Тожикистон: парламент сайловларида Раҳмон партияси кўп овоз олган

Сурат манбаси, president.tj
Тожикистон Марказий Сайлов Комиссияси 1 март, якшанба куни бўлиб ўтган парламентнинг қуйи палатасига сайловлар дастлабки натижаларини эълон қилган.
Унга кўра, бошқарувдаги Тожикистон Халқ Демократик партияси 65,2 овоз билан ғалаба қозонган.
Марказий Сайлов Комиссияси раиси Шермуҳаммад Шоҳиённинг айтишича, Қишлоқ хўжалик партияси 11,8 фоиз, Иқтисодий ислоҳотлар партияси 7,6 фоиз, Социалистик партия 5,5 фоиз овоз тўплаган.
Бундан ташқари Коммунистик партия 2,3 фоиз, Демократик партия 1,7 фоиз, Ислом Уйғониш партияси 1,5 фоиз, Социалистик партия 0,5 фоиз овоз олган.
Сайлов комиссиясига кўра, яна 30 дан ортиқ сайлов округлари овозлари саналмоқда. Лекин улар энди сайлов натижаларига таъсир кўрсатиши кутилмайди.
Марказий Сайлов Комиссиясининг билдиришича, овоз беришлар эркин, демократик ва фуқароларнинг юқори сиёсий фаоллигида ўтган. Кузатувчилар сайловларда қатор қонунбузарликлар содир этилганини айтишган. Жумладан Социал демократик ва Ислом Уйғониш партияси кузатувчиларга босимлар бўлгани, овозлар қалбакилаштирилгани, сайловлар нодемократик, қонунбузарликлар билан ўтганин қайд этган.
Таҳлилчилар Тожикистондаги сайлов натижалари олдиндан маълум эканини, президент Раҳмон раҳбарлигидаги партия кўп овоз олишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмаслигини айтишганди.
Сайловолди кампанияси давомида асосий тарғибот Халқ Демократик партияси учун ишлаган. Бошқа партиялар ўзларига нисбатан босимлар бўлгани, сайлов тарғиботини ўтказишга кўп ҳолларда имкон берилмаганидан шикоят қилганлар.
Парламентнинг қуйи палатасига 63 депутат сайланади.
Парламентдан ўрин олиш учун 5 фоизлик маррани ўта олган бошқа партиялар ҳам президент Имомали Раҳмонга хайрихоҳ бўлган партиялар. Унга энг катта таҳдид деб кўрилган Исломий Уйғониш партияси эса атиги 1,5 фоиз овоз олгани кутилмаган бўлган. Сайловлар жараёнида сохта овоз бериш ҳоллари қайд қилинган ва бу ҳолларнинг баъзилари ижтимоий тармоқларда тарқатилган.
Исломий Уйгониш сиёсий партияси этакчи Халқ Демократик партиясининг асосий рақиби ҳисобланиб, сайловларда 30 фоиз натижага эришишни кўзлаган эди. Дастлабки натижалар шуни кўрсатадики, Исломий Уйғониш партияси талаб қилинган 5 фоизлик натижага эриша олмагани туфайли 2010 йилдан бери ўз тасарруфида бўлган парламентдаги икки ўринни йўқотмоқда.
Натижалар ҳақида ўз фикрини журналистларга билдирган Исломий Уйгониш партияси раиси Муҳиддин Кабири дастлабки натижаларга ўз норозилигини билдириб ўтган.
Кабирининг фикрича, сайловлар сохталаштирилган ва Исломий Уйгониш партияси бу натижаларни қабул қилмайди. Кеча, мухолиф партия раиси сайлов натижаларини хисоблашда сохталик бўлмаслигига умид билдирган эди.
Ижтимоий тармоқларда нима гап?
Ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган тожикистонликларнинг аксарияти сайлов натижаларидан ҳайрон колмаганларини ва мухолифат мағлубиятини кутганларини айтишган. Улардан баъзилари Исломий партия мағлубиятини Ирокдаги ИШИД кирдикорлари билан боғлаган. Коммунистлар кўрсатган паст натижа эса, интернет фойдаланувчилари наздида, Россиянинг шарқий Украина воқеаларига алоқаси билан боғлик. Яна бошқалари эса мамлакат партияларнинг ўз мустақил овози йўқлигини айтиб сайлов натижалари аслида муҳим эканлигини шубҳа остига олишган.
Фейсбук фойдаланувчиси "жамолиддин сирожиддин" бу хусусда қуйидагиларни айтади: " Баъзиларига ИШИДнинг Сурия ва Ирокдаги ваҳшийликлари учун овоз беришмади, бошқасига эса Россиянинг Украинадаги ваҳшийлиги учун. Барча давлатлардаги комунистик партиялар бир бутунлиги ва улар ҳаммаси Москвага бўйсуниши ва ҳеч қандай чегараларни тан олмасликлари ҳаммага маълум." дейди у.
Маҳаллий ижтимоий тармоқларни кузатиб, аҳолини овоз бериш якунларидан кўра сайлов вақтида электр танқислиги тугатилиб СМС хабарлари ўчириб қўйилгани кўпроқ қизиқтираётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. "кирил кузмин" мобил операторларнинг СМС хабарларни ўчирганини танқид остига олганлардан бири. "Хеч бўлмаса олдиндан огоҳлантиришса бўларди. Истеъмолчиларга бир оми тўдадай муносабатда бўлишади", деб ёзади у.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












