'Туркманистон Афғонистондан иҳоталанмоқда'

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ғарбдаги нуфузли 'The Diplomat' нашрининг ёзишича, туркман ҳукумати ҳозир Афғонистон билан ўзаро чегарасини мустаҳкамлаш учун мислсиз чораларга қўл урмоқда.

Нашрга кўра, расмий Ашхобод, афтидан, толибларнинг ўз чегарасига яқин ерларда фаоллашаётганидан ташвишда.

Ўз ўрнида эътироф этиш жоиз, сўнгги йилларда Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб каби айрим шимолий вилоятларида ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий ёмонлашгани кузатилади.

Бу ерларда толиблардан ташқари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам ўз фаолиятини қайта жонлантиришга муваффақ бўлган.

Устига устак, воқеаларнинг бу каби ривожи катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари Афғонистонни тарк этаётган бир йилда кузатилмоқда.

Ўтган 13 йиллик саъй-ҳаракатларга қарамасдан, афғон можароси ҳануз буткул барҳам топмаган.

Афғонистон президентлик сайлови билан боғлиқ қарийб олти ойлик инқироз эса, Толибоннинг янада кучайишига хизмат қилган.

Толиблар янги афғон ҳукумати қудратга келган ўтган ярим ой ичида мамлакатнинг исталган бурчагида деярли ҳар куни ўз ҳужумларини уюштиришга муваффақ бўлишмоқда.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати эса, исёнчилар муаммосини тинч йўл билан ҳал этмоқчи. Аммо, ҳозирча, бу хусусдаги режаларини эълон қилганича йўқ.

Сурат манбаси, Getty

Мавжуд вазият сўнгги йилларда қолган Марказий Осиё давлатларининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Бунгача Афғонистонга бевосита чегарадош Тожикистон қолиб, Қирғизистон ҳам ўз чегараларини мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатига тушиб қолишганди.

Улар ушбу масалада Оврўпо Иттифоқидан кўмак сўраган эсалар-да, бу хусусдаги ташвишлари Туркманистонники қадар жиддий тус олмаганди.

Аммо яқинда афғон-туркман чегарасида камида икки қуролли тўқнашув юз берганига оид хабарлар пайдо бўлди.

Шу йил август ойида Туркманистон Афғонистоннинг ғарбий Бодғиз вилоятидан ҳужумга тутилди.

Бир гуруҳ номаълум қуролли шахслар чегарадош ушбу вилоятдан Туркманистон ҳудудига бостириб кирган ва ўзаро отишма чоғида уч туркман чегара қўриқчиси қурбон бўлганди.

Афғонистон ўтган ўттиз йилдан буён қуролли низолар ичида бўлса-да, бу – Туркманистонга қарши уюштирилган биринчи ҳужум сифатида кўрилганди.

Сурат манбаси,

Афғонистон ахборот агентликлари ҳужумчилар Толибон жангарилари экани ҳақида хабар тарқатишганди.

Аммо шу пайтгача Афғонистон Толибон ҳаракати ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб, бирор бир расмий баёнот билан чиққани йўқ.

Ўзаро чегарада юз берган ҳужум тафсилотларини ўрганган афғонистонлик хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи ва минтақадаги Би-би-си мухбирлари эса, туркман чегарачиларини ҳужумга тутган шахслар гиёҳванд моддалар контрабандачилари бўлишганини айтишганди.

Бетараф мавқеи боис, Афғонистон Толибон ҳаракати шу пайтгача бирор бир марта Туркманистон тупроғига дахл қилмагани ҳам бор гап.

Бошқа томондан, Толибон тузуми қудратда бўлган даврда ҳам Туркманистон Афғонистон билан ўз алоқаларини узмаган.

Аммо Туркманистон ҳали илк ҳужум ортиданоқ, Афғонистон билан ғарбий чегараларини бир томонлама ёпишга қарор қилганди.

Бу – илк бор икки давлат ўртасидаги чегаранинг расман ёпилиши бўлганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Туркманистон Афғонистон билан 750 километрга узанган чегарага эга.

Агар, минтақадан имконли бўлган энг сўнгги хабарларга таянилса, туркман ҳукумати ҳозир ана шу чегараларини мустаҳкамлаш учун мислсиз чораларга қўл урмоқда.

Бундан ташқари, яқинда қуролли кучлари Афғонистоннинг биқинида ўз ҳарбий машқларини ўтказгани ва ўзаро чегарада қўшинлари сони оширилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Шу кунларда эса, минтақадан туркман томонининг Афғонистон билан шимолий чегараларининг айрим қисмларини бир неча қаватли тиканли симлар билан тўсиб олаётганига оид хабарлар олинмоқда.

Биз Туркманистон масалаларини яқиндан кузатувчи Тошкентдаги BBC Monitoring хизмати ходими Мекан Наврўзов билан боғланиб, ўзаро чегарадаги вазият аслида ҳам шундайми, деб сўрадик.