Тожикистонликлар парламент сайловида овоз бердилар

Сурат манбаси, president.tj
Душанбе шаҳридаги мактабда овоз берган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон журналистлар билан мулоқот қилишни истамаган.
1 март куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 6 да Тожикистон бўйлаб сайлов участкалари очилди.
Шу куни мамлакат парламенти қуйи палатаси - Мажлиси Намояндогон ва маҳаллий кенгашлар аъзолари сайланади.
Овоз бериш кечки соат 20 да тўхтатилиши кўзда тутилган.
Тожикистон парламентидаги 63 ўрин учун қарийб 300 номзод рўйхатга олинган.
Марказий Сайлов комиссияси хабар қилишича, бу галги сайловда тўрт миллион 400 минг киши сайлаш ҳуқуқига шахс сифатида рўйхатга олинган.
Сайлов комиссияси 8 сиёсий партия вакилларини номзод сифатида рўйхатдан ўтказган.
Булар - Президент Имомали Раҳмон етакчилигидаги Халқ-Демократик партия, Коммунистик партия, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси, Социал-Демократик партия, Аграр партия, Демократик партия ва Иқтисодий Ислоҳотлар партияси.
Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Абдуманнон Додозоданинг журналистларга эълон қилишича, маҳаллий вақт билан соат 12 гача сайловчиларнинг 48 фоизи овоз бериб бўлганлар.
Мамлакат қонунчилигига биноан, жами сайловчиларнинг 50 фоизи иштирок этса, сайлов бўлиб ўтган деб ҳисобланади.
Мухолифатга босимларга тўла сайловолди кампанияси
Тожикистондаги ушбу парламент сайловолди кампанияси қатор қонун бузилишлари билан кечди.
Мухолиф партиялар ўз номзодларини рўйхатга олдириш жараёнида кўплаб сунъий тўсиқлар қўйилганини, оқибатда қатор ҳудудларда ўз номзодлари маҳаллий сайлов идораларида рўйхатга олинмаганини хабар қилдилар.
Ҳуқуқ-тартибот органлари бошқа турли шаклдаги босимларни ўтказдилар.
Мухолифат номзодларини ва мустақил журналистларни ёмонотлиқ қилиш кампанияси, айниқса, Интернетда авж олди.
1 март кунидаги Тожик сайловлари кўплаб кузатувчи ва таҳлчилчилар, қатор оммавий ахборот воситалари томонидан натижаси олдиндан маълум сайлов, дея таърифланди.
Ушбу сайлов якунида ҳам Президент Раҳмоннинг Халқ-Демократик партияси парламентда кўп ўринга эга бўлади, дея башорат қилинмоқда.
Тожик жамиятида қудратдаги ТХДПга ҳақиқий рақобатни барпо этган партия Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ҳисобланади.
Бу собиқ Шўро республикаларида расман рўйхатдан ўтказилган ягона исломий партиядир.
Шунингдек, Социал-Демократик партия ҳокимият мухолифи деб кўрилади, бироқ Тожик социал-демократлари парламентда ўринга эга эмаслар.
Бошқа партиялар ҳокимиятни очиқдан-очиқ дастаклайдиган "чўнтак партиялари" деб кўрилади.
Тожикистонда сўнгги 20 йилда ўтказилган бирорта сайлов халқаро кузатувчилар томонидан адолатли ва эркин сайлов , деб тан олинмаган.
Президент хавфсизлик важидан журналистлар билан мулоқот қилмади
Жаноб Раҳмон Душанбе шаҳридаги 53-мактабдаги сайлов участкасида овоз берган.
Президент Имомали Раҳмоннинг овоз беришини ёритишга фақат давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари журналистларига рухсат берилган.
Хорижий журналистлар сайлов участкаси ташқарисида қолганлар.
Президент Раҳмон овоз бериб бўлганидан сўнг журналистлар билан мулоқот қилмаган.
Бу хафсизлик важи билан тушунтирилган.
Сўнг матбуот хизмати Президент Имомали Раҳмоннинг овоз бераётган пайтидаги фотосуратларини эълон қилган.
Бу суратда жаноб Раҳмон жилмаймаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












