Минтақа раҳбарлари нигоҳи Афғонистонга қадалган

Сурат манбаси, Getty
Душанбе шаҳрида ОДКБ ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувида Тожикистон Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлашда ОДКБ ёрдам бермаётганидан шикоят қилган. Туркманистон эса АҚШдан кўмак сўраган.
2 апрел куни Тожикистон пойтахтида Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтган.
Армения, Беларусь, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари 9 май - Ғалаба байрамининг 70 йиллиги муносабати билан ўз баёнотларини эълон қилганлар.
Шунингдек, Афғонистонда юзага келган вазият муносабати билан Марказий Осиёдаги хавфсизлик масаласи муҳокама этилгани хабар қилинган.
Мажлис якунида Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов айтишича, Тожикистон бундан олдин ОДКБ қабул қилган қарор амалга татбиқ этилмаётганини айтган.
Жаноб Аслов сўзларига кўра, Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти Тожикистонга Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлашга ёрдам беришга ваъда берган ва бу ҳақда махсус қарор қабул қилинган.
"Тўғрисини айтиш керак, ушбу масаладаги ҳозирги ҳолат бизни қониқтирмайди. Шунинг учун шерикларимизнинг эътибори давлат раҳбарлари қарорини бажариш бўйича амалий чораларни кўришга қаратилди", деб айтган Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов.
Айни пайтда Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасини қўриқлашда Ўзбекистон ва Россиядан ҳарбийлар кўмак бераётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.
Chronicles of Turkmenistan веб-саҳифаси бу борада маҳаллий яшовчилар сўзларига асосланиб, хабар берган.
Хабарнинг расмий манбаларадан тасдиғи йўқ.
Айни вақтда Туркманистон АҚШдан ҳам ўз чегара ҳудуларидаги беқарорликка қарши курашда ҳарбий ёрдам сўраётганлиги ҳақида хабарлар бор.
Бу борада АҚШ ҳарбийларидаги манба хабар берган.
Афғонистоннинг шимолий ҳудуларида Толиблар, шунингдек, "Исломий Давлат" жангарилари фаоллашганлиги хақидаги хабарлардан сўнг чегара оша таҳдид борасида хавотирлар янграмоқда.
Бу хабарлар нақадар ҳақиқатга яқинлиги ҳақида Би-би-си шарҳловчи Мекан Наврўзов билан суҳбатлашди.












