“Тожикистон парламентида ҳақиқий мухолифатга ўрин йўқ”

"Сайлов шаффоф ва эркин ўтмаган"

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, "Сайлов шаффоф ва эркин ўтмаган"

Тожикистон мухолифатининг асоси саналган Ислом Уйғониш партияси ўтган якшанба кунги парламент сайловлари шаффоф ва эркин бўлмаганини айтган.

Марказий Осиёдаги ягона, расмий Исломий партия янги парламентда ўрин олмаган.

Ислом Уйғониш партияси ўз баёнотида сайлов натижаларини тан олмаслиги, аммо шикоят қилиш ниятида эмаслигини айтган.

Партия фаолларига кўра, Марказий Сайлов комиссияси ва мамлакатдаги маҳкамалар мустақил эмас ва шикояту арзлардан бирор наф чиқмаслиги тайин.

Ислом Уйғоний партияси ўз аъзолари ва тарафдорларига нисбатан “ босимлар, тазйиқлар ва яккалаш амалларини тўхтатиб, мамлакатни миллий бирлик ва муроса йўлига қайтариш” кераклигини урғулаган.

Мухолифатдаги Социал-демократлар ҳам парламентда ўрин олишга муваффақ бўлмаган.

Президент Эмомали Раҳмоннинг Халқ демократик партияси 63 ўриннинг 51тасини эгаллаган.

Босимлар

Тожикистон Ўзбекистон йўлидан бормоқдами?

Сурат манбаси, president.tj

Сурат тагсўзи, Тожикистон Ўзбекистон йўлидан бормоқдами?

Бу йилги парламент сайловлари кампанияси пайти мухолиф партияларнинг аъзолари ҳамда уларни дастакловчиларга нисбатан босимлар бўлгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида жуда кўп хабарлар эълон қилинди.

Шунингдек, мухолифат номзодларини рўйхатдан ўтказишда кўплаб сунъий тўсиқлар ташкил қилинган, милиция ва хавфсизлик кучлари мухолифат номзодларига турли шаклда босимлар ўтказиб, ўз номзодларини сайловдан, уларнинг кузатувчиларини эса ҳам сайлов комиссиясидан олиб ташлашга мажбурлаганлар.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатув миссияси "полиция аралашуви ва қудратдаги партия кампанияси йўлида давлат ресурсларидан фойдаланилган"ини қайд этган.

Қатор халқаро ташкилотлар Тожикистондаги парламент сайловлари шаффофлик ва эркинлик руҳида кечмаганини айтишган.

МДҲ давлатларидан борган кузатувчилар эса, ҳар галгидай, сайловлар бенуқсон ўтганини даъво қилишган.

Марказий Осиё бўйича айрим мутахассисларга кўра, Тожикистон ўз сиёсий йўлини тобора қўшни Ўзбекистонникига “мослаб” бормоқда.

Ўзбекистонда мустақиллик даврида кечган сайловларнинг ҳеч бири халқаро ҳамжамият томонидан “эркин ва шаффоф” деб тан олинмаган.

Мамлакатда мухолифат ва эркин матбуотга изн берилмайди.

Тарихча ўрнида:

Тожикистон СССРнинг Марказий Осиёдаги Афғонистонга чегарадош, асосан тоғликлардан иборат собиқ республикаси бўлиб, мамлакат Афғон гиёҳванд моддаларининг Россия ва Оврўпога олиб ўтиладиган асосий йўлларидан бири деб кўрилади.

Меҳнатга лайоқатли аҳолисининг аксари хорижда, асосан Россиядаги меҳнат муҳожирларидир.

Тожикистонда Россиянинг энг хориждаги йирик ҳарбий базаси жойлашган, ҳарбий база ҳозирлиги муддати 2042 йилгача узайтирилган.

Аҳолисининг аксари мусулмон.

Бироқ 1992 йилдан буён Президент Имомали Раҳмон бошқаруви остидаги дунёвий давлатдир.

Беш йиллик фуқаролар уруши 1997 йили томонлар ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши билан якун топган эди.

Айни шартномага кўра, Тожикистон мухолифатига ҳукуматдан 30 фоиз ўрин ажратилган, аммо орадан бир неча йил ўтиб мухолифат мутлақо сиқиб чиқарилган эди.

Минтақани кузатиб келаётган мутахассисларга кўра, янги парламентдан эндиликда мухолифатга мутлақо жой бермаслик, президент Эмомали Раҳмон ҳукуматининг ўтган йиллар давомида олган энг қалтис қарорларидан биридир.

Мамлакат иқтисодининг абгорлиги, кенг илдиз отган коррупция, қўшни Афғонистондаги ҳолат ва сўнгги сайлов манзарасида ҳосил бўлган сиёсий зиддият, Тожикистонда шундоқ ҳам қалтис вазиятни издан чиқаришига доир хавотирларни кучайтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02