Тоғли Бадахшон: “Мухолифат ва мустақил номзодларга ҳам ҳукумат ва ҳам ...табиат тўсқинлик қилмоқда”

Тожикистонда 1 март куни парламент сайловлари бўлиб ўтади.
Саккиз сиёсий партия рақобатлашаётган сайлов кампаниясида қудратдаги Халқ демократик фирқаси номзодларига барча шароитлар яратилган, аммо мухолифат, мустақил ва фуқаролик жамияти номзодларининг тарғиботига қаршилик қилинаётгани ҳақида қатор хабарлар урчимоқда.
Сайлов арафасида мухолиф партиялар фаолларига ўзларига нисбатан босимлар кучайганидан нолишмоқда.
Тожикистон Социал-демократик партияси раҳбари Раҳматилло Зойиров сиёсий бирлашиш тарафдорларига нисбатан босимлар ва қонунбузарликлар ўтказилаётгани ҳақида Тожикистон
Марказий Сайлов комиссиясига мурожаат этган.
Бундан олдин Тожикистон Ислом Уйғониш партияси маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан кўп сонли қонунбузарликлар ҳақида маълум қилган.
Айни пайтда мамлакатнинг энг чекка ҳудуди Тоғли Бадахшонда эса мустақил, мухолифат ва ё фуқаролик жамияти томонидан номзодларнинг ташвиқот амалларига ҳам ҳукумат ва ҳам…табиат тўсқинлик қилаётган экан. Би-би-си минтақадаги мустақил журналист Улфатхоним Мамадшо билан боғланиб, ундан Тоғли Бадахшондаги сайловолди вазият ҳақида сўраган.

Улфатхоним Мамадшо: Бу ерда об-ҳаво жуда ҳам ёмон. Ҳозирги пайтда туманлараро транспорт қатнови бутунлай тўхтаб қолган деса ҳам бўлади. Пойтахт Душанбе ва бизнинг минтақа ўртасида алоқани гапирмаса ҳам бўлади. Яқинда пойтахтдан йўлга чиққан машиналар ўртадаги туманларнинг бирида ўн икки кун қолиб кетишган. Бунга қор кўчкилари сабаб бўлган. Аммо ҳукумат вакиллари мустақил ва ё жамоатчилик ташкилотлари номзодларининг тарғибот-ташвиқот амалларига тўсқинлик ҳам қилишмоқда.
Би-би-си: Қанақа тўсқинликлар ҳақида гапирмоқдасиз?
Улфатхоним Мамадшо: Маҳаллий сайлов комиссиялари қонун бўйича уларнинг ўз сайловчилари билан учрашувларига кўмаклашмоғи керак. Барча шароитларни яратиб беришлари керак.
Улар нафақат бу каби амалларга қўл уришмайди. Парламент ва маҳаллий кенгашларга номзодлар эса мана шундай ёмон об-ҳаво вазиятида сайлов тарғиботи учун ўзлари ҳаракат қилишлари керак. Учрашувлар учун ҳам жой масаласи уларнинг зиммаларида қолган... Давлат эса режаланган бир шаклда барчага баробар ёрдам бераётгани йўқ, айниқса жамоатчилик ташкилотлари ва мустақил номзодларга ёрдам кўрсатилмайди...Ҳукуматда ишлаётганлар ва ҳокимиятдаги партия тарафдорлари учун эса барча шароитлар яратилган.
Би-би-си: Ҳокимиятдаги партия деганингизда президент Раҳмоннинг Халқ демократик фирқасини назарда тутмоқдасиз, шундайми?
Улфатхоним Мамадшо: Ҳа, шундай, уларнинг бари Халқ демократик партия вакиллари ва ҳукумат тизимларида ишлашади. Улар учун барча имкониятлар яратилган. Транспорт воситаларидан тортиб, менимча, қандайдир молиявий ёрдамлар ҳам кўрсатилади. Лекин ҳозир яна бир муаммо пайдо бўлган...биласиз, минтақада Тожикистон ҳарбий қўшинлари жойлаштирилган. Уларнинг сони ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо айрим жойларда маҳаллий аҳоли сонига етиб қолган...Бу эса катта муаммога айланган. Масалан, улар парламент сайловларида қатнашиб овоз беришади, бу нормал бир ҳолат. Аммо маҳаллий кенгашларга номзодлар учун овоз бермасликлари керак, чунки вилоят ва шаҳар кенгашлари сайловига аралашмасликлари лозим. Чунки Хатлон ва ё Сўғд вилоятидан келган аскарлар ва зобитлар Тоғли Бадахшоннинг муқим яшовчилари эмас.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












