришган.
Тагоб – Бадахшон вилоятининг анчагина беқарор туманларидан бири саналади.
Туман Толибон ҳаракати учун қўшни минтақаларга ўтиб, ўз исёнчилик амалларини бажариш учун оралиқ йўл бўлиб ҳам хизмат қилган.
Вилоят масъулларига кўра, яқиндагина якун топган ҳарбий амалиётлар ортидан Тагоб исёнчилардан буткул тозаланган.
Сўнгги йилларда Афғонистоннинг бошқа қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлари қаторида Бадахшонда ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва “ал-Қоида” жангариларининг фаоллашгани кузатилади.

Бироқ Тагобдаги ҳарбий амалиёт чоғида ҳалок бўлган ва қўлга олинган исёнчиларнинг айнан қайси гуруҳга мансуб эканликлари, ҳозирча, маълум эмас.
Минтақадаги вазиятни яқиндан кузатиб келаётган мухбиримизнинг айтишича, марказий осиёлик бу жангариларнинг Бадахшонга қўшни Покистондан ўтганликлари ва ҳарбий тайёргарликларини ҳам ўша ерда олганликлари ишонилади.
Марказий осиёлик “ал-Қоида” жангариларининг айнан Бадахшонда қўлга олинганликларига оид хабарлар орада кечган йиллар давомида турли ахборот нашрларида ҳам ўз аксини топиб келган.
Аммо, мухбиримизга кўра, айниқса, сўнгги йилларда бу каби хорижий жангариларнинг вилоятда анчайин фаоллашишгани кузатилади.
Афғонистон раҳбарияти эса, яқиндагина Покистон Қуролли кучларининг, йилларки, Толибон, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва “ал-Қоида” тармоғи жангарилари бошпана топиб келаётган Шимолий Вазиристон минтақасида олиб бораётган давомли кенг кўламли ҳарбий амалиётлари аксларига хизмат қилиб, бугун Покистон қолиб, мамлакати турли жангари гуруҳларни ўзига тортувчи марказга айланганидан жиддий хавотир билдирганди.
Яқинда Афғонистоннинг шимолий Сарипул вилоятида исёнчилик фаолияти билан шуғулланган бир қанча ўзбекистонлик аёлнинг борлиги ва унга қўшни Фарёб вилоятида бир нечтасининг қўлга олинганига оид хабарлар ҳам расман ўз тасдиғини топганди.
Ўзбекистонлик бу аёллар портловчи моддалар ясаш, маҳаллий аҳолини урушга тарғиб қилиш ва толиблар билан ҳамкорликда иш юритишда гумон этилишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












