"Матбуот эркинлигисиз сайловлар демократик бўлиши мумкин эмас"

Мамлакатда барча ахборот воситалари Эмомали Раҳмон ҳукумати назоратида.
Сурат тагсўзи, Мамлакатда барча ахборот воситалари Эмомали Раҳмон ҳукумати назоратида.

Халқаро "Чегара билмас мухбирлар" Тожикистонда 1-мартда ўтадиган парламент сайловлари олди мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларига босимлардан хавотир билдирган. Ташкилотнинг таъкидлашича, эркин матбуот йўқ экан, сайловлар ҳам демократик бўлмайди.

Тожикистонда 4 миллиондан ортиқ сайловчи 288 номзод орасидаги 63 депутатни сайлаш учун овоз беради. Сайлов кампанияси давомида матбуот эркинлигининг ачинарли аҳволи ҳокимиятда 1992 йилдан буён қолаётган президент Эмомали Раҳмон режимининг ҳақиқий юзини намоён қилади.

"Чегара билмас мухбирлар" нинг 2015 йилги ҳисоботига кўра, Тожикистон матубот эркинлиги бўйича 180 мамлакат орасида 116 ўринни эгаллаган.

Ташкилотининг Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Johann Bihrнинг таъкидлашича, "оммавий ахборот воситалари плюрализми ҳамда ахборотлар ва янгиликларни эркин олиш имкони бўлмаган жойда демократия ҳам бўлиши мумкин эмас".

"Шуни таъкидлаш керакки, Тожикистонда матбуот эркинлиги тобора ёмонлашмоқда, бу ҳолатнинг сайловлар олди кучайгани хавотирларни уйғотади. Биз Тожик ҳукуматини тожикистонлик фуқароларни ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқларини таъминлашга чақирамиз. Биз халқаро ҳамжамиятни Душанбега ўзининг мажбуриятларини эслатиб қўйишни ва демократик шартларнинг бузилишини ҳисобга олишларини сўраймиз", дейди "Чегара билмас мухбирлар".

Сайлов арафасидаги таҳдидлар

"Чегара билмас журналистлар"га кўра, Тожикистондаги бир нечта мустақил журналистлар сайловлар олди бир неча ҳафта давомида хавфсизлик хизматлари томонидан таҳдидлар олганлар.

Уларга электрон почталари ва телефонлари орқали "танқидий мақолалар ёзишни бас қилиш", акс ҳолда ёмон бўлиши ҳақида таҳдидли хабарлар келган.

Бошқа мустақил журналистлар расмий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўзларига қарши кампания боргани, шахсий ҳаётларига дахл қилиш ҳолатлари ҳам мавжудлигини айтганлар.

Давлат телевидениесида намойиш этилган кўрсатувда бир қанча мустақил ахборот ташкилотлари квартира ва ерлик бўлиш эвазига Душанбе ҳокимини қувватлашда айбланганлар.

16 февралда Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари бирлашмаси, Журналистлар иттифоқи ва Тожикистон Оммавий ахборот воситалари кенгашининг қўшма мурожаатида Тожик ҳукуматини "сиёсий мақсадлар учун ахборот воситаларини қўрқитиш, журналистларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилишга чек қўйиш"га чақирган.

Оммавий ахборот воситаларида фикрлар хилма-хиллигисиз сайлов кампанияси зерикарли ва сиёсий рақобатни бир ёқлама қилади. Ҳукумат деярли ҳамма ахборот воситаларини назорат қилади. Мухолифатдаги Исломий партиянинг уч сайловолди чиқиши расман белгиланган студияда ўтказилмаганлиги иддао қилиниб, эфирдан олиб ташланган.

Ахборот агентлиги, радиостанция, телестудияни ўз ичига олган Азия-Плюс медиа гуруҳи Тожикистондаги саноқли мустақил ахборот манбаларидан ҳисобланади. Охирги йилларда Азия-Плюс веб сайтига мамлакат ичкарисида кириш қийинлашган. Ўтган йилнинг баҳорида муҳаррир Олга Тутубалина мамлакат зиёлилар вакилини ҳақорат қилганликда айбдор деб топилган ва 30 минг сомони( 4500 евро) миқдорида жаримага тортилган. Сайлов олдидан мустақил журналистларга кўрсатилаётган бундай ҳаракатлар янада кучайган.

2012 йилдан бошлаб ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларга киришга тўсиқ қўйиш тез-тез кузатила бошланган. 2014 октябридан бошлаб Тожикистонда 200 дан ортиқ веб сайтлар, жумладан Фейсбук, Вконтакте и YouTube тармоғи, шунингдек асосий ахборот манбаълари бўлган Россия ва Марказий Осиё сайтлари икки ҳафта давомида узиб қўйилган.

"24 Гуруҳ" ҳаракати аксилҳукумат намойиш ўтказиш ҳақида эълон қилгач, сайтларга тўсиқ қўйилганди.

Қаттиқ чекловлар телекоммуникация тизимларида ҳам давом этган. Бир неча кун давомида телефон орқали хабарлар юбориш тўхтатилган, Сўғд вилоятида интернет тўлиқ ўчирилган.

Мухолифат олдидаги бундай амалларини ҳукумат мамлакатда беқарорликни келтириб чиқаришнинг олдини олиш билан изоҳлайди.

Ўтган йилнинг июн ойида Торонто университети тадқиқотчичиси Александр Содиқов жосусликда айбланиб, Тоғли Бадахшонда ҳибсга олинган. Александр Содиқов маҳаллий фаоллардан бири Олим Шерзамонов билан учрашувидан сўнг қўлга олинган. Содиқов халқаро ташкилотлар талаби ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши натижасида бир ойдан кейин озод қилинган ва мамлакатдан чиқариб юборилганди.

Тожикистон саноат ва энергетика собиқ вазири, таниқли тадбиркор Зайд Саидов 2013 йилда 26 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Инсон ҳақлари фаоллари Саидов иши сиёсий мазмунда эканлиги, мухолифатга нисбатан Эмомали Раҳмон сиёсатининг бир кўриниши эканини айтганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002