'Толибон сафларида ўзбекистонлик аёллар бор'

Сурат манбаси, Reuters
Бундай даъво билан қўшни Афғонистоннинг шимолий Сарипул вилоятилик масъуллар чиқишган.
Уларнинг айтишларича, бунга жосуслик манбалари далолат қилади:
Яъни, вилоятнинг олис Кўҳистонот туманида 10 нафар ўзбекистонлик аёл мина ясаш ва маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиш билан шуғулланади.
Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизматига ҳам Сарипул вилояти ҳокими муовини ва ҳам полиция воизининг ўзи билдирди.
Яқинда Сарипул вилояти ҳокими ҳам ўндан ортиқ ўзбекистонлик исёнчи ўз ҳудудларида фаолият олиб бораётгани ҳақида айтиб чиққанди.
Аммо толибларнинг ўзлари, ҳозирча, бу хусусда жим: Янграётган иддаолар юзасидан бирор бир изоҳ беришганича йўқ.
Сарипул вилояти ҳокими муовини Абдулғаффор Дастёрнинг айтишича ҳам, бу ҳақдаги жосуслик маълумотини яқинда қўлга киритишган:
Жаноб Дастёрнинг ўзларига имконли бўлган ана шу маълумотларга таяниб маълум қилишича, ўзбекистонлик ўнга яқин оила бундан бир неча ой бурун Кўҳистонда пайдо бўлишган.
"Кўҳистонот туманининг олис Сурфак ва Исматак деб номланувчи қишлоқларига келиб ўрнашишган".
Суҳбатдошимизнинг тахмин этишича, улар Афғонистонга Покистондан келган бўлишлари мумкин.
Вилоят ҳокими муовини, ўз ўрнида, бу оилалар эркакларининг исёнчилар сафларида жанг қилишаётгани эҳтимолини ҳам рад этмайди.
Маҳаллий масъулларнинг ўзлари бу икки қишлоқни толибларнинг маркази сифатида эътироф этишади.

Сурат манбаси, BBC World Service
Уларга кўра, бу қишлоқлар деярли давлат назорати остида эмаслиги сабаб, у ердан юз фоиз ишончли маълумотларни қўлга киритиш қийин.
Сарипул вилояти ҳокими муовини ҳам, худди шу боис, ўзбекистонлик фуқароларнинг сони, ёши, шахси ва кимликлари борасида аниқ тафсилотларни беришнинг имконсиз эканини айтади.
Жаноб Дастёрнинг билдиришича, вилоятнинг бошқа туманларидан, ҳозирча, бу каби хабарларни қўлга киритишмаган.
Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, Кўҳистонот туманини исёнчилардан тозалаш учун яқинда у ерда махсус ҳарбий амалиёт йўлга қўйилган.
Туманга катта сондаги ҳарбийлар ташланган, аллақачон ўнга яқин толиб ўлдирилган, йигирмага яқинига тан жароҳати етказилган.
Уларга кўра, минтақанинг тоғли, устига устак, қиш экани сабаб, амалиётлари узоққа чўзилиши мумкин.

Сурат манбаси, EPA
Вилоят ҳокими муовинининг айтишича, Кўҳистондаги толибларга ҳозир Сарипулнинг бошқа туманлари ва Ғўр, Фарёб каби вилоятларидан ҳам исёнчилар келиб қўшилишган.
Шу боис ҳам, жаноб Дастёрга кўра, тумандаги жангариларнинг сонини фақат тахмин этиш мумкин, яъни қўлларида бўлган маълумотлар бир-биридан фарқ қилади.
Сўнгги йилларда Афғонистоннинг Марказий Осиё чегараларига яқин қатор шимолий вилоятларида толиблар билан бир қаторда уларнинг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг ҳам фаоллашгани кузатилади.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати етакчилари ва аъзолари АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Афғонистондан қўшни Покистонга қочиб ўтишган.
Яқин-яқингача Покистон Толибон ҳаракати раҳнамолиги остида Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келишган.
У ердаги жангариларнинг Афғонистонда қайта фаоллашувига бир томондан хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги, бошқа тарафдан шу йил ёзида Покистон Қуролли кучлари томонидан Вазиристонда йўлга қўйилган кенг кўламли ҳарбий амалиётлар сабаб бўлаётгани айтилади.
Сўнгги йилларда халқаро иттифоқ қўшинлари ва афғон ҳарбийлари ҳам Афғонистоннинг айнан бир қатор шимолий вилоятларида ҳаракат юқори мартабали қўмондонларини қўлга олганликлари ёки ҳалок этганликларини бир эмас, бир неча бор айтиб чиқишганди.
Маҳаллий кузатувчилар, ўз ўрнида, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати шимолий Қундуз вилоятини ўзларининг янги таянч нуқталарига айлантиришганини ҳам иддао этишганди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари эса, яқинда “Исломий Давлат” гуруҳига ўз дастакларини изҳор этаркан, айнан ана шу ҳарбий амалиётлар сабаб, ўзларининг Вазиристон минтақасида ночор аҳволда қолганликларини ҳам илк бор ошкора тан олганди.
Покистон Қуролли кучларининг йирик ҳарбий амалиётларидан бироз аввал эса, айрим маҳаллий таҳлилчилар сўнгги пайтларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари сони яна ортмоқда, деган баҳолар билан чиқишганди.
Улар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларидан янги аъзолар ёллаб, қўшни Афғонистон шимолида фаоллашиш орқали минтақа чегараларига яқинлашишга уринаётгани ҳақида сўз юритишганди.
Покистон Қуролли кучларининг ҳозир ҳам давом этаётган ҳарбий амалиётлари натижасида ҳануз Вазиристонда бўлган ҳаракат аъзоларининг қанчалик жиддий талофат кўрганликлари маълум эмас, раҳбарларининг тақдири ҳам ноаёнлигича қолмоқда.
Аммо ҳарбий доираларда ҳаракат жангариларининг сони бир неча юздан бир неча мингтагача, деб тахмин қилинади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












