'Президент партияси йиғинига қатнашсанг ҳам қатнашасан, қатнашмасанг ҳам...'

Душанбе шаҳри яшовчиларини бир неча соат шаҳар марказидаги "Пойтахт" боғига "қамадилар".

22 феврал куни якшанба дам олиш куни эмасми, давлат идора-ташкилотларида ишлайдиган ҳар бир ходимга эрталабки соат 7 яримда "Пойтахт" парки дарвозаси олдида йиғилиш буйруғи берилди.

Сабаби ҳеч кимга тушунтирилмаган.

Эрталаб соат 7 лардан йиғила бошлаган оломоннинг соат 9:30 ларгача ёмғир остида шалаббо бўлиб гап нимадалигини тушуниш учун кутишларига тўғри келди.

Бир пайт йиғилганларга Тожикистон Халқ-Демократик партиясининг сайловолди тарғибот варақаларини тарқата бошладилар.

"Соат 10 да ҳаммани боғ ичига "ҳайдаб олиб кирдилар". Маълум бўлишича, бизни Халқ-Демократик партиясининг тарғиботини тинглаш учун чақиришган экан", дея ўз ғазабини изҳор этган бу тадбир иштирокчилари "Озодагон" ахборот агентлигига.

Ўзларини нима учун бу ерга тўплаганларини англаб етган ҳамда қудратдаги партия варақаларидаги ёзувларни ўқиб чиққан одамлар уйга қайтишга қарор қилганлар.

Бироқ парк эшиклари таққа-тақ ёпиб қўйилган бўлган.

"Эшикларни ёпиб қўйиб, бизга ташқарига чиқишни тақиқлашди. Энди бу биз овоз беришимиз керак бўлган демократиями?", дея савол беришган душанбеликлар.

Тожикистон Халқ-Демократик партияси Президент Имомали Раҳмоннинг қудратдаги партияси ҳисобланади.

Тожикистонда 1 март куни парламент сайловлари мўлжалланган.

Парламентдаги 63 ўрин учун саккиз сиёсий партия курашади.

Сайлов арафасида мухолиф партиялар фаолларига ўзларига нисбатан босимлар кучайганидан шикоят қилганлар.

Тожикистон Социал-Демократик партияси раҳбари Раҳматилло Зойиров сиёсий бирлашиш тарафдорларига нисбатан босимлар ва қонунбузарликлар ўтказилаётгани ҳақида Тожикистон Марказий Сайлов комиссиясига мурожаат этган.

Бундан олдин Тожикистон Ислом Уйғониш партияси маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан кўп сонли қонунбузарликлар ҳақида маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02